Жаҳон | 17:01 / 09.12.2022
21972
6 дақиқада ўқилади

Лимандаги кўнгиллилар батальони ва Лвивдаги қўл-оёқсиз қолган жангчилар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 288-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • Украина қуролли кучлари ҳарбийлари Херсон, Черкасс, Житомир ва Волинск областларидаги Украина православ черкови ибодатхоналарида текширув ўтказмоқда. Махсус хизматлар маълумотларига кўра, бундай жойларда «тажовузкор давлат ҳаққига дуо матнлари», пропаганда адабиётлари ва роҳибларга берилган Россия паспортлари топилган.
  • Россия ва АҚШ маҳкумлар алмашинувини ўтказди. Америкалик баскетболчи Бритни Грайнерни россиялик қурол савдогари Виктор Бутга алмашишди.
  • Путин россияликларнинг Украина энергетика объектларига зарбалари украин кучларининг ҳаракатлари, жумладан Қрим кўпригидаги портлашга жавоб эканини таъкидлади.
  • «Нафтогаз» компаниясида хабар қилишларича, Россиянинг Украина бўйлаб сўнгги ракета зарбалари оқибатида 350 та газ объектлари шикастланган.
  • CNN маълумотига кўра, Украина ҳукумати АҚШдан украин армиясига 100 дан ортиқ мамлакатда тақиқланган кассетали ўқ-дорилар беришни сўраган. Россия, Украина ва АҚШ бу борадаги конвенцияни имзоламаган.

Қуйида 8 декабр куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар:

Лиманда украин кўнгиллилари батальони

Украинанинг «Карпатская Сечь» батальони ҳарбий хизматчилари зирҳли транспортёрда Донецк областининг Лиман райони бўйлаб ҳаракатланмоқда. Деярли барча бинолари россияликлар ҳужумларидан шикастланган ва яксон этилган Лиман шаҳри октябр ойи бошида Украина назоратига ўтганди.
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA
«Карпатская Сечь» — кўнгиллилар батальони бўлиб, 2015 йилда Украина қуролли кучлари таркибига кирган. Тузилма Россия билан кенг кўламли урушда қатнашиб келмоқда, жумладан Лиман шаҳри учун олиб борилган жангларда иштирок этган.
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA
«Карпатская сечь»нинг Лиман атрофидаги позицияда танкда ўтирган ҳарбийси
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA
«Карпатская сечь» жангчиси Россиянинг Лиманга ҳужуми давом этаётган маҳалда фронт чизиғи яқинидаги позицияда дам олмоқда
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA

Лвив областида қўл ёки оёғини йўқотган жангчиларнинг тикланиш жараёни 

30 ёшли украиналик ҳарбий хизматчи Володимир жанглар вақтида оёғини йўқотган. У кўплаб бошқа ярадор ҳарбийлар каби Лвив областидаги махсус марказда тикланиш жараёнини ўтамоқда. Суратдаги бошқа ҳарбий аллақачон замонавий бионик протезга эга бўлган.
Mykola Tys / AP / Scanpix / LETA
Лвив областида «Несломленные» Миллий реабилитация маркази украин ҳарбийлари ва оддий аҳоли вакилларини даволайди, жумладан, кесилган қўл ёки оёқ ўрнига протезлар қўйиб беради. Фотода — оёғини йўқотган украин ҳарбий хизматчиси.
Mykola Tys / AP / Scanpix / LETA
Россияликлар билан жанглар вақтида украиналик 39 ёшли аскар Роман қўлларидан айрилган. Энди у ҳам Лвив областида реабилитация жараёнини ўтамоқда. Фото: Mykola Tys / AP / Scanpix / LETA
Украиналик 27 ёшли аскар Дмитро ҳамшира ёрдамида ўзининг янги бионик протезларида ҳаракатланишни ўрганмоқда — фронтда у икки оёғини йўқотган. Фото: Mykola Tys / AP / Scanpix / LETA

Киевдаги болалар ҳоспитали

 

Киевдаги «Охматдет» шифохонасида янги туғилган чақалоқлар учун интенсив терапия бўлими. Зарба тўлқинидан ҳимоялаш учун деразалар қум тўлдирилган қоплар билан тўсиб қўйилган. Ҳозирда бунга зарурат бор, чунки Россия доимий равишда Украинанинг турли ҳудудлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари бермоқда ва одамларни ўлдириб, муҳим инфратузилмаларни вайрон қилиб, оддий аҳолини ток, сув ва иссиқликдан маҳрум этмоқда. Фото: Jeff J Mitchell / Getty Images

 

Киевдаги «Охматдет» шифохонасида  ҳамшира ва янги туғилган чақалоқнинг онаси
Jeff J Mitchell / Getty Images
Уруш даври қийинчиликларига қарамай ишлашда давом этаётган Киевдаги «Охматдет» шифохонаси пациенти — 14 ёшли Вероника. У буйрак етишмовчилигидан даволанмоқда
Jeff J Mitchell / Getty Images
Украинадаги уруш аломатларидан бири — тиббий муассасалар эҳтиёжи учун кўнгиллилар ёппасига қон топширишади
Jeff J Mitchell / Getty Images
Киев шифохонасида қон топшираётган украинлар
Jeff J Mitchell / Getty Images

Украина қуролли кучларининг Бахмутдаги позицияси

Россия қўшини май ойидан буён Донецк областидаги Бахмут шаҳри устидан назоратни қўлга киритишга уринмоқда — транспорт тугунида жойлашган бу шаҳар ушбу йўналишда россияликларнинг асосий мақсадига айланган. Украинлар ҳужумларни қайтармоқда; икки томон ҳам — Россия ва Украина — ҳар куни оғир йўқотишларга учрамоқда. Бахмутнинг ўзи қисман вайрон бўлган, шаҳарда асосан кекса ёшли кишилар қолишган. 

Украиналик ҳарбий Бахмутдаги ертўлалардан бирида соқчилик қилмоқда
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украиналик аскар (чапда) Бахмутдаги фронт линиясидаги ертўлада винтовкасини тозаламоқда
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украиналик ҳарбий хизматчилар жанглар орасидаги қисқа муддатли танаффус чоғида Бахмутдаги ертўлалардан бирида ҳордиқ чиқармоқда
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Бахмутдаги фронт чизиғи узра кўтарилган тутун
Narciso Contreras / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид