17:21 / 24.10.2022
10848

Ўзбекистонда уй-жойга талаб сезиларли ошди – ҳудудларда нархлар қандай?

Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи йил бошидан буён 22,4 фоизга ошган. 1 кв м учун ижара ҳақининг юқори қиймати Шайхонтоҳур (12,5 доллар), Миробод (10,8 доллар) ва Яккасарой (10,8 доллар) туманларида қайд этилган.

Фото: KUN.UZ

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари 2022 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида кўчмас мулк бозоридаги вазиятни таҳлил қилди.

Қайд этилишича, сентябрь ойида Ўзбекистонда рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга (3,7 минг) ошган. Умуман, йил бошидан бери, уй-жой савдосининг ўсиши 9,7 фоизни (195,7 мингта) ташкил этган.

Энг юқори ўсиш суръатлари Қорақалпоғистон Республикаси (50 фоиз), Наманган (50 фоиз), Сирдарё (42 фоиз) ва Жиззах (39 фоиз) вилоятларида (50 фоиз) қайд этилган.

Шу билан бирга, сентябрь ойида август ойига нисбатан кўчмас мулк савдосининг бироз пасайиши кузатилган. Бу асосан ўқув йили бошланиши ва чет эл фуқаролари сонининг сезиларли даражада кўпайиши туфайли ижарага бериладиган уй-жойларга талабнинг ошиши билан боғлиқ.

Тошкент шаҳрида 1 кв м учун ўртача ижара нархи йил бошидан буён 22,4 фоизга ошган.

Уй-жой ижараси нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Олмазор (49 фоиз), Яшнобод (44 фоиз), Сергели (34 фоиз) ва Шайхонтоҳур туманларида (33 фоиз) кузатилган.

Тошкент шаҳрида 1 кв м учун ижара ҳақининг юқори қиймати Шайхонтоҳур (12,5 доллар), Миробод (10,8 доллар) ва Яккасарой (10,8 доллар) туманларида қайд этилди. Нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (6,7 доллар) ва Бектемир (4,6 доллар) туманларида.

Иккиламчи бозорда нархлар ўзгариши

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, сентябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиш суръати ойига 1,1 фоизни ташкил этган.

Наманган (5,9 фоиз), Жиззах (4,5 фоиз) ва Фарғона вилоятларида (4,4фоиз) уй-жой нархи сезиларли даражада қимматлашган.

Қорақалпоғистон Республикаси (4,3 фоиз), Хоразм (1,7 фоиз) ва Қашқадарё вилоятларида (0,4 фоиз) нархлар арзонлашган. 

Йил бошидан бери иккиламчи бозорда 1 кв м учун ўртача уй-жой нархи 8,9 фоизга ошган.

Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв метр учун АҚШ долларида)

Top