Жаҳон | 22:15 / 14.12.2022
34379
14 дақиқада ўқилади

«Мен ғалабамизгача президент бўламан. Уёғини ҳали ўйлаганим йўқ» — Зеленский

Фото: Netflix

2022 йил октябрида Украина президенти Володимир Зеленский америкалик комик ва телебошловчи Дэвид Леттерманнинг Netflix тармоғидаги «Навбатдаги меҳмоним» (My Next Guest) шоусига интервю берди. Суҳбат метрода — Литтерманнинг таърифи бўйича Киевдаги энг хавфсиз жойда бўлиб ўтган ҳамда дам «Майдан Незалежности» бекатидан ўтаётган поездлар, дам ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сирена овозлари билан бўлиниб турган.

Суҳбатнинг иккинчи қисми бир неча ҳафта ўтгач масофадан туриб давом эттирилган. Зеленский Киевда қолган, Леттерман эса Ню-Йоркка борган. «Медуза» Украина президенти Леттерманга нималар деганини ихчам ҳолга келтирди.

Урушга одатланиш ҳақида

[Украина байроғи] — бу икки ранг, осмон ва ерни билдиради. Бу бизнинг еримиз, бизнинг нонимиз ва осмонимиз. Мен учун мовий ранг — ҳаёт ранги, кенглик ва эркинлик тимсоли. Шу сабабли бу байроқда самолётлар ҳам, ракеталар ҳам, ёнар ўқлар тасвири ҳам йўқ. Мен учун бу икки ранг — ўзим туғилган, унинг учун жанг қилаётган мамлакат рангидир. Сиренани эшитяпсизми? (Шу пайт ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сирена овози тобора қаттиқ янграй бошлади).

Таассуфки, уруш биз учун одатга айланди. «Таассуфки» деяётганимга сабаб, уруш кундалик турмуш тарзига айланмаслиги керак. Бироқ биз сиреналарга шунчалик кўникиб қолдикки, баъзан унга эътибор ҳам бермаймиз, ертўла, бомбапана излаб ё метрога — хавфсизроқ жойга югурмаймиз. Мени учун сирена — уруш ҳали тугамаганини билдирувчи белги.

Аввалига Киев ва област озод қилинганда кўтаринки кайфият ҳам бўлди, гўёки уруш тугагандек. Лекин урушнинг тугамаганига сабаб қўшнинг, яқин инсонинг ёки қариндошингни ўлдиришмаётгани эмас, қаердадир бизнинг аскарларимиз жон таслим қилаётганида. Бу қаердадир кимдир сенинг жонинг учун ўз жонидан воз кечаётганини билдириб турувчи эслатма.

Украина гўёки мавжуд эмас, дейдиган Кремл пропагандаси ҳақида

Бу босқинчиликни оқлаш учун ишлатиладиган тоза нарратив. Бу Россиянинг амалдаги президенти, унинг ён-атрофидагиларнинг шунчаки сиёсати. Улар ушбу нарративни атайлаб шиширишади ва ўз жамиятига едиришади.

Ростини тан оламан, афсуски, булар уни уддалашди: ўз жамиятини маҳв этиб, одамларнинг миясини ювишди. Улар одамларни ишонтиришга, уларни ахборот пуфаги ичига қамашга муваффақ бўлишди. [Улар учун] украиналиклар мавжуд эмас, Украина гўёки қандайдир кичик бир бўлак ва четда жойлашган: «Украиналикларнинг на тили, на маданий мероси, на тарихи бор — ҳеч вақоси йўқ. Ўзларида бор бўлган барча нарсани улар совет иттифоқи парчалангач биздан юлиб олишган. Лекин улар биздан фақат вақтинчалик ажралиб чиқишган».

Жуда жўн-а? Лекин ҳаммаси ўзгариб биз ғалаба қозонганимизда, уларнинг ўзлари ҳам буни тезда тушуниб етишига гувоҳ бўласиз.

Уруш украиналикларни ўзгартираётгани ҳақида

Мен бизни уруш ўзгартирмоқда, деб ўйламайман. Бироқ буни фақат уруш тугаганидан сўнг англаб етишимиз мумкин. Шунчаки у бизни кун кечиришнинг бошқача шароити билан рўпара қилмоқда. Бу шароитларда одам ё инсонлигича қолади, ё махлуқ, террорчи, босқинчи, золимга айланади. Мен буларнинг барчасини кўрдим. Биз барчамиз Россия оккупацияси оқибатларини кўрдик.

Уруш — бу танлов. Мураккаб танлов. Сенда кунига сенинг [ўтмишдаги] ҳаётингни парчалаган душманга нисбатан нафрат қуйилиб келади. Лекин бу нафратни тийиб туришга тўғри келади, чунки қаршингдаги душман бўлишига қарамасдан, маълум қоидалар бўйича урушиш лозим. Инсон бўлиб қолиш шарт. Уруш бошланганидан буён оддий нарсаларни сева бошладим: болалар, ҳаёт, тонгни. Сиреналар ҳам йўқ. Сокинлик. Сокинлик — бу жуда муҳим сўз.

Зеленский ҳар куни нима билан машғуллиги ҳақида

Одатда тонгги соат 5-6 ларда тураман. Агар қандайдир критик вазият пайдо бўлса, телефон қўнғироғидан уйғонаман. Шундан сўнг ҳарбий кенгашни ўтказаман. Болаларим ва рафиқам билан телефон орқали сўзлашишга улгурсам — бу яхши. Фақат шу онларда нафас ростлашга улгураман. Ҳар куни эрта тонгдан ярим тунгача уруш менежменти ва давлат раҳбарлиги билан шуғулланаман. Яна овқатланишни яхши кўраман.

Рафиқаси ҳақида

У Конгрессда чиқиш қилди, унинг муҳим миссияси бор эди. Ростини тан оламан, ўртада қўллов даражаси камайгани, ахборот вакууми пайдо бўлишидан ташвишланган онларимиз ҳам бўлди. Шунда биз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими воситаларимизда етишмовчилик борлигини англадик. Биз осмонимизни ёпишимиз керак эди ва мен турли ёндашувларни ўрганиб чиқдим. У эса она сифатида бошқа оналар нимани истаётган бўлса шуни хоҳларди. Биз ҳамкорларимиздан бизни тушуниб туришгани ҳақида жавоб олдик. Яъни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришни муҳокама қилишни — айнан шу сабабли унинг ташрифи жуда муҳим эди.

Болалари ҳақида

Болаларимизга ғалаба ҳақида гапириш шарт эмас. Ишонинг, улар уруш ҳақида биздан ҳам кўпроқ нарса билишади. Ўғлим 9 ёшда, у ҳар қандай қуролнинг номланишини билади. Уни мен ўргатганим йўқ. Улар ҳам шу уруш қуршовида. Шу сабабли, бир томондан, бошқа айрим оталарга нисбатан менга осонроқ, чунки болаларимни жуда кам кўраман, улар билан кўришиш имконияти пайдо бўлганида нимаики демай, уларнинг мендан кўнгли тўқ.

Баъзан шундай туюладики, уларга маъно-мантиқ муҳим эмас, муҳими мен ёнида бўлсам, уларни қучолсам бас. Путин фарзандларимизнинг болалигини ўғирлади. Бироқ, бошқа томондан, ҳар биримиз ўз мамлакати ҳимояси учун нимадандир воз кечиши кераклигини биламиз. Фарзандларимиз ўз болалигидан воз кечишди.

Юмор ҳақида

Юмор — бу организмнинг бир қисми, юмор ҳисси жуда муҳим нарса. Эсдан оғиб қолмаслик учун ҳам муҳим. Биласиз, драма бор, трагедия бор, шунингдек, трагикомедия ҳам бор. Ҳамма инсонлар — окопда ётганлар ҳам, ҳозиргина метро вагонида ўтиб кетганлар ҳам — барчаси ишга боришмоқда, барчамиз яшаш учун ишлаяпмиз. Юморга эса кайфиятни кўтариш учун мурожаат қиламиз. Совет иттифоқида барча жуда қийин шароитда яшаган, юмор эса одамларни яшашда давом этиш, фарзанд ўстириш учун илҳомлантирган. Ҳозирги мураккаб шароитларда ҳам одамлар ҳазиллашишда давом этишмоқда. Сизга ҳам латифа айтиб беришим мумкин. Одессалик икки яҳудий учрашиб қолибди. Бири иккинчисига дермиш:

— Хўш, вазият қандай экан, нима дейишяпти?

— Уруш дейишяпти.

— Қанақа уруш?

— Россия НАТО билан урушаётганмиш.

— Хўш, натижа қанақа?

— Қандай бўларди, руслар 70 минг аскаридан ажралган, барча ракеталарини отиб тугатишибди, кўплаб техникалари портлаб кетиб, ишдан чиққан.

— НАТО-чи?

— НАТО ҳали келгани ҳам йўқ.

Россияликларнинг Путинга ишончи ҳақида

Ҳа. Афсус билан тан олиш керак, унга одамларнинг катта қисми ишонади. Улар эшик-деразаларини ёпиб олиб, урушдан гўёки яширинишган. Бу қўрқоқлик. Қаерда яшаётганингни, реаллик нима эканини билмайсан. Шунчаки қўрқаётган инсонлар ҳам бор. Улар реалликни жуда яхши тушуниб туришибди, лекин қўрқишади, чунки... чунки қўрқишади.

[Агар Путин ўлиб қолса] уруш тугайди. Авторитар режим хавфли, чунки у катта таҳдидлар билан чамбарчас боғлиқ. Ҳамма нарса биргина инсонга боғлиқ бўлиши мумкинмас. Агар бундай қудратга эга инсон кетса институтлар тўхтайди. Бунақаси совет иттифоқи даврида ҳам бўлган. Агар у бўлмаса, уларга жуда қийин бўлади. Улар ташқи эмас, ички сиёсат билан шуғулланишга мубтало бўлишади.

Улар демократия учун курашишади. Лекин бутун цивилизациялашган дунёдан кенг миқёсда иҳоталаниб қолган ушбу онларда ундан чиқишнинг ягона йўли — халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш. Бу эса демократия дегани. Суверенитет ва ҳудудий яхлитликни тан олиш — бу ерда гап Украинада эмас, барча мамлакатларга тааллуқли. Гуржистон, Молдова. Улар [россияликлар] ҳамма жойда из қолдиришган.

Бугун Россия вакилларига бутун дунёда ҳеч ким қўл узатмайди, барча маънода. Мен жисмонан [қўл сиқишиш] эмас, жиддий нарсалар ҳақида айтяпман. Россия халқаро мусобақаларда, маданият соҳаси тадбирларида, «Оскар» топшириш маросимларида, ҳеч жойда иштирок эта олмайди. Мана шу ҳақиқий изоляция деб аталади. Менимча, бу халқаро ҳамжамиятнинг ягона тўғри бўлган реакцияси. Россия қандайдир ёқимсиз нарса, бўшлиқ рамзига айланди.

Зеленский украиналикларни бизнинг энг қадрли нарсамиз, деб атаган нутқи ҳақида

Мен халқимизни қўллаб-қувватлашни доимо истаганман. Ҳозир аниқ ва соф идрок билан тушуниб турибманки, қўлида қурол билан душманга қарши курашаётган ҳар бир инсон олдинга қараб интилар экан «мен қўрқмайман, мен уддалайман», деб ўйлайди, лекин у қўрқиши мумкин. Чунки у тирик одам, қўрқадиган кимлари ёки нималаридир бўлиши мумкин.

Мен ана шундай ҳар бир аскарга қарата улар билан фахрланишимиз, улардан умид қилишимиз ва уларни севишимизни айтмоқчиман. Ҳеч бир армия ҳамма нарсани уддалай олмайди — токи биз фуқаролик кийимидаги кишилар худди улардек ўз ҳаётимиз билан таваккал қилмасак.

Мана миллатга мурожаатимда нимани назарда тутган эдим. Улар мени эшитишди ва бирлашишди. Ўша пайтда қишлоқларда одамлар — оддий одамлар, турли касбдаги, ишсизлар ва ҳаттоки пенсионер кишилар қўллари билан танкларни тўхтатиш учун кўчаларга чиқишди. Бу инсонлар ҳам аскарлар эди — чунки улар ўзларида бўлганидан каттароқ нарсани ҳимоя қилишди ва бунинг учун жонини беришди.

Ғалаба нималиги ҳақида

Бу қанча давом этишини ҳеч ким билмайди. Мен масъул одамман, шу сабабли инсонларга уруш тугаётганини эшитиш нақадар муҳимлигини яхши англайман. Чунки бу ҳозир энг асосий масала, мен эса бундай нарсалар билан ўйнашмайман. Биз учун урушнинг тугаши — барча ерларимиз озод қилинишидир. Бу можарони музлатиб қўйиш эмас, эртагаёқ дронлар учиши тўхтаб, қаердадир фронтда одамлар ўлаётгани, бу биздан узоқда экани, бизгача етиб келмаслиги эмас. Йўқ, бу нотўғри ва инсофсизлик. Бизнинг фуқароларимиз урушмоқда, шунинг учун уруш барча жойда, у ҳар бир хонадонга кириб келган. Шу сабабли уруш қачонки бизни оккупация қилишни бас қилишганда тугайди.

АҚШдаги воқеалар ҳақида

АҚШда нималар бўлаётганини тушуниб турибмиз. Биз буни кузатяпмиз, бу рост. Чунки Қўшма Штатлар — жаҳонда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича етакчи. Уларнинг қўлловисиз бизга жуда қийин ва ёмон бўларди. Уруш қачон тугаши тўғрисидаги саволнинг жавоби жумладан, мана шу қўллашга ҳам боғлиқ. [Уруш] қисқа бўлиши учун кўпроқ ёрдам керак. Биз [АҚШдаги воқеаларни] кузатмоқдамиз, чунки бу бизни ташвишга солади ва турли томонлардан турлича хабарлар ҳам эшитмоқдамиз.

Агар Конгрессдаги, сиёсатдаги муҳит ўзгарса, бу Украинани қўллаб-қувватлашга ҳам катта таъсир ўтказиши мумкин. Лекин биз бутун дунё учун, жаҳондаги демократия ва озодлик учун курашмоқдамиз. Биз нима учун курашаётганимизни биламиз. Энг муҳими — Америка жамияти ҳам буни англаши, АҚШ Украинани қўллаб-қувватлаш курсидан оғишмаслиги, биз улар учун ҳам жанг қилаётганимизни билиши керак.

Украиналиклар урушдан чарчагани ҳақида

Гарчи қийин бўлса ҳам, биз секин-аста тикланмоқдамиз. Бизда «Енгилмаслик марказлари» иш бошлади, у ерга хонадонида 12 соатдан ортиқ электр бўлмаган инсонлар мурожаат қилиши мумкин. Шундай яшай туриб, ўтган асрнинг 40-йилларига нақадар ўхшашлигидан ҳайратланмоқдамиз. Россия Федерация президенти бунинг ҳисобини олмаган кўринади: бизга қанчалик кўп зарба беришса — улар ростгўйлик ва инсоний қадр-қимматга адолатсиз зарба беришмоқда — шунчалик кўп инсон буни муносиб равишда қарши олиб, вазиятдан ғолиб сифатида чиқиб кетишни истамоқда.

Биз сўровнома ўтказдик, халқимизнинг 98 фоизи чироқсиз, сувсиз ўтирсак ҳам Россиясиз яшасак бас, дейишмоқда. Россия очлик, ёруғлик ва сув устидан ҳукмронлик қилмоқчи. Агар Худо эмаслигинг аниқ бўлса-ю, бу ишларни қилаётган бўлсанг унда кимсан? Варварсан. Кремлдаги бу одамлар ўзининг кимлигини ҳал қилиб олишлари керак: улар варварларми ёки эсидан айрилган одамларми? Унисиям, бунисиям Украинага тўғри келмайди.

Ядровий можаро таҳдиди ҳақида

Бу икки турли савол бўлиб, алалоқибат бир хил натижага олиб келади, деб ўйлайман. Улар томонидан бизнинг атом станциямизнинг оккупация қилиниши — бу жуда катта таҳдид. Бошқа масала бор — Путин томонидан ядровий зарба берилиши таҳдиди ҳам мавжудми, деган. Мен у билан учрашганман ва унда ҳали яшаш истаги борлигини кўрганман. У ўша узун столнинг нариги тарафида ўтиришидан муроди ҳам ковид ё бошқа юқумли касалликни юқтириб олишдан қўрқиши. Демак, у ўлимдан барибир қўрқади. Шунинг учун у ядровий қуролдан фойдаланади, деб аниқ айта олмайман. Чунки у тугмани босса жавоб ҳар қандай давлатдан унинг ўзига қарата келиши мумкин.

Келажак ҳақида

Ғалабамизгача мен аниқ президент бўлиб тураман. Кейин нима бўлиши ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Жуда денгизга боргим келяпти.

Мавзуга оид