10:35 / 23.09.2022
12133
Зеленский: Украинага ғалаба қозониш учун фақат танклар эмас, кўпроқ нарса керак

Германия Украинага нафақат танклар, балки зирҳли техника ва танкка қарши қуроллар ҳам етказиб бериши керак, деди Украина президенти.

Фото: AP

Украинага Германиянинг Leopard 2 танкларини етказиб бериш Россия томонидан бошланган урушни тўхтата олмайди, шунинг учун Германия нафақат уларни, балки бошқа қуролларни ҳам юбориши керак. Бу фикрни Володимир Зеленский 21 сентябр, чоршанба куни Германиянинг Bild порталига берган интервьюсида билдирди.

Унинг сўзларига кўра, зирҳли техника Украина ҳарбийлари учун омон қолиш масаласига айланган ва агар Германия украиналиклар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бермоқчи бўлса, немис сиёсатчилари кўпроқ техника етказиб бериш билан шуғулланиши керак. Украина президенти Германияда ишлаб чиқарилган Matador танкка қарши гранатомётларини, Киев Германия канцлери Олаф Шолц «жуда сўраётган» зирҳли машиналарни, шунингдек, Германия томонидан мамлакатга таклиф қилинган IRIS-T ҳаво мудофааси тизимидан кўра кўпроқ «зарар етказувчи қуролларни» назарда тутаётганини тушунтирди. 

Володимир Зеленский шунингдек, Германия Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш масаласида бошқа давлатларга ўрнак бўлиши ва уларнинг қарорларини кутмаслиги кераклигини таъкидлади. «Агар бизга беришни истамасангиз - хафа бўлманг, сиз мустақил давлатсиз - унда берманг. Лекин: «Аввал Америка, кейин Германия, кейин Полша бўлади», деб юрманг. Керак эмас. Ҳар ким ўзи учун жавобгар бўлиши керак», - деди Зеленский. 

Сентябрь ойи ўрталарида Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми муваффақияти фонида, немис мухолифати яна бир бор Украинага Ғарб типидаги танкларни етказиб беришни бошлашини талаб қилди - бу Россия томонидан бошланган урушнинг тугашини яқинлаштириши айтилди. Бироқ, Шолц бу чақириқларга амал қилмади ва Германия бошқа Ғарб давлатлари ўзлари ҳам худди шундай таъминотни тасдиқламагунча, ҳарбий техника етказиб бера олмаслигини айтди. 

Канцлернинг сўзларига кўра, Германия Украинага энг муҳим қурол етказиб берувчилардан бири ҳисобланади ва унга Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар техникаларни топшириб, Киевга Россия агрессиясига қарши урушда қўлланилаётган энг замонавий ускуналарни юборган. Бундан ташқари, фақат Германия, АҚШ ва Буюк Британия Украинага ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ)ни тақдим этди. 

Уруш бошидан бери Полша томонидан 200 дан ортиқ совет типидаги танклар Украинага топширилди, аммо бу у ва Германия ўртасидаги ўзига хос тортишув мавзусига айланди, чунки Германия Украинага юборилган ушбу танклар эвазига мамлакатни замонавий немис танклари билан таъминлашга ваъда берганди. 

Июль ойида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок айланма режимда етказиб беришнинг кечикиши билан боғлиқ танқидларга Германия ҳукумати томонидан Украинага энг йирик қурол етказиб берувчилардан бири бўлган Полшага ваъдаларни бажаришнинг бошқа усулларини излаш билан жавоб беришга ҳаракат қилди. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top