Остонадаги саммит доирасида Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида Россия воситачилигида музокаралар ўтказилди. Бу икки давлат чегарасида бир неча йилдан бери тўқнашувлар юз бериб келади, бироқ уларнинг сўнггиси олдингиларидан анча жиддий бўлди. Тобора ўз таъсирини йўқотиб бораётган Россия бу икки давлатни яраштира оладими?

Сўнгги қарама-қаршилик жиддий сабабсиз бошланди ва тезда катта тўқнашувга айланди

«Улар олдин чегара низолари бошланишига қуйидаги сабабларни кўрсатар эди: машина баҳсли ҳудуддан ўтди ва унга тош отишди ёки кимдир аниқланмаган чегара ҳудудида қурилиш бошлади каби. Ҳозир эса бундай сабаблар айтилмади», — дейди Марказий Осиё бўйича мутахассис, сиёсатшунос Аркадий Дубнов.

Тўқнашув 14 сентябр куни Қирғизистондаги Тожикистонга қарашли Ворух анклави атрофида бошланди. Томонлар доимгидек вазият кескинлашувида бир-бирини айблади. Тожикистон расмийларининг айтишича, қирғиз томони «ҳеч қандай асоссиз» уларга қарши ўт очган, қирғизлар иддао қилишича эса, тожиклар баҳсли ҳудудга жойлашиб, уларга қарши провокация уюштирган.

Ҳар икки давлат президенти — ​​Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўша пайтда Самарқандда бўлиб ўтаётган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида эди.

Икки кундан сўнг, икки томон ҳам илгари камдан кам қўлланган оғир ҳарбий техникалар: танклар, миномётлар, артиллерия ва дронлардан фойдаланаётгани маълум бўлди. Тожикистон ҳарбийлари Қирғизистоннинг Боткен вилоятининг маъмурий маркази бўлган Боткен шаҳрини илк марта ўққа тутди.

Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувлар бир неча бор бузилди ва якуний келишувга фақатгина 19 сентябр кунига келиб эришилди. Бир неча кундан сўнг икки томон тез-тез тўқнашувлар содир бўладиган тўртта чегара постини олиб ташлашга келишиб олди.

10 октябр куни Қирғизистон делегацияси чегарани белгилаш бўйича музокаралар ўтказиш учун Душанбега борди.

Сентябрдаги тўқнашув энг қонли чегара можароси бўлди

Ҳалок бўлганларнинг сони аниқ эмас, бироқ камида юз нафардан ортиқ киши қурбон бўлгани маълум. Охирги марта, сентябр ойи охирида Қирғизистон ҳукумати 63 киши, Тожикистон расмийлари – 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Айрим маълумотларга кўра эса, Тожикистон томондан 74 киши ҳалок бўлган. Ҳар икки томондан умумий 300 дан ортиқ одам яраланган.