Ўзбекистон | 20:26 / 17.11.2022
9568
3 дақиқада ўқилади

Сенат сайтига бузиб кирганлар уч йилгача қамалиши мумкин

2 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати сайтига ҳужум уюштирган ҳакерларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Судда улар айбдор деб топилган тақдирда ҳакерлар уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Фото: Видеодан кадр

Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан шу йил 2 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати расмий сайтига киберҳужум уюштирган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 278-2-моддаси 2-қисми «а» банди (Компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, терговга қадар текширув вақтида Норин тумани Улуғбек кўчасида яшовчи вояга етмаган 16 ёшли М.Б. бошқалар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб Сенат сайти ҳамда бошқа сайтларга киберҳужумлар амалга оширишгани аниқланган.

Жиноят кодексининг 278-2-моддаси 2-қисми «а» бандида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима; бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрдаги киберҳужум натижасида Олий Мажлис Сенатининг расмий сайтига кириш бир муддат имконсиз бўлиб қолганди.

Бу вақтда сайтда “Киберхавфсизлик марказига саломлар” ҳамда “сизнинг тизимингиз [ҳакерлар гуруҳининг логотипи] томонидан бузиб кирилди” деган ёзув кўриниб турди.

Сенатнинг Telegram’даги расмий каналида ҳакерлар ҳужуми туфайли Senat.uz сайтининг иш қобилияти бузилгани, айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

Senat.uz сайтига кирмоқчи бўлганлар субдоменга йўналтирилганди. Танзила Норбоеванинг матбуот котиби Ҳожиакбар Тўлаганов ушбу субдомен Сенатнинг янгича дизайндаги сайти экани, киберҳужум ортидан тест режимидаги сайт вақтинча ишга тушириб қўйилганини маълум қилди.

5 ноябрь куни MY5 телеканали Олий Мажлис Сенати сайтига киберҳужум уюштирганлар 6 киши бўлиб, уларнинг барчаси 14 ёшдаги ўсмирлар экани ҳақида хабар тарқатди. Телеканалга интервью берган ва ўзини MarshGolden етакчиси деб таништирган шахс бунгача ҳам бир неча давлат органлари сайтларига, жумладан, Kundalik.com сайтига ҳам бузиб киришганини айтганди.

Киберхавфсизлик маркази MY5 телеканали томонидан илгари сурилган версияни инкор этиб чиққанди. Марказ томонидан тарқатилган видеода MY5 канали ёлғон маълумот тарқатишда айбланади. Таъкидланишича, Сенат расмий сайтига киберҳужум уюштирган ҳақиқий ҳакер Наманган вилоятининг Норин туманида яшайди ва у 3 ноябрь куни ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

MY5 телеканали Киберхавфсизлик маркази томонидан эълон қилинган видеодан сўнг жамоатчиликда туғилаётган саволлар юзасидан изоҳ билдириб, ёлғон ахборот тарқатмаганини маълум қилганди.

Мавзуга оид