Жаҳон | 09:08 / 11.11.2022
7732
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияни бозор иқтисодиётига эга давлат мақомидан маҳрум қилди

АҚШ Савдо вазирлиги Россия иқтисодиётига ҳукуматнинг «кенг» аралашуви туфайли энди уни бозор иқтисодиёти деб ҳисобламаслигини эълон қилди. Энди Россияга қарши антидемпинг чораларини жорий этиш осонроқ бўлади.

Фото: John Sonderman / flickr

АҚШ Савдо вазирлиги 10 ноябрь, пайшанба куни Россияни бозор иқтисодиётига эга давлат деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Вазирлик буни Россияда давлатнинг иқтисодиётга «кенг» аралашуви сабаб экани билан изоҳлади.

«Ушбу қарор Қўшма Штатларга Россия ҳукуматининг ўз иқтисодиётига аралашуви кучайиши натижасида юзага келган бозор бузилишларига қарши курашиш учун АҚШнинг антидемпинг қонунларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини беради», — дея Reuters агентлиги АҚШ Савдо вазирлиги сўзларидан иқтибос келтирган.

Бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақоми россиялик экспортчилар учун муҳим эди, чунки бу АҚШ ҳукуматига уларга антидемпинг чораларини, хусусан божларни қўллашни қийинлаштираётганди. Иқтисодиёти Вашингтон томонидан бозор иқтисодиёти деб тан олинган давлат, унинг экспорти учун нархлар бозор тамойиллари асосида белгиланиши ва шунинг учун демпинг эмаслигини исботлаш орқали қарши чоралар қўлланилишига эътироз билдириши мумкин.

Қўшма Штатлар Россияни бозор иқтисодиётига эга давлат сифатида 2002 йилда тан олган. Бу орадан 10 йил ўтиб Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши йўлидаги муҳим қадам бўлди.

2021 йилда АҚШ Савдо вазирлиги Россияни бозор иқтисодиётига эга мамлакат мақомидан маҳрум қилиш ғоясини кўриб чиққанди. Бироқ, ўшанда бундай қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинди.

Март ойида Европа Иттифоқи Россияни ЖСТ доирасида энг қулай давлат сифатидаги савдо мақомидан маҳрум қилди - бу чора Украинага қарши уруши учун Россияга қарши Брюссел санкцияларининг тўртинчи босқичига киритилган эди. Европа давлатлари энди Россия товарларига юқори тарифлар жорий этиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид