Жаҳон | 20:56 / 07.12.2022
6947
2 дақиқада ўқилади

Путин уруш ҳудудида дезертирлик ҳолатлари кам эканини айтди 

Унинг сўзларига кўра, Украинадаги урушда россиялик ҳарбийларнинг хизматдан қочиш ҳолатлари оммавий эмас. 

Фото: kremlin.ru

Россиянинг Украинадаги жанговар амалиётлари ҳудудида ҳарбийлар томонидан ўз позициясини оммавий равишда ташлаб кетиш ҳолатлари йўқ, деб ҳисоблайди Россия президенти Владимир Путин. Унинг сўзларига кўра, дезертирлик ҳолатлари «жуда кам». 

«Бизда бундай ҳолатлар (дезертирларни қатл этиш) йўқ, бизда ҳатто (дезертирлар учун) лагерлар, зоналар ёки шунга ўхшаш жойлар ҳам йўқ», — деди Путин Фуқаролик жамиятини ривожлантириш Кенгаши аъзолари билан учрашувда. 

Президент Украина Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчиларни гўё «омма олдида, саф қилиб қатл этиш» ҳолатлари борлиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда Владимир Путин 25 ноябр куни Украинадаги жангчиларнинг оналари билан учрашувда ҳам эслаб ўтган эди. Путин бундай маълумотларни «бизнинг йигитлар етказяпти» деди. 

6 декабр куни Новошахтинскда 38 ёшли эркак полициячиларга қуролли ҳужум қилди. Полициячилардан бири жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди. Оммавий ахборот воситаларида гумонланувчи дезертир бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ҳибсга олинган шахснинг ўз компаниясига тегишли ёки йўқлигини текширишга ваъда берди. 

Мавзуга оид