Жаҳон | 14:49 / 18.10.2022
20130
5 дақиқада ўқилади

Киевга дронлар ҳужуми, Краснодарда самолёт қулаши оқибатлари. Уруш суратлари

17 октябр тонгида Россия қўшинлари камикадзе дронлар орқали Киевга ҳужум уюштирди. Украина ҳукумати бу ҳужумлар РФ мудофаа вазирлиги Эрондан сотиб олаётган учувчисиз учиш аппаратлари орқали амалга оширилганини айтмоқда. Ҳужум оқибатида беш киши ҳалок бўлган, яна 19 киши харобалар остидан чиқариб олинган. Россия Винницкая, Суми, Днепропетровск ва Одесса областларига ҳам зарбалар йўллади. Шу куни кечқурун Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳрида россияликларнинг Су-34 русумли бомбардимончиси қулади. Самолёт турар жой биносига урилган ва портлаб кетган; 13 киши ҳалок бўлди, 20 киши жабрланди. Москва мэри ва Москва области губернатори ҳудудларда «қисман сафарбарлик» якунлангани ҳақида эълон қилди, аммо «Агора» ҳуқуқ ташкилоти уларнинг сўзларига ишонмасликка чақирган.

Қуйида 17 октябр, урушнинг 236-кунида Украина ва Россия ҳудудида олинган асосий суратлар.

Киев бўйлаб дронлар зарбаси

17 октябр тонгида Киев камикадзе дронлар ҳужумига учради. Шевченково районида беш бор портлаш кузатилди. Шаҳарга жами 28 дрон ҳужум уюштирган, уларнинг аксарини украин ҳарбийлари автомат қуроллар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширган.
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA
Киев полицияси офицер учиб ўтаётган дронни нишонга олмоқда. Дронлар ҳужуми вақтида турар жой биноси вайрон бўлди ва энергетика объектлари, жумладан «Укрэнерго» электр энергияси узатиш оператори биноси ва ИЭС шикастланди.
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA
Киевда дронлар ҳужуми вақтида рўй берган портлаш.
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA
Яраланган киевлик аёлга ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ходимлари. Дронлар ҳужуми оқибатида жами 5 киши, жумладан ҳомиладор аёл ҳалок бўлди
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийси ва киевлик аёл ер ости автотураргоҳида
Paula Bronstein / Getty Images
Киевда яшовчи киши портлашдан омон қолгач, йўл бўйида йиғламоқда
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA
Дронлар ҳужумидан кейин Киев марказидаги аҳол​​​​​и ва полициячилар
Sergei Supinsky / AFP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий ҳаво тревогаси овозини тингламоқда
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Ҳужум вақтида вайрон бўлган  турар жойлардан бирида ишлаётган ўт ўчирувчилар
Roman Hrytsyna / AP / Scanpix / LETA
Киев марказида дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлардан бирининг тепасида турган полициячи. Киев мэри Виталий Кличко уриб туширилган дронлардан бирининг қолдиқлари суратини намойиш этди — унда «Герань-2» ёзувини кўриш мумкин. РФ мудофаа вазирлиги Эрондан сотиб олинган Shahed-136 камикадзе дронларига шундай ном берган.
Roman Hrytsyna / AP / Scanpix / LETA

РФ қуролли кучлари самолёти Ейскка қулади 

Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳрида Су-34 қулаши. Фотода портлашга қадар самолётни тарк этишга улгуриб, парашютда қўнаётган учувчи ҳам акс этган. Фото: «Кооператив» телеграм-канали / AP / Scanpix / LETA
Ҳарбий самолёт тўққиз қаватли уй яқинига қулаган ва унинг авиаёнилғиси йирик ёнғин келтириб чиқарган. Олов 556 киши яшаб келган кўп қаватли уйга ўтган. Сўнгги маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлиб, 20 киши жабрланган. РФ ФВВга кўра, яраланганларнинг икки нафари ҳомиладор аёллар. Қутқарувчилар 68 кишини ҳалокат ҳудудидан олиб чиқишган, 360 киши эвакуация қилинган.
Эрик Романенко / ТАСС
Ейскда турар жойлар ёнига тушган ҳарбий самолёт қолдиқлари 
AP / Scanpix / LETA
Ейскда бомбардимончи самолёт қулаган жойда ишлаётган қутқарувчилар
AP / Scanpix / LETA

Зарбаларнинг Украина шаҳарларидаги ҳаётга таъсири 

Харкивликлар қоронғи супермаркетда. 10 октябр кунги ёппасига ўққа тутишдан кейин шаҳарда электр узатишда муаммолар сақланиб қолмоқда. Сўнгги бор шаҳар 18 октябр тонгида ўққа тутилди, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA
Супермаркетдаги харкивлик қутидаги ёзувни ўқиш учун чироқ тутмоқда. 
Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA
Харкив областидаги Коробочкино қишлоғида яшовчи аёл ўтин майдаламоқда, россияликларнинг сўнгги зарбаларидан кейин ушбу аҳоли яшаш манзили электр ва газдан узилган. Коробочкино Харкив шаҳридан 50 километр жануби-шарқда жойлашган.
Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA
Коробочкино қишлоғида яшовчи кекса ёшли аёл ўз уйи атрофида
Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид