“Бу – мустақиллигимизнинг бир қисмини бой бериш дегани” — фаоллар Кремлнинг “таклифи” ҳақида
“Жонимизнинг ҳузурини ўйлаб, фарзандларимизни қулликка маҳкум этишга ҳаққимиз йўқ”. “Бўлаётган ишлар борича халққа етказилиши, тушунтирилиши керак”. Ўзбекистонлик фаоллар Россиянинг Ўзбекистонга газ бериш учун шартларига асло кўниб бўлмаслигини айтмоқда. Kun.uz манбаларига кўра, Кремл бу музокараларда яна мигрантларни қурол қилиб олган.
Россиянинг Ўзбекистонга газ узатиш эвазига мамлакатнинг газ-транспорт тармоқларини бериш ва Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспортини назоратига олмоқчи бўлаётгани ўзбекистонликлар орасида жиддий хавотир ва норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Kun.uz мухбири бу борада бир қатор жамоатчилик фаолларининг фикрларини тўплади.
Ҳамид Содиқ, сиёсатшунос
— Эшитишимча, Россия ўз газини Қозоғистон орқали, “Марказий Осиё – Марказ” қувурлари орқали Ўзбекистонга етказиб беришни “таклиф” қилган.
Эвазига эса Россия – Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром” эгалигига ўтказиш ва Хитойга газ экспорти ҳуқуқини талаб қилмоқда. Буни Россияга хос энергетик уруш дейиш мумкин.
2005 йилда содир бўлган Андижон воқеаларидан кейин Россияга тегишли “Лукойл” компаниясининг ишлари ривожланиб кетганди. 2007 йилда Ҳавузак-Шоди Денгизкўл газ конидан илк марта газ чиқарилган бўлса, 2011 йилда мазкур газ конидан 10 миллиард, 2015 йилда 30 миллиард кубометр газ қазиб олинган.
Россия Федерациясининг Грузия, Украина ва Европа Иттифоқи билан бўлган низолари ва уларга ўтказаётган босими марказида ҳам айнан энергия ресурслари, хусусан газ ётади.
Масала шундаки, мазкур кейсда Россия марказий масала эмас. Биз ўзимиз “нўноқлик” билан геосиёсий таъсир учун шароит яратиб беряпмиз. Европага йўналтирилган “газ” зарбаси “рикошет” билан бизга тегди.
Ўзбекистон учун ислоҳ қилиниши керак бўлган иккита муҳим соҳа бор ва улар бир-бирини тақозо қилади. Биринчидан, мамлакатимизда сиёсий ислоҳотлар амалга оширилиши ва демократия тамойилларига асосланган сайловлар билан шакллантириладиган инклюзив ҳукумат зарур. Иккинчидан, энергетик мустақилликни таъминлаш учун жиддий ўйланган ҳаракатларни амалга ошириш керак. Мамлакатимиз бугун Крилов масалидаги ёзни қўшиқ айтиш билан ўтказиб юборган, ҳаттоки қумурсқанинг олдида ҳам заиф бўлиб қолган ниначига ўхшаб қолди.
Ҳар куни ортиқча чиқимни талаб қиладиган турли хил ўта қиммат тадбирлар ва кўплаб саройлардан иборат “пассив”лар ўрнига, энергетик хавфсизлик учун маблағ сарфланиши лозим.
Лола Саидова, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими
— Россияга энергия тизимларимизни бериш – ватанни сотиш дегани. Бу стратегик соҳанинг тизгинини бошқа давлатга бериш мутлақо мумкин эмас.
Юридик тилда буни давлат мустақиллигига қарши жиноят дейишади. Шундай экан, Кремлдан қилинган бу таклиф Ўзбекистон томонидан давлат суверенитетига тажовуз сифатида квалификация қилиниши керак.
Шунингдек, бу Ўзбекистон бошқарувидаги кризисни ҳам ифодалайди. Зудлик билан тизимли ечимлар изланиши керак.
Баҳодир Ғаниев, таълим масалалари бўйича эксперт
— Эвазига нима таклиф қилинишидан қатъи назар, газ тизимларимизни ҳеч қанақасига Россияга бериб бўлмайди. Бу – Ўзбекистон мустақиллигининг маълум қисмини Россияга бой бериш дегани.
Бугун ҳукумат вакиллари одамлар олдига чиқиб, сизга газ келади, лекин бу орқали мустақиллигимизни хатарга соламиз, унинг маълум қисмини бой беришга тўғри келади, деса, халқ газни эмас, мустақилликни танлайди. Халққа тушунтирилса, у иссиққа ҳам, совуққа ҳам чидаб беради.
