Жаҳон | 00:34 / 11.01.2023
4776
2 дақиқада ўқилади

Франция 2030 йилдан бошлаб пенсия ёшини оширади

Шу вақтга бориб французлар 64 ёшдан пенсияга чиқа бошлайди.

Фото: Reuters

Франция ҳукумати 2030 йилдан бошлаб энг кам пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшга кўтаришни режалаштирмоқда. Расмийлар 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсия ёшини босқичма-босқич оширишни бошлайди, деб хабар берди Bloomberg.

Франция касаба уюшмалари аввалроқ президент пенсия ёшини оширишда давом этса, норозилик намойишлари ўтказишга ваъда берган эди. Энди барча йирик касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари йиғилиб, ҳукумат режаларига қандай муносабатда бўлишни муҳокама қилади.

Францияда 2017 йилда пенсияга чиқиш 60 ёшдан 62,5 ёшгача оширилган эди. Ишчиларнинг айрим тоифалари 60 ёшда нафақага чиқиши ҳам мумкин. 2018 йилда Франция ҳукумати 2023 йилгача энг кам пенсия ёшини босқичма-босқич 67 ёшга оширишни режалаштирганди.

2019 йилда Францияда расмий пенсия ёши ўзгармаслиги маълум бўлди, аммо мамлакатда 2025 йилга бориб мувозанат ёши жорий этилиши кўзда тутилганди. Бу ёшда пенсия тўловларининг асосий қисми бошланиши лозим эди. Бироқ, бу касаба уюшмаларининг кескин норозилигини келтириб чиқарди.

Шундан сўнг, бош вазир Эдуард Филипп янги нормаларни босқичма-босқич жорий этишни таклиф қилди. 

Франция аҳолиси қариб бораётган Европа мамлакатларидан бири ҳисобланади. Пенсия ислоҳоти ҳам шу сабабли амалга оширилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид