Қонли статистика: 2023 йилнинг дастлабки беш кунида ЙТҲлар оқибатида 13 киши ҳалок бўлди
2023 йилнинг дастлабки беш кунида одамлар ўлими билан боғлиқ еттита йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди ва уларда 13 нафар одам ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг беш нафари вояга етмаганлар бўлган.
1 январ. Самарқанд шаҳридаги кўчалардан бирида AUDI машинаси икки нафар пиёдани уриб юборган. Оқибатда улар оғир тан жароҳати олиб вафот этган.
Ижтимоий тармоқларда мазкур ҳодиса юзасидан қолдирилган постларда AUDI ҳайдовчиси маст ҳолда уч нафар вояга етмаган ўсмирни уриб юборгани, уларнинг икки нафари ҳалок бўлгани ва бир нафари шифохонага ётқизилгани маълум қилинди.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати эса икки нафар пиёда AUDI олдига югуриб чиққани ва оқибатда машина уларни уриб юборгани ҳақида хабар берди. Хабарда шифохонага ётқизилган учинчи пиёда ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди.
2 январ. Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида катта тезликда ҳаракатланган Nexia ҳайдовчиси оралиқ масофани сақламаган ва олдинда кетаётган Spark билан тўқнашиб, ариққа ағдарилган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган Nexia ҳайдовчиси шифохонада вафот этган.
2 январ. Сурхондарё вилояти Ангор туманида маст ҳолда тезликни оширган ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва Labo машинаси билан каналга тушиб кетган. Оқибатда қутқарувчилар етиб келгунча сувга чўкиб вафот этган.
3 январ. Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида Nexia-2 ҳайдовчиси Шаҳрисабз-Яккабоғ йўналишида ҳаракатланаётиб, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган тўрт кишини уриб юборди.
Оқибатда, оғир тан жароҳатлари олган уч нафар фуқаро воқеа жойида, бир нафари шифохонада вафот этган. Маълум бўлишича вафот этганлар бир оила вакиллари – эр-хотин ва уларнинг икки нафар фарзанди бўлган.
4 январ. Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида юқори тезликда ҳаракатланган Lacetti ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб дарахтга урилган. Машина иккига бўлиниб, парчаланиб кетган. Оқибатда икки нафар йўловчи ҳалок бўлган.
4 январ. «ВАЗ-21011» машинаси ҳайдовчиси катта тезликда ҳаракатланиб оралиқ масофани сақламаган ва олдинда кетаётган «Камаз»га урилган. Оқибатда машинада йўловчи сифатида кетаётган она ва унинг ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган боласи оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.
5 январ. Фарғона туманида соатига 30 километр ҳаракатланиш мумкинлиги белгилаб қўйилган кўчада жуда катта тезликда ҳаракатланган Nexia-2 ёнбош кўчадан чиқиб келган Damas билан тўқнашган. Оқибатда Damas ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.
Юқоридаги ЙТҲлар ИИВ ЙҲХББнинг вилоятлардаги ҳудудий бошқармалари томонидан эълон қилинган. Мабодо 1-5 январ оралиғида эълон қилинмаганлари бўлса, унда 2023 йилнинг дастлабки беш кунида ЙТҲлар оқибатида вафот этганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
10:59 / 04.11.2024
Оҳангаронда ўзаро тўқнашган Cobalt машинаси ва Isuzu автобуси ёниб кетди
21:36 / 03.11.2024
Наманганда мактаб ўқувчиси ижарага машина олиб миниб ЙТҲ содир этди
09:53 / 03.11.2024
Тошкентда Spark билан тўқнашган Matiz ағдарилиб кетди
18:30 / 01.11.2024