Шунчаки бу ишлар борича халққа етказилиши, тушунтирилиши керак. Бу жуда муҳим. Такрорлайман, бу масала ҳеч қанақасига музокара, муҳокама олиб борадиган мавзу эмас.
Фаррух Жабборов, ёзувчи
— Халқ ва ҳукумат бирдам бўлиши керак. Ҳукумат халқнинг норозилигини босиб туриш учун ўзининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларини хаспўшлаш, гўёки қонунийлаштириш учун, бунга эътироз билдирувчи омманинг овозини вақтинча ўчириш учун ташқи кучларга мамлакат бойликларини қўшқўллаб топшириб юбормасин. Бугун Ўзбекистонда кечаётган ялпи энергетик инқироз сабабларидан асосийси ўз вақтида мана шундай “сотилиш” бўлгани сир эмас. 18 йил аввалги хато ҳозир халқимизга қанчалик қимматга тушаётган бўлса, айни пайтдаги қийинчиликлар ортидан бўйнимизни иккинчи маротаба бўйинтуруққа солиб берсак, эртага янада каттароқ бадал тўлашимиз аниқ. Жонимизнинг ҳузурини ўйлаб, фарзандларимизни қулликка маҳкум этишга ҳаққимиз йўқ.
Ички муаммоларимизни ичкарида ўзимиз ҳал қилишимиз, ташқаридан мадад кутиш иллатидан буткул қутулишимиз керак. Бу гап халққа ҳам, ҳукуматга ҳам тегишли. Нажотни хожани алмаштиришда кўришдек қулларча психологиядан қачон воз кечамиз?! Мустақил давлат қуриш масъулиятини ҳамон елкага олган эмасмиз. Ўзбек халқи бу мамлакат ўзиники эканини, бу ҳукумат ўзининг хизматкори эканини чуқур ҳис этиши зарур. Бунинг учун “демократия-демократия” ўйинини бас қилиб, ҳақиқий ҳуқуқий-демократик принциплар асосида ривожланиш йўлига ўтмасак бўлмайди.
Бугунги аномал совуқдан келиб чиққан аномал вазиятда фақат спазматик чоралар билан чекланиб қолмай, системали ўзгаришларни бошлашимиз керак. Энг биринчи навбатда миллий манфаатларга зид равишда тузилган ҳар қандай шартномаларни қайта кўриб чиқишга эришишимиз шарт. Ҳукумат халқнинг норозилигидан янги бўйинтуруқларни бўйинга илиш эмас, эски кишанларни парчалаш йўлида фойдаланишига ишончимиз бор.
Алишер Қодиров, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси
— Мустақиллик халқ ва ҳокимиятни ҳар қандай муаммо қаршисида мустаҳкам бирлаштирадиган эҳтиёж бўлиши керак.
Сўнгги йилларда, йирик давлатлар халқ ва ҳокимият биргаликда енгиши керак бўлган, жуда ҳам табиий мунозараларни агрессивлаштиришдан геосиёсий мақсадларга эришиш учун фойдаланишмоқда. Афсус билан айтаман, бизда ҳам бугун “озодлик” деса, “қорнимни тўйдирасанми?!” дейдиган қатлам бор. Минтақада узоқни кўзлаган мақсад ва манфаатлари бўлган кучлар айнан шу қатламга таянади ва улардан жуда самарали фойдаланади.
Собиқ совет республикаларининг барчасида советлар бошқаруви томонидан келажакда фойдаланиш учун кўмиб қўйилган иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий “миналар”дан самарали фойдаланаётган советпарастлар борлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Мустақилликнинг илк йилларида миллатлараро низолардан кенг фойдаланилди, яқингача минтақа давлатларини ўзаро уруштириш ва алтернативи бўлмаган транспорт коридорлари орқали вазиятни бошқаришга ҳаракат қилинди. Энди, узоқ вақт тайёрланган сиёсий-ижтимоий-иқтисодий таъсири кучли бўлган энергетика ўйинларига навбат келган бўлиши ҳам мумкин.
Нима бўлганда ҳам, муаммоларимизни ўзимиз ҳал қиламиз.
Илдизлари чуқур кетган, билган тақдиримизда ҳам тушуниш жуда қийин бўлган оғир геосиёсий ва геоиқтисодий муаммоларни мураккаб сиёсий силкинишлар даврида ҳал қилиш учун курашаётган ҳукуматнинг ватанпарварлигига шубҳа қилмасдан, уларни қўллаб-қувватлашимиз керак, деб ўйлайман. Бугунги қийинчиликлар бир-биримизнинг ёқамизга ёпишиш эмас, бирлашишимизга сабаб бўлиши керак.
Биз ҳали озодлигини индамасдан бериб қўядиган анойи эмаслигимизни исботлашимиз керак.
Абдураҳмон Ташанов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси
— Аслида ўзаро манфаатли ҳар қандай шартномалар мамлакат истиқболи учун хизмат қилади. Жумладан, Россия Федерацияси билан фойдали иқтисодий ёки бошқа кўринишдаги иттифоқ ҳам. Аммо Россия ҳукуматининг ЕИ билан айнан энергетик масаладаги ҳамкорлиги бу мамлакатнинг кўп масалаларда ғирром эканини кўрсатди.
Зотан, Ўзбекистон бу мамлакатнинг энергетикага оид келишувларини қабул қилса, аҳдлашувлар сиёсий манфаатлар қурбонига айланиши мумкинлигини назардан қочирмаслиги лозим. Том маънода, Россия Федерацияси – келажаги хавф остидаги мамлакатдир.
Хитой қарз муносабатларида Қирғизистон ва Тожикистон ерларига кўз тиккани каби Россия ҳам ўзининг империалистик истаклари йўлида ҳар қандай шартномалардан фойдаланиб қолишига шубҳа йўқ.
Умид қиламизки, ҳамма кўриб турган нарсани Ўзбекистон ҳукумати ҳам ўйлаётгандир. Агар акси бўлса, ҳукумат энг камида нўноқ ва калтабин сиёсат олиб борган бўлади ва тарихда шармандали ном қолдиради.
Олимжон Ҳайдаров, блогер
— Россия бутун Ўзбекистон энергия тизимини назоратга олиш эвазига бизга газ бермоқчи. Бу – газ эвазига қуллик дегани. Биз маълум йиллар учун берилган газ эвазига мустақилликдан кечмаймиз.
Умид қиламанки, ҳукумат бу вазиятда сиёсий ирода ва дадиллик кўрсатади.
***
Маълумот учун, ноябр ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга “учтомонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилган эди. Шундан кейин бу масалада бир неча марта икки томонлама учрашувлар ўтказилган.
Gazeta.uz бир нечта манбаларига таяниб ёзишича, Россия ўз газини Ўзбекистонга Қозоғистон орқали, “Марказий Осиё – Марказ” қувурлар тармоғида етказиб беришни таклиф қилган.
“Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром” эгалигига ўтказиш бўлган. Худди шундай талаб “Қозоқгаз” компаниясига ҳам қўйилган, лекин компания бундай шартларга рози бўлмаган.
Россия томони илгари сурган иккинчи шарт – Хитойга газ экспорти ҳуқуқини топшириш бўлган. Яъни “Газпром” келишувда Ўзбекистоннинг “UzGasTrade” компанияси ўрнини эгаллашни таклиф қилган.
Декабр ойида икки томонлама музокаралар натижаларига кўра Россия томонининг шартларини олиб ташлашга эришилган”, – дея ёзмоқда нашр.
Kun.uz манбаси ҳам юқоридаги маълумотларни тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш бўйича келишув қисқа муддатли эмас, камида 10 йилга мўлжаллаб тузилишини талаб қилмоқда.
Шунингдек, вазиятдан хабардор манбанинг билдиришича, Москва томонидан расмий Тошкентга Россиядан бошқа ҳар қандай учинчи давлат билан энергетика йўналишидаги ҳамкорликни кучайтиришига қаршилик бўляпти. Акс ҳолда, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларга жиддий муаммолар туғилишига шама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Кремл газ эвазига Ўзбекистон ва Қозоғистонга сиёсий шартлар қўяётганини расман рад этган. Декабр ойида Россия президенти Владимир Путин “қандайдир энергетия алянси” тузилишига ишончи комил эканини айтганди. Лекин Россия билан газ масаласидаги ҳамкорлик уч томонлама иттифоқ шаклида бўлишини Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам хоҳламаяпти. Айни пайтда, ҳар икки мамлакат Россия билан газ масаласида икки томонлама музокаралар кетаётганини тасдиқлаган. Ўтган ҳафта Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов расмий Остона “уч томонлама иттифоқ” бўйича расмий таклиф олмаганини билдирганди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам Тошкент Москва билан энергоресурслар импорти масаласида “аллақандай алянс ёки иттифоқ” шаклида эмас, тўғридан тўғри икки томонлама шартномалар асосида ишлашни кўриб чиқаётганини айтганди.
“Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни қандайдир бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”, – деганди вазир декабр ойи бошида.
“Бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз. Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ”, – деганди Мирзамаҳмудов Kun.uz'га берган интервюсида.
Илёс Сафаров тайёрлади.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024