Жанубий Америкада ЖЧ-2026 саралаши доирасида 14-тур учрашувлари бўлиб ўтди, унинг якунларига кўра Аргентина якуний босқичга йўлланмани кафолатлади ва чемпионликни ҳимоя қиладиган бўлди.

Турли даражадаги жамоалар

Аргентина — Бразилия 4:1
Голлар: Алварес (4), Фернандес (12), Мак Аллистер (37), Симеоне (71) — Куня (26). 
Аргентина — Мартинес, Молина, Ромеро, Отаменди, Таляфико (Медина, 76), Паредес (Паласиос, 82), Фернандес, Мак Аллистер (Пас, 76), Алмада (Симеоне, 68), де Паул, Алварес (Корреа, 82). 
Бразилия — Бенто, Уэсли, Маркинос, Мурилло (Ортиз, 46), Арана, Жоэлинтон (Гомес, 46), Андре (Эдерсон, 84), Рафиня, Родриго (Эндрик, 46), Винисиус, Куня (Савинио, 69). 
Огоҳлантиришлар: Мурилло (28), Рафиня (40), Таляфико (40), Алмада (41), Отаменди (70), Андре (71), Де Паул (75), Ортиз (79), Эндрик (87), Фернандес (90+1).

Жанубий Америкада Аргентина ва Бразилия ўйинлари узоқ вақт давомида Месси ва Неймар дуэли сифатида тақдим этилган. Ушбу сериал чўққиси – 2021 йилги Америка Кубоги финали бўлганди. Бу Леонинг миллий жамоаси билан дастлабки чемпионлиги бўлганди ва ўшанда у эски қадрдонини бағрига босиб юпатганди.

Бу сафар уларнинг иккиси ҳам саломатлигидаги муаммолар туфайли майдонга туша олишмасди. Натижада ўйин айни вақтда Испанияда «Барселона» ва «Атлетико» сафида ёрқин мавсум ўтказаётган Рафиня ва Ҳулиан Алварес қарама-қаршилигига айланиши кутилганди. Қолаверса, бразилиялик вингер ўйиндан олдин Ромариога берган интервюси вақтида оловга мой сепиб, аргентиналиклар манзилига ёмон сўзлар айтди. «Шубҳа йўқ, биз Аргентина билан ҳисоб-китоб қилмоқчимиз. Уларга гол ураманми? Ҳа. Жин урсин уларни», деди у афсонавий футболчининг сўзларини маъқуллаган ҳолда.

Натижада ижтимоий тармоқлар аргентиналик футболчиларнинг унга эътирозли жавоблари билан тўлди. Отаменди «тили узун» Рафинянинг юзига тирсаги билан зарба бергани акс этган фото мамлакатда кун фотосига айланди. Натижада Боливия ва Уругвай ўртасидаги дуранг туфайли Аргентина майдонга тушмасидан мундиал йўлланмасига эга чиққан бўлса-да, Бразилияга қарши ўйинга катта шашт билан тушди. Рафиня йиртқични уйғотиб юборганди.

Мезбонлар ўз мухлислари ҳайқириқлари остида илк дақиқадан катта куч билан олдинга ташланишди ва ашаддий рақибнинг кўзини очиришмади. Бразилия кучли прессинг туфайли ўз жарима майдони атрофидаёқ тўп олдириб қўя бошлади, дисквалификацияга учраган Габриэл Магалянс йўқлиги туфайли ҳимоя чизиғида катта бўшлиқлар юзага келди. Прагматик ва тизимли «Ноттингем»да яхши мавсум ўтказаётган 22 ёшли Мурилло миллий жамоада ишончни оқламади ва аввалига Алваресга тезкор гол совға қилди, кейин эса Энцо Фернандесга узатилган тўпни тўса олмади. Бундан ташқари, яримҳимоя маркази ҳам Жерсоннинг жароҳати ва Бруно Гимараешнинг ортиқча сариқ карточкаси туфайли ҳам сифатни йўқотганди.