Жаҳон | 15:23 / 28.09.2022
12196
2 дақиқада ўқилади

Германия Украинага энг янги IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини етказиб беради

Германия биринчи IRIS-T ҳаво ҳужумидан мудофаа энг янги тизимини октябрь ойида Киевга топширади. Бу ҳақда Германиянинг Украинадаги элчиси Анка Фельдхузен маълум қилди.

Фото: Picture Alliance

«Украинска правда» нашрига берган интервьюсида у иккинчи тизим Украинага жорий йилнинг охиригача, яна иккитаси эса кейинги йилнинг бошида келишини айтди. 

Фельдхузеннинг сўзларига кўра, Берлин ваъда қилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳозирда ишлаб чиқарилмоқда. Элчи етказиб беришдаги кечикишлар сиёсий қарорлар билан эмас, балки IRIS-T ишлаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқлигини таъкидлади. 

Сўнгги бир неча кун ичида Украина мамлакат шимоли-шарқида ҳужум амалиётларини кучайтирди.

Британия разведкаси маълумотларига кўра, Украина бўлинмалари Оскол ва Северский Донеw дарёларидан шарқда камида икки йўналишда аста-секин олға силжимоқда. Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг кундалик брифингида айтилишича, Россия ҳозир аввалгидан ҳам кучлироқ мудофаа чизиғини қурмоқда, бунинг сабаби Украина ҳужуми Россияга қўшилиш бўйича «референдум» якунланган Луҳанск вилоятининг бир қисмига таҳдид солиши мумкин. 

Бундан олдин Украина президенти Володимир Зеленский Украинага ғалаба қозониш учун фақат танклар эмас, кўпроқ нарса кераклигини айтганди.

Унинг сўзларига кўра, зирҳли техника Украина ҳарбийлари учун омон қолиш масаласига айланган ва агар Германия украиналиклар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бермоқчи бўлса, немис сиёсатчилари кўпроқ техника етказиб бериш билан шуғулланиши керак. 

Украина президенти Германияда ишлаб чиқарилган Matador танкка қарши гранатомётларини, Киев Германия канцлери Олаф Шолц «жуда сўраётган» зирҳли машиналарни, шунингдек, Германия томонидан мамлакатга таклиф қилинган IRIS-T ҳаво мудофааси тизимидан кўра кўпроқ «зарар етказувчи қуролларни» назарда тутаётганини тушунтирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид