Жаҳон | 09:31 / 28.10.2022
3559
3 дақиқада ўқилади

АҚШ миллий мудофаа стратегиясида Россияни «ўткир таҳдид» деб белгилади

Пентагоннинг таъкидлашича, Россия узоқ муддатда Қўшма Штатларга эътироз билдира олмайди ва асосий таҳдид Хитойдан келади.

Фото: Picture Alliance

АҚШнинг янги мудофаа стратегиясида Россия Украинага бостириб кириши фонида «ўткир таҳдид» деб аталди. Ҳужжатнинг янги таҳрири 27 октябр, пайшанба куни Пентагон сайтида эълон қилинди.

«Сўнгги воқеалар Россия томонидан келаётган кескин таҳдидни кўрсатмоқда. Россия ҳукумати қўшниларининг мустақиллигини менсимаган ҳолда, чегараларни ўзгартириш ва империалистик тузумни тиклаш учун куч ишлатишга ҳаракат қилмоқда», дейилади ҳужжатда.

«Хитойдан фарқли ўлароқ, Россия узоқ муддатда АҚШга тизимли равишда эътироз билдира олмайди. Лекин Россия агрессияси бизнинг манфаатларимиз ва қадриятларимизга тўғридан тўғри ва кескин таҳдиддир», - деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин.

Ҳужжатда Россиядан келадиган хавфлар қаторида АҚШнинг ўзига ҳам, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорларига ҳам ядровий таҳдид, узоқ масофага учувчи қанотли ракеталар таҳдиди, кибер ва ахборот таҳдидлари, кимёвий ва биологик қуроллар таҳдиди санаб ўтилган.

АҚШнинг янги мудофаа стратегиясида айтилишича, Хитой «Қўшма Штатларга барча жабҳаларда, ҳарбий, иқтисодий, технологик ва дипломатик жиҳатдан тизимли равишда қаршилик кўрсатиш нияти ва қобилиятига эга ягона рақобатчидир».

Ҳужжатда Хитой «АҚШ миллий хавфсизлигига энг жиддий таҳдид» ва «стратегик рақобатчи» деб аталади. Алоҳида равишда «ХХРнинг тобора кучайиб бораётган провокацион риторикаси ва Тайванга қарши мажбурлов ҳаракатлари» қайд этилган, улар «беқарорлаштирувчи» ва «Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка таҳдид» дейилади.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Хитойнинг «ядро салоҳиятини модернизация қилиш ва кенгайтириш»га эътибор қаратди. «ХХР АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги хавфсизлик иттифоқлари ва шерикликларига путур етказишга ва ўзининг ўсиб бораётган имкониятларидан, жумладан, иқтисодий таъсири ва ҳарбий қудратидан қўшниларини мажбурлаш ва уларнинг манфаатларига таҳдид солиш учун фойдаланишга интилади», дейилади стратегияда.

2030 йилларга келиб, Қўшма Штатлар «тарихида биринчи марта стратегик рақиблар ва потенциал душманлар сифатида иккита йирик ядровий кучга дуч келади», бу «барқарорлик учун янги стресслар ва тўсқинлик, хавфсизлик чоралари, қуролларни назорат қилиш ва хавфларни камайтириш учун янги муаммоларни келтириб чиқаради», дейилади ҳужжатда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид