Ўзбекистон | 16:07 / 23.12.2022
5878
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди

Бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклардан иборат 170 тонналик ёрдам юки Балх вилоятига етказилди. Исматулла Эргашевнинг айтишича, бу – 2022 йил ҳисобидан Афғонистонга топширилган ёрдамнинг еттинчи партияси бўлган.

Фото: Президент администрацияси

Ўзбекистон биродар афғон халқига энг бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклардан иборат жами 170 тонналик навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди. 9 та юк машинасидан иборат карвон кеча, 22 декабр куни Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Калдор туманига етказилди.

Ҳайратон шаҳрида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томонидан президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргешев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги делегация иштирок этди. Уларни Ҳайратонда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Довуд Музаммил ва провинциянинг бошқа бошқарув идоралари вакиллари кутиб олишди.

Расмий ахборотга кўра, ёрдам таркиби 48 тонна ун, 30 тонна шакар, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт маҳсулотлари, 22 тонна макарон, 1000 жуфт эркаклар ва болалар уст кийими, 1000 жуфт болалар, эркаклар ва аёллар оёқ кийимидан иборат.

Исматилла Эргашевнинг айтишича, бу – шу йил ҳисобидан Афғонистонга топширилган ёрдамнинг еттинчи партияси бўлган.

“Қиш қаттиқ келганини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон раҳбариятининг дастурига асосан, Афғонистон халқига бу йилнинг ўзида еттинчи маротаба инсонпарварлик ёрдамини олиб келдик.

Балх вилояти губернатори Муҳаммад Довуд Музаммил билан суҳбатлашганимизда, у “Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара – дўстлик чегараси. Биз Ўзбекистон томонидан фақат файз ва барака кўриб келяпмиз. Бугунги кунда бизга энг яқин, биродарлик муносабатларини кўрсатаётган қўшнимиз ҳам шу. Биз Ўзбекистон билан ҳар томонлама муносабатларни кенгайтириш, мустаҳкамлаш ва ҳар қандай масалани дўстона ҳал қиламиз”, деб айтиб ўтди”, – деди Эргашев МТРК мухбири билан суҳбатда.

Балх вилояти губернатори Мулло Муҳаммад Довуд Музаммил кўрсатилаётган беғараз кўмак ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашини таъкидлади.

“Қўшни биродар ўзбек халқи Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, аҳолисининг мушкулини осон қилишдек хайрли ишларда бош бўлаётганидан биз афғон халқи жуда ҳам миннатдормиз.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати минтақадаги муаммолар ечими ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз ташаббус ва амалий ҳаракатларини олиб бормоқда. Биргина «Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилишини оладиган бўлсак, бу лойиҳа нафақат учта давлат, қолаверса Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётида жуда катта аҳамият касб этади. Мана бундай беғараз кўмак халқларимизни жипслаштириб, ўзаро борди-келди муносабатларимзни янада мустаҳкамлайди. Бундан эса албатта афғон халқ манфаатдор. Яна бир бор самимий ташаккуримни изҳор этаман”, – деди Балх губернатори.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча “Толибон” Афғонистонда аёлларнинг университетларда ўқишини тақиқлаган эди.

Мавзуга оид