Сертификатнинг аҳамияти нимада?

Президент қарорига кўра, 2022/23 йилги қабулдан магистратура ва олий таълимдан кейинги таълимда ўқиш учун талабгорда чет тилидан B2 даража, тил йўналишлари номзодларида эса С1 даражадаги сертификат бўлиши мажбурий қилиб қўйилганди.

Қарордаги янгилик анча аввалроқ эълон қилинган бўлса ҳам, бу таълим босқичларида ўқишни режалаштирган аксар киши талаб амалга киритилиши эҳтимолдан йироқ деб ўйлаб юрди. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда қабул яқинлашган сайин магистратурага чет тили сертификати мажбурий қилинаётгани тўғри эмаслиги ҳақида постлар ҳам ёзила бошланди.

Лекин олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов бу талаб қатъий бўлишини айтиб сабабларини келтириб ўтганди.

“Агар бола инглиз тилини билмаса ё ҳаминқадар билса, қандай тадқиқот олиб боради? Ҳозирги замон билан қандай беллашади? Шунинг учун ҳам биз рухсат олдик: халқаро ё маҳаллий чет тили сертификат билан ҳужжат топширган абитуриент магистратурага киришда мутахассислик фанидан имтиҳон топширмайди. Мутахассислик бўйича имтиҳон – қарийб бор бўйи билан коррупция. Дипломнинг ўртача балли ҳисобланади ва бу билан ҳужжат топширган абитуриент магистр бўлади”, деганди вазир.

Вазир тўлмай қоладиган квота учун қишки қабул бўлишини ҳам маълум қилганди.

Квоталар тўлмадими?

Вазирлик эълон қилган ёзги қабул натижаларига кўра, топширилган 10 031 та аризадан 5 219 таси қабул қилинган. Квота эса 10 688 та эди. Ёзги қабулда талабга жавоб берадиган номзодлар квотанинг ярмини ҳам ташкил қилмаган.

Вазирлик тақдим этган маълумотга кўра, ёзги қабулда хорижий тил бўйича сертификатга эга абитуриентлар сони 4 578 нафарни ташкил этган. Ундан олдинги йили магистратурага топширган абитуриентларнинг эса бор-йўғи 768 нафарида тил сертификати бўлган холос. Бир йилда сертификатлилар 6,2 баробарга ошган.