Ўзбекистон | 19:32 / 03.10.2022
22978
8 дақиқада ўқилади

“Меҳмонхоналар деярли тўлиқ банд бўлди, 400 минг сўмлик хоналар 800-900 минг сўмдан сотилмоқда” – россияликлар оқими турар жойга талабни кескин оширди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда азалдан турар жой танқислиги бор. Аҳолиси мунтазам ошиб борувчи давлатимиздаги қурилишлар кўлами ошиб борувчи талабни қондира олмайди. Ижара бозоридаги вазият бундан-да мураккаб. Айни кунларда хориждан, асосан Россиядан келувчилар сонининг кескин ошиши ортидан нафақат ижара уйлар баҳоси, балки меҳмонхоналар нархининг ҳам сезиларли ошиши кузатилди.

Меҳмонхоналарнинг 40-70 фоизгачаси россияликлар томонидан банд қилинган. Бу – бир давлат учун жуда катта кўрсаткич

Айни пайтда меҳмонхоналардаги ҳолат бўйича меҳмонхоналарни бошқаришга ихтисослашган Hotel Pro компанияси асосчиси Дилшод Одилов билан суҳбатлашдик.

– Дилшод, меҳмонхоналарда жой қолмагани ростми?

– 2 ҳафтадан бери Тошкент меҳмонхоналарида жой топиш муаммо бўлиб қолди. Hotel Pro бошқараётган меҳмонхоналарда ҳам 10 октябргача жой йўқ. Booking com платформасида ҳам жой бор меҳмонхоналар кескин камайиб, баъзи кунлари бутун Тошкент бўйича 4-5 та меҳмонхона қолаётганини кузатиш мумкин. Асосан 5-10 кунга брон қилинмоқда. Баъзилар шу муддат ичида квартира топиб чиқиб кетиш ниятида эканликларини айтишмоқда.

– Талаб нархлар ошишини келтириб чиқармадими? Умуман, меҳмонхоналар ўзлари истаган пайтда нархни кўтара оладиларми?

– Талаб табиий равишда нархлар ошишига сабаб бўлди. Авваллари 400 минг сўмдан сотилган хоналар нархи 800-900 минг сўмга чиқиб кетди. 700-800 минг сўмлик меҳмонхоналар эса 1,5 млн сўмдан ортиқ нархда сотиляпти. Баъзи халқаро бренд даражадаги меҳмонхоналар стандарт хоналари қолмагани учун 22-23 миллион сўмга люкс хона таклиф қилмоқда.

Нархларни бошқаришга келсак, фирмалар билан шартномалар одатда бир йиллик тузилади. Уларнинг нархи одатда шу муддатда оширилмайди. Лекин жисмоний шахслар, Booking каби интернет брон тизимларидаги нарх талаб ва таклифдан келиб чиқиб исталган пайт оширилиши ёки туширилиши мумкин. Меҳмон билан ҳали шартнома тузилмаган ҳисобланади, нархни кўриб, маъқул келса яшайди, бўлмаса таклифни қабул қилмайди. Мавсум ўтгандан кейин талаб камаяди ва ўша пайтда нархлар туширилади.

– Айни пайтда меҳмонхоналарнинг тахминан неча фоизи Россиялик меҳмонлар томонидан банд қилинган?

– Меҳмонхоналар даражасига қараб 40-70 фоиз атрофида россияликлар яшаяпти. Бу бир давлатнинг улуши сифатида катта кўрсаткич. Март ойида ҳам 2 ҳафтача шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди. Лекин ҳозиргичалик бўлмаган. Аслида русларнинг улуши бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, фақат меҳмонхоналар тўлиб бўлгани учун бошқа меҳмон олишнинг иложи бўлмаяпти. Уни устига ўзи сентябрь, октябрь ойлари туризм мавсуми ҳисобланади. Одатда бошқа йилларда ҳам бу ойларда хона топиш қийин бўлар эди.

Кўчмас мулк харид қилиш ниятидагилар ҳам кўп, лекин бу осон эмас

Ўзбекистонга келаётганлар орасида узоқ муддатли режалар тузаётган, ижара харажатларини тежаш ва доимий яшаш ҳуқуқини олиш учун кўчмас мулк харид қилишни кўзлаётганлар ҳам талайгина. Бунинг учун қандай қонуний асослар борлигига қизиқиб, “ADVOCA»” Адвокатлик бюроси адвокати Бобир Мукадамов билан боғландик.

