12:31 / 15.12.2022
4924

Ўзбекистонда уй-жойга талаб сезиларли ошди – ҳудудларда нархлар қандай?

2022 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистон бўйлаб иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари 1 кв м учун 15,8 фоизга ошган. Энг сезиларли ўсиши Тошкент – 22,9 фоиз ва Навоий – 22 фоиз вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида – 22,7 фоиз кузатилган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари кўчмас мулк бозоридаги вазиятни таҳлил қилди.

Қайд этилишича, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик 2022 йилнинг 11 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ошди. Шунингдек, иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархлар 15,8 фоизга, хусусан, Тошкент шаҳрида 22,7 фоизга қимматлашган. Ноябрь ойида республикада кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони октябрь ойига нисбатан 7,8 фоизга ошган.

Уй-жой савдосининг энг юқори ўсиш суръатлари Хоразм – 38 фоиз, Навоий вилоятларида – 24 фоиз ва Қорақалпоғистон Республикасида – 23 фоиз қайд этилган. Йил бошидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уй-жой савдосининг ўсиши 9 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, ўтган йилнинг ноябрига нисбатан кўчмас мулк бозоридаги шартномалар сони 8,1 фоизга ошган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2022 йил 1 ноябрда бошланган ипотека кредитларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кенгайтирилган дастур кўчмас мулк бозоридаги фаоллик ва талабни рағбатлантирмоқда.

Тошкентда уй-жой ижараси нархларининг ўзгариши

Кузнинг сўнгги ойида пойтахтда ижара нархларининг пасайиши қайд этилди. Октябрь ойига нисбатан ноябр ойида Тошкент шаҳрида ижарага бериладиган уй-жой нархи 5,8 фоизга арзонлаган. Шу билан бирга, йил бошидан бери пойтахтда ўртача ижара нархи 35 фоиздан ошди ва 1 квадрат метр учун деярли 10 долларни ташкил этган

1 кв.м учун энг юқори ижара нархи Шайхонтоҳур (13,2 доллар), Миробод (12,3 доллар) ва Яккасарой (12,2 доллар) туманларида қайд этилди. Нисбатан арзон нархлар Учтепа (8,1 доллар), Сергели (7,2 доллар) ва Бектемир (6 доллар) туманларида кузатилган.

Иккиламчи уй-жой кўчмас мулк бозоридаги фаоллик

Йил бошидан буён иккиламчи бозорда уй-жой нархларнинг тез ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, республикада 1 кв м учун уй-жой нархи 15,8 фоизга ошган.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг сезиларли ўсиши Тошкент – 22,9 фоиз, Навоий – 22 фоиз вилоятлар ва Тошкент шаҳрида - 22,7 фоиз кузатилди. Пойтахтда иккиламчи уй-жой бозоридаги нарх бир ой ичида 2,4 фоизга қимматлашди.

Нархларнинг энг юқори ўсиши Тошкентнинг Бектемир – 12 фоиз, Миробод – 5 фоиз ва Юнусобод – 4 фоиз туманларида қайд этилган.

Top