Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ғалати жиноят содир этилди: жабрланувчининг аризаси билан фирибгарликда гумонланган шахс ушланиб, қамоққа олинган. Далиллар бор, гувоҳларнинг кўрсатмаси аниқ. Аммо сўнгги лаҳзада барчаси тескари ўзгариб, 40 кун қамоқда ётган гумондор аслида жабрланувчи, жабрланувчи эса жиноятчи бўлиб чиқди. Жиноятчининг детектив кинолардаги каби 100 минг долларлик “ўйини” ҳатто терговчиларни ҳам чалғита олган.

Бизнес шериклар

Тошкент шаҳрида яшовчи Зайни Эшонқулов пойабзал савдоси билан шуғулланган. У пойтахтдаги Эшонгузар бозорида оёқ кийим сотган. Марғилонлик Шоҳнур Халилов эса Зайни Эшонқуловнинг бизнес шериги бўлган.

Бу икковлон бир марта ўзаро ҳамкорлик қилишган. Яъни Марғилондаги пойабзал ишлаб чиқарувчи корхона дилери бўлган Шоҳнур Халилов Зайни Эшонқуловга 50 млн сўмлик шиппак берган. Аммо Эшонқулов ёз мавсуми давомида ушбу товарнинг барчасини сота олмаган ҳамда Халиловдан 17 млн сўм қарз бўлиб қолган. Сотувчи маълум муддат дилерга ушбу пулни қайтара олмаган. Барчаси шундан бошланган.

100 минг долларлик режа

Бизнес шериклар ўртасида 17 млн сўм “олди-берди” бўлган ўша кунларда Шоҳнур Халилов Зайни Эшонқуловга сим қоқиб, уни Марғилонга чақирган. “Иккита корхона дилерлигини олдим. Келсангиз ушбу корхоналардан товар олиб бераман”, деган у ва Telegram орқали локация ташлаб берган.

Унинг гапларига ишонган пойабзал сотувчи 2024 йилнинг 22 апрел куни отаси ва турмуш ўртоғи билан бирга Марғилон шаҳрига қараб йўлга чиққан. Уни Халилов Марғилон шаҳридаги катта айланма йўл бўйида кутиб олган ҳамда ўз машинасига миндирган.

“Ҳозир офисга борамиз. Шоҳимардондан бир ўртоғим келди. У Россияга бориб, катта пул ишлаб топган. Ундан пул олиб, бирга тадбиркорлик қиламиз. Ўртоғим олдида мендан бизнес учун 100 минг доллар қарз олганингизни айтиб, уни қачон қайтаришингизни сўрайман. Ўртоғимнинг кўп пули бор, уни ўзаро ҳамкорликка ишонтириш учун шунақа дейман”, дея илтимос қилган Шоҳнур Халилов йўл-йўлакай Зайни Эшонқуловдан.

Пойабзал сотувчи унинг гапларига ишониб, гарчи 100 минг доллар қарзи бўлмаса-да, бунга рози бўлган.

Шоҳимардонлик “пулдор” ким?

Халилов бизнес шеригига айтган шахс Нозим Қодиров эди. Аммо у Россиядан катта миқдорда пул ишлаб келган пулдор эмас, шунчаки Шоҳнур Халиловга чув тушган инсон эди. Яъни Халилов тадбиркорлик қилиш ва ҳар ойда фойдадан пул бериб туриш шарти билан Нозим Қодировдан 12 минг доллар пул олган, бироқ қарзининг асосий қисмини қайтармай келган.