– Хорижлик, аниқроғи Россия фуқаролари Ўзбекистондан кўчмас мулк сотиб олишлари мумкинми? Бунинг учун қандай талаблар қўйилган?

– Президентнинг "Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида"ги 2022 йил 8 апрелдаги ПФ-101-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ, 2022 йил 1 майдан бошлаб рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини (ер участкалари бундан мустасно) сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилган:

Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида - қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;

бошқа ҳудудларда - қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 000 АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.

Бунда, мазкур бандда назарда тутилган кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.

– Хориж фуқаролари кўчмас мулк сотиб олиш орқали доимий яшаш учун ариза топширишлари, бундай ҳуқуқни олишлари мумкинми?

– Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 05.01.2019 йилдаги ПФ-5611-сонли Фармонининг 5-бандига мувофиқ,  Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи рўйхати ушбу Фармоннинг 6-иловаси билан тасдиқланган хорижий мамлакатлар (рўйхатда РФ ҳам бор) фуқароларига қуйидаги шартларда берилиши белгиланган:

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида - 300 000 АҚШ доллари (2022 йил 9 апрелгача 400 000 АҚШ доллари эди) эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида - 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;

Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида - 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда кўчмас мулкни сотиб олган тақдирда.

Демак, Россия Федерацияси фуқаролари Ўзбекистонда янги қурилган фонддан (новостройка) энг камида 150 000 АҚШ долларига уй-жой сотиб олишлари мумкин, бироқ бунда уларга доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқи пайдо бўлмайди.

Агар улар Тошкент шаҳри ёки вилоятидан (бошқа ҳудудларда арзонроқ) 300 000 АҚШ долларидан кам бўлмаган нархда хоҳлаган уй-жойни (бирламчи ёки иккиламчи бозордан) сотиб олишса, ушбу фуқароларда Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномасини олиш учун асос пайдо бўлади.

Ушбу гувоҳномани олиш учун кўчмас мулк харид қилган Россия Федерацияси фуқаролари туман ИИО тегишли бўлимларига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Асосан қиммат нархдаги турар жойга талаб ошди

Хўш, кўчмас мулк ижараси бўйича вазият қандай? Бу борадаги саволларга риэлтор Илҳом Ашуров жавоб берди.

– Россияликлар оқими ижарага бўлган талабни ошириб юборгани ҳаммага маълум. Улар асосан қандай кўчмас мулк сўрашяпти?

– Ўзи ижарага бўлган талаб август ойининг охиридан бошлаб кескин кўтарила бошлаганди. Вилоятлардан қайтганлар жойлашиб бўлмай туриб Россияликлар келиши жуда жиддий вазиятни юзага келтирди. Нархлар камида 30 фоизга ошди. Яхшики хорижлик меҳмонлар асосан қиммат нархдаги, яъни 500 доллар ва ундан ортиқ баҳодаги квартираларни банд қилишяпти. Яъни ўзимизнинг қоракўзлар изловчи арзон уйларни олишмаяпти. Лекин барибир умумий талаб ошиши ҳисобига бюджет нархдаги квартиралар нархи ҳам ошган. Қисқа қилиб айтганда бугунги кунда Тошкентда 250-300 долларга ҳар қандай хонадонни топиш мушкул бўлиб қолди.

– Россияликлар билан ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб беринг.

– Шахсан ўзим уларга кўп дуч келмадим. Билганим шуки, улар уй бозорига бизнинг харидорлар каби кўп чиқишмайди, асосан интернет орқали қидиришади. Хонадонда вайфай бўлмаслигини тасаввур қила олишмайди. Кўпчилигида уй ҳайвонлари, асосан мушуклари бор. Шунингдек, уй эгаларининг никоҳ гувоҳномаси (ЗАГС) талаб қилишини ҳам ғайритабиий қабул қилишади.

Лекин умумий олганда уларга Ўзбекистон ёқяпти. Ҳатто ошган нархларда ҳам кўчмас мулк ижараси, егуликлар, хизматлар арзонлигини айтишяпти.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид