Украина «энг яхши» танкларни олади. Бу ҳақда нималар маълум?
АҚШ Украинага Abrams, Германия эса Leopard 2 танкларини юборади. Бошқаларга ҳам рухсат берилди.
Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт Украинага Leopard 2 танклари жўнатилиши ва бошқа давлатларга ҳам бу танкларни юборишга рухсат берилишини маълум қилди. Бу борадаги миш-мишлар сўнгги кунларда кучайиб кетганди ва ниҳоят 25 январ куни бу қарор расман эълон қилинди.
Шу пайтга қадар Германия ўзининг асосий жанговар танкларини Украинага юборишдан ўзини тийиб келаётган ва бошқа давлатларга ҳам уларни етказиб беришга рухсат бермаётганди. Бу эса Киевда ҳам, Украинанинг Ғарбдаги бошқа иттифоқчилари орасида ҳам кескин норозилик уйғотганди.
Хебештрайтнинг сўзларига кўра, Германия тез орада Украина учун иккита танк батальонини тузади ва биринчи босқичда ўз захираларидан 14 та Leopard танкини Киевга юборади.
Яқин фурсатда Украина қўшинларини Германияда ўқитиш бошланади. Бундесвер, шунингдек, Киевни логистика, техник жиҳозлар ва ўқ-дорилар билан ҳам таъминлайди, дейилади баёнотда.
«Ушбу қарор Украинани қўлимиздан келганча қўллаб-қувватлаш ҳақидаги йўналишимизга мос келади. Биз халқаро даражада яқин ҳамкорликда ҳаракат қилмоқдамиз», деган Олаф Шолц Бундестагда сўзлаган нутқида.
Депутатлардан бирининг Германиянинг позицияси нима учун ўзгаргани ва нима учун танкларни юбориш эндиликда провокация сифатида қабул қилинмаслиги ҳақидаги саволига канцлер шундай жавоб берди: «Ёлғиз ҳаракат қилиш қўпол хато бўлган бўларди, биз ҳамкорларимиз ва иттифоқчиларимиз билан бирга ҳаракат қилишимиз лозим. ‘Провокацияʼ сўзини мен ҳеч қачон ишлатмаганман. Провокация — бу Россия томонидан Украинага қарши бошланган тажовузкор урушдир».
«Германиянинг асосий жанговар танклари, мудофаани қўллаб-қувватлаш ва ўқув миссияларини янада кенгайтириш, ҳамкорларга бундай қуролларни етказиб бериш учун яшил чироқдир. Мен бу муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган қарор ҳақида ҳозиргина Олаф Шолц билан суҳбатда хабар топдим», дея ёзади Украина президенти Володимир Зеленский.
У шунингдек «канцлер ва барча дўстларга самимий миннатдорчилик билдирган».
Берлиннинг розилиги немис танкларини нафақат Германиядан, балки бундай танкларга эга бўлган бошқа мамлакатлардан ҳам етказиб бериш имкониятини очади. Бундан ташқари, Киевдагиларнинг фикрича, бу анчадан бери Украинага замонавий ҳужум қуролларини беришга иккиланиб келаётган давлатлар учун ўзига хос психологик тўсиқни олиб ташлайди. Бунга қадар Украинага оғир танклар етказиб берилишини эълон қилган ягона давлат Буюк Британия эди.
Украина учун Leopard’лар
Spiegel нашри маълумотларига кўра, Бундесверда турли моделдаги 212 та Leopard танклари мавжуд. 2022 йил ёз фасли бошидаги ҳолатга кўра, яна юзга яқин танклар таъмирлаш жараёнида бўлган.
Ҳисоб-китобларга кўра, бутун дунёда икки мингдан ