Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Эроннинг камикадзе дронлари АҚШ компаниялари ишлаб чиқарган эҳтиёт қисмлардан ясалган» – СNN
Россия Украинага зарба бериш учун фойдаланаётган Эроннинг «Shahed-136» дронидан ечиб олинган 52 та компонентдан 40 таси Американинг 13 та компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин.
Ўтган йилнинг кузида Украина ҳарбийлари томонидан уриб туширилган Эрон камикадзе дронларидан бирида 10 дан ортиқ Америка ва Ғарб компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмлари топилган. Бу ҳақда СNN хабар бермоқда.
2022 йилнинг охирида Байден маъмурияти Эрон томонидан Россияга етказиб берилаётган учувчисиз самолётлар ишлаб чиқарилишини тўхтатишга ваъда берганди. СNN манбаларига кўра, ўтган ой Оқ уй АҚШ ва Ғарбда ишлаб чиқарилган технологиялар – яримўтказгичлар ва GPS модуллари каби кичикроқ ускуналардан тортиб, двигателлар каби каттароқ қисмларгача – Эрон дронларига қандай тушиб қолганини ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузган.
Қайд этилишича, Эроннинг «Shahed-136» дронидан ечиб олинган 52 та компонентдан 40 таси Американинг 13 та компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиши мумкин. Қолган 12 та компонент Канада, Швейцария, Япония, Тайван ва Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.
АҚШ ҳукумати бир неча йиллардан бери Эроннинг юқори сифатли технологияларга эга бўлишининг олдини олиш учун экспорт назорати бўйича қаттиқ чекловлар ва санкциялар киритиб келади. Ҳозирда Оқ уй амалдаги санкцияларни кучайтиришни кўриб чиқмоқда, компаниялардан эса ўзларининг таъминот занжирларини яхшироқ кузатиш ва назорат қилишни сўрамоқда. Шунингдек, ушбу маҳсулотларни сотиб олиб, уларни қайта сотаётган учинчи томон дистрибюторларини аниқлашга уриниб кўрилади.
Қўшма Штатлар Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Адриен Уотсоннинг СNN телеканалига берган баёнотига кўра, АҚШ ҳукумати санкциялар, экспорт назорати ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи хусусий компаниялар билан музокаралар ўтказиш орқали Эроннинг ҳарбий дронлар ишлаб чиқариш имкониятларини чеклашга ҳаракат қилмоқда.
Шундай бўлса-да, ушбу компанияларнинг АҚШ санкцияларини бузаётгани ва Эрон ҳарбий дронлари учун эҳтиёт қисмларни билатуриб экспорт қилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Мутахассислар сўзларига кўра, кўплаб компаниялар кузатувни кучайтиришга ваъда бераётган бўлса ҳам, улар учун жаҳон бозорида ўз маҳсулотларининг қаерда фойдаланилаётганлигини назорат қилиш жуда мураккаб. Агар АҚШ ҳукумати маҳсулотларни ноқонуний мақсадларда сотиб олган ва сотаётганларни аниқламаган бўлса, компаниялар ким билан савдо қилиш ёки қилмаслигини ҳам аниқ белгилай олмаслиги мумкин.
Украина разведкасининг баҳолашича, санкцияларга қарамай, Эрон ҳали ҳам тижоратда мавжуд бўлган кўплаб технологиялардан фойдаланмоқда. Хусусан, уриб туширилган учувчисиз учоқларни яратган компания, Iran Aircraft Manufacturing Industries Corporation (HESA) 2008 йилдан бери АҚШ санкциялари остида.
Эрон дронлари орқали давом этаётган ҳужумлар
Сўнгги ойларда Россия армияси Украина қуролли кучларига Эрон дронлари ёрдамида жиддий зарар етказди. Шунингдек, Россия улардан тинч аҳоли яшайдиган ҳудудлар ва асосий инфратузилмани нишонга олишда ҳам фойдаланмоқда. Шу сабабли Эронда дронлар ишлаб чиқаришни тўхтатишга бўлган ҳаракатлар кучайди. АҚШ расмийларига кўра, Россия Эрон ёрдамида дронлар ишлаб чиқариш учун ўз заводини қуришга тайёрланмоқда.
Маълумот учун, Эроннинг Shahed дронлари Яқин Шарқдан ташқарида биринчи марта кенг миқёсда қўлланмоқда. Исроил ва Ғарб давлатлари бир неча бор Эрон ва унинг минтақадаги иттифоқчиларини Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларидаги нишонларга, шунингдек, Суриядаги америкалик аскарларга ва ҳатто Уммон кўрфазидаги танкерларга учувчисиз учар қурилмалар орқали ҳужум қилишда айблаган. Россиянинг Shahed дронларига қизиқиши ҳақида июль ойида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, Россия мудофаа вазирлиги вакилларининг Эронга ташрифи чоғида бир неча юз дрон сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилган. Сўнгги ойларда Украинада кўплаб Эрон учувчисиз учоқлари уриб туширилганига қарамай, рус ҳарбийлари уларни қайта бўямоқда ва рус тилида номлашмоқда. Бунинг ортидан «Shahed-136» «Геран-2» дея қайта номланди.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг душанба куни берган баёнотига кўра, Украина қуролли кучлари икки кун ичида 80 дан ортиқ Эрон дронларини уриб туширган. Зеленский шунингдек, Украинада Россия «шаҳедлар билан узоқ муддатли ҳужумни режалаштираётгани» ҳақида разведка маълумотлари мавжудлиги бу «мамлакат ҳаво мудофааси ва энергетика секторининг чарчашига» олиб келиши мумкинлигини ҳам маълум қилган.
Буюк Британиянинг Conflict Armament Research тадқиқот маркази томонидан амалга оширилган таҳлилларга кўра, Украинада уриб туширилган Эрон дронлари компонентларнинг 82 фоизи АҚШда жойлашган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилади. Марказ директори ўринбосари Демиен Сплитерснинг сўзларига кўра, санкциялар қайси эҳтиёт қисмларидан фойдаланилаётгани ва ушбу компонентлар қандай қилиб у ерга етиб борганини аниқлаш имконини берсагина самарали бўлади.
«Эрон ва Россия бу санкцияларни айланиб ўтиш ва сотиб олиш каналларини ўзгартиришга ҳаракат қилади», дейди у.
Америка компаниялари мамлакат қонунларига риоя қилишаётгани таъкидланмоқда
Украина томонининг маълум қилишича, учувчисиз учоқлардан топилган ва АҚШда ишлаб чиқарилган компонентлар орасида Texas Instruments томонидан ишлаб чиқарилган йигирмага яқин қисмлар, хусусан, микроконтроллерлар, кучланиш регуляторлари ва рақамли сигнал бошқарув қисмлари, Hemisphere GNSS томонидан ишлаб чиқарилган GPS модули, NXP USA Inc томонидан ишлаб чиқарилган микропроцессор, Analog Devices and Onsemi томонидан ишлаб чиқарилган электрон плата компонентлари бор. Шунингдек, Германиянинг Infineon ва Швейцариянинг U-Blox компанияси томонидан ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмлари ҳам топилган.
СNN украиналиклар томонидан номи тилга олинган ва маҳсулоти Эрон дронларида топилган барча компанияларга сўров юборган. Жавоб берган олтита корхона ўз маҳсулотларидан ноқонуний фойдаланишни қоралашларини таъкидлаган. Шу билан бирга, улар санкцияларни четлаб ўтишда яримўтказгичлар ва бошқа электрон маҳсулотларни сотиб олишга қарши кураш бутун саноат учун йирик муаммо эканини, улар билан курашишга ҳаракат қилишларини эслатишган.
Хусусан, «TI Россия, Беларус ёки Эронга ҳеч қандай маҳсулот сотмайди. Биз фаолият юритаётган мамлакатлардаги амалдаги қонунлар ва қоидаларга риоя қиламиз ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин», - дейилади Texas Instruments баёнотида.