Жаҳон | 17:11 / 14.12.2022
3347
3 дақиқада ўқилади

Европарламент Сахаров мукофотини Украина халқига топширди

Фото: AP

Украина халқи ўз мамлакатининг суверенитетини ҳимоя қиляпти, шунингдек, эркинлик, демократия, қонун устуворлиги ва Европа қадриятлари учун курашяпти, дея қайд этди Европарламент. Зеленский маросимда видео-алоқа орқали нутқ сўзлади.

Европарламент «Фикр эркинлиги учун» Андрей Сахаров номидаги мукофотни топширди, 2022 йилда Украина халқи унинг лауреатига айланди. 14 декабрь, чоршанба куни Страсбургдаги тантанали маросимда Украина президенти Володимир Зеленский видеомурожаат билан чиқди. Иштирокчилар Россия томонидан Украинага қарши бошланган урушда ҳалок бўлган украиналиклар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлади.

Мукофотнинг пул қисми 50 минг евро бўлиб, у Украина халқига, Володимир Зеленский ва унинг бошқа сайланган вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти вакилларига топширилди. 

2022 йилги Сахаров мукофоти лауреатини Европарламент октябрь ойида эълон қилди. Раис Роберт Метсола ва барча фракциялар раҳбарларини ўз ичига олган Европа парламенти президиуми «Украина халқининг инсоний қурбонлар ва вайрон қилинган шаҳар ва қишлоқлар кўринишидаги ақлбовар қилмайдиган йўқотишларини» ва ватан ҳимояси, суверенитет, мустақиллик, ҳудудий яхлитлик, шунингдек, эркинлик, демократия, қонун устуворлиги ва Европа қадриятлари учун курашини таъкидлади. Бундан ташқари, Страсбургда Украина президенти ва давлат муассасаларининг жасорати, қатъиятлилиги ва ўз халқига садоқати эълон қилинди.

«Ушбу мукофот - жанг қилаётган украиналиклар учун. Қочишга мажбур бўлганлар учун. Яқинларини йўқотганлар учун. Ўз ишонган нарсаси учун курашаётган ҳар бир киши учун. Биламан, Украинанинг жасур халқи таслим бўлмайди ва биз ҳам шундай қиламиз», - деди Роберта Метсола. «Россиянинг Украинага қарши асоссиз тажовузкор уруши украин халқига жуда катта харажатларни келтириб чиқармоқда. Улар (украинлар) Европа қадриятлари, бизнинг демократиямизга путур етказишга, иттифоқимизни заифлаштиришга ва бўлишга интилаётган шафқатсиз тузумга қарши нафақат ўз уйлари, суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун курашяпти, балки эркинлик, демократия, қонун устуворлиги ва давлатни ҳимоя қиляпти», - дея қўшимча қилди Европарламент раҳбари. 

«Фикр эркинлиги учун» мукофоти совет физиги ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаров номи билан аталган бўлиб, Европа парламенти томонидан 1988 йилда таъсис этилган ҳамда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишда ўзини кўрсатган инсонлар ёки жамоат ташкилотларига берилади. Мукофот миқдори 50 минг еврони ташкил қилади. 2021 йилда қамоқдаги россиялик мухолифатчи Алексей Навалний, бир йил аввал Беларус мухолифати, 2018 йилда эса ўша пайтда Россияда қамоқда сақланган украиналик режиссёр Олег Сенцов мукофотга сазовор бўлди. 

Мавзуга оид