Жаҳон | 13:00 / 22.09.2022
11616
3 дақиқада ўқилади

АЭХА Украинадаги АЭС бўйича «ҳақиқий музокаралар» бошланганини эълон қилди

АЭХА раҳбари Гросси БМТ Бош ассамблеяси доирасида Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказди. Ҳозирча аниқ натижалар йўқ, бироқ томонлар ҳимоя зонасини яратиш зарурлигини тушуняпти, деди у.

Фото: Reuters

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Россия ва Украина билан Запорижжя атом электр станциясида ҳимоя зонасини яратиш бўйича «реал музокараларни» бошлади. Ташкилот раҳбари Рафаэл Гросси 22 сентябр, чоршанба куни кечқурун Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси умумий муҳокамаси доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба билан учрашувлар ўтказганини маълум қилди

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча аниқ натижага эришилгани йўқ, бироқ унда барча томонлар бундай ҳимоя зонасини яратиш зарурлигига ишонч ҳосил қилганидек таассурот уйғонган. Сўнгги кунларда ЗАЭС атрофидаги вазият кескинлашишда давом этиб, «ўта жиддий хавотир»ни келтириб чиқарар экан, «имкон қадар тезроқ» келишувга эришиш керак, дея қўшимча қилди Гросси. 

АЭХА раҳбари, шунингдек, яқин келажакда яна Украинага, кейин эса Россияга ташриф буюриши ва музокараларни давом эттириши мумкинлигига умид билдирди. 

Европадаги энг йирик атом электр станцияси март ойи бошидан бери Россия қўшинлари назоратида, бироқ украиналик ходимлар унга хизмат кўрсатишда давом этмоқда. Ёзда ЗАЭСдаги вазият кескинлаша бошлади, станция ўққа тутилмоқда, Москва ва Киев бунда бир-бирини айбламоқда. АЭХА миссияси сентябр ойи бошида станцияда бир неча кун бўлди. Объектда иккита мутахассис қолди. 

11 сентябр куни Украинанинг «Энергоатом» миллий атом энергияси ишлаб чиқарувчи компанияси Запорижжя атом электр станцияси иши тўлиқ тўхтатилганини эълон қилди. «Энергоатом»га кўра, олдинги кунларда Россиянинг ўққа тутиши туфайли 6-энергоблок «орол режимида ишлаган» ва фақат ЗАЭСнинг ўз эҳтиёжлари учун жуда паст қувват даражасида хизмат қилган. Кейинчалик АЭХА станцияда захира электр узатиш линияси тикланганини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, бу станция реакторни совитиш учун зарур бўлган электр энергияси ва бошқа муҳим хавфсизлик воситалари билан таъминлаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид