Жаҳон | 18:21 / 27.12.2022
26357
2 дақиқада ўқилади

АҚШ президент Путинни йўқ қилиш билан таҳдид қилмоқда — Лавров

Россия ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, Пентагонда Кремлга зарба бериш ғояси бор.

Фото: РИА Новости

Пентагоннинг номи ошкор этилмаган расмийлари амалда Кремлга «бошини танасидан жудо қилувчи зарбани» бериш билан таҳдид қилишди, бу эса Россия президенти Владимир Путиннинг жисмонан йўқ қилинишини англатиши мумкин. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров баёнот берди.

Унинг сўзларига кўра, Ғарбнинг Россияни жиловлашга қаратилган сиёсати ўта хавфли бўлиб, ядровий давлатларнинг бевосита қуролли тўқнашуви хавфини келтириб чиқаради.

«Вашингтон ҳаммадан узоқроққа борди: у ерда Пентагоннинг баъзи «номи ошкор этилмаган амалдорлари» Кремлга «бошини танасидан жудо қилувчи зарбани» бериш билан таҳдид қилишди, моҳиятан гап Россия давлат раҳбарини жисмоний йўқ қилиш таҳдиди ҳақида кетяпти. Агар бундай ғоялар ҳақиқатан ҳам кимнидир калласига келган бўлса, эҳтимолий оқибатлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўриши керак», деди Лавров.

Шунингдек, у Украина президенти Володимир Зеленский «НАТО давлатларидан Россияга огоҳлантирувчи ядро зарбаси беришни сўраётганини» айтди. Вазирнинг таъкидлашича, ядровий урушда ғолиб бўлиши мумкин эмас ва «у ҳеч қачон қўзғатилмаслиги керак».

«Биз АҚШ ва умуман Ғарбда ядровий қурол мавзуси атрофидаги тарғибот-ташвиқот ишларини чуқур ташвиш билан қайд этамиз», деди Сергей Лавров.

Мавзуга оид