Ахборот сиёсатидан ижтимоий соҳагача: Саида Мирзиёева муҳим лавозимда иш бошлади
Президент администрациясининг таркиби ёш ва ижобий имижга эга кадрлар билан бойишда давом этяпти. Бу даргоҳда очиқлик сиёсатининг залворли вакили – Саида Мирзиёеванинг пайдо бўлиши бу борадаги ислоҳотлар бардавом бўлишидан дарак беради. Қолаверса, у ижтимоий соҳа, маданият ва таълимдаги ислоҳотларнинг боришини ҳам назорат қиладиган бўлди.
Навбатдаги тайинлов кўпчиликнинг диққатини тортди – давлат раҳбарининг фармойиши билан Саида Мирзиёева Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири лавозимига тайинланди. Шунингдек, у ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилади.
Умуман, Саида Мирзиёеванинг катта саҳнага чиқиб келишидан бошлаб асосий фаолияти сўз эркинлигини таъминлаш ва очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўлгани эътиборга молик. Бу энг юқори доирада ахборот сиёсатига жиддий эътибор қаратилаётганини яна бир бор кўрсатади ҳамда мазкур масала доимий рағбатлантирилишини билдиради.
Саида Мирзиёеванинг фаолияти таҳлил қилинса, у энг шов-шувли масалаларда халқчил позицияда тургани, диққат марказидаги муаммолар бўйича қонунларга таянгани, мутасаддиларни ҳамиша босиқлик ва шу билан бирга қатъият ила ҳаракатларга чорлаганини кўриш мумкин.
Бунга мисоллар жуда кўп – аёлларга нисбатан зўравонликлар, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, болалар ҳуқуқларининг топталиши каби муаммоларда унинг овози огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграган.
Президентнинг тўнғич қизи гендер тенглик, илм-фан, маданият, таълим, спорт, тиббиёт ва бошқа қатор йўналишлардаги лойиҳаларда фаол иштирок этади ҳамда Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келади.
Кўзи ожиз болалар учун “Кўнгил кўзи” лойиҳаси, “Заковат” дастурининг умуммиллий интеллектуал турнир даражасига кўтарилишида ҳам Саида Мирзиёеванинг ўрни катта.
Лекин кенг қамровли фаолият орасида барибир сўз эркинлиги асосий линиялигича қолмоқда. У ва Комил Алламжонов ҳамкорлиги АОКА номли йирик ташкилот фаолиятининг асосларини яратиб берди. Бунинг натижасида давлат органларининг очиқлиги ва журналистлар билан мулоқоти янги даражага чиқди.
Президент администрацияси раҳбарлигига Сардор Умрзоқов тайинланиши ортидан жиддий ўзгаришлар кузатилган эди. Энди бу даргоҳда очиқлик сиёсатининг залворли вакили пайдо бўлиши ва унга қўшимча йўналишларда ҳам вазифалар юкланиши, Мирзиёеванинг ҳозирга қадар яратган ижобий имижидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ислоҳотларнинг давом этишига янги туртки бўла олади.
Таъкидлаш ўринлики, янги мулозимга юкланган коммуникациялар ва ахборот сиёсати, ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларида қилинадиган ишлар, кутаётган ислоҳотлар ҳали кўп. Шундай экан, медиа соҳасидан ташқари бошқа йўналишларда ҳам ижобий натижаларни ҳали олдинда дея яхши умид боғлашга асослар бор.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
07:03 / 16.11.2024
Саида Мирзиёева талабалар билан учрашди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
18:37 / 30.10.2024
Саида Мирзиёева Fashion Trust Arabia тақдирлаш маросимида иштирок этди
20:53 / 28.10.2024