Жаҳон | 13:25 / 26.09.2022
12061
2 дақиқада ўқилади

Россияликлар Қозоғистондан асосан бошқа давлатларга чиқиб кетиш учун фойдаланмоқда — Қозоғистон ИИВ

Сўнгги вақтларда чегаралар орқали Қозоғистон Республикасига кириб келган Россия фуқароларининг катта қисми Қозоғистонда кўп ҳам ушланиб қолмаяпти. Ушланиб қолганлари устидан эса тўлиқ назорат ўрнатилади.

Фото: exk.kz

Бу борада Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция қўмитаси раҳбари вазифасини бажарувчи Аслан Аталиқовнинг сўзларини келтираётган Экспресс К’нинг ёзишича, 2022 йилнинг бошидан буён Қозоғистонга 1,7 миллион россияликлар кириб келиб, уларнинг 1 млн 656 минг нафари мамлакатни тарк этган.

Сўнгги кунларда Қозоғистон Республикасидан 40 минг нафар россияликлар чиқиб кетган. Уларнинг бир қисми қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистонга ўтиб кетган бўлса, бошқа қисми узоқ хориж давлатларига йўл олган.

Оқимнинг бу қадар катталиги Қозоғистон ва Россиянинг қўшни давлат эканлиги, чегарада назорат-ўтказиш пунктлари кўплиги ва Қозоғистоннинг транзит салоҳияти билан тушунтирилади. Россияда авиачипталар тақчиллиги бошлангач, узоқроқ давлатларга релокация қилиш учун россияликлар Қозоғистон аэропортларидан фойдаланишни афзал кўра бошлашган, — деган Аталиқов ИИВ брифингида.

Аталиқовнинг айтишича, россияликлар томонидан истиқомат ҳужжатини олиш учун сўровлар ҳам у қадар кўп эмас. 1 сентябрдан 24 сентябрга қадар 896 нафар хорижлик фуқаро доимий истиқомат ҳужжати учун сўров беришган. Уларнинг 115 нафари россияликлар.

«Хорижликлар устидан назорат чегарани кесиб ўтган ондан бошланади, уларга тегишли маълумотлар ахборот тизимига киритилади. Қабул қилувчи қўшимча томонлар — ҳотеллар, ҳостеллар ва хонадонлар хорижий фуқароларнинг яшаш жойлари ҳақида маълумотлар беришади. Маълумотлар участка нозирларига келиб тушади, улар яшаш жойи ва мақсадини текширишади. Шунингдек, «Участка» номли умумий профилактик тадбир доирасида хорижий фуқаролар устидан назорат ўрнатилади», — дея таъкидлаган Аталиқов.

Унинг қўшимча қилишича, ИИВдан ташқари бу масала билан ўз ваколатлари доирасида Миллий хавфсизлик қўмитаси, МХҚ чегара хизмати ҳамда Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳам шуғулланади.

Аввалроқ Қозоғистонда Россиядан миграция билан боғлиқ хатарлар юзага келганда тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган эди.

Мавзуга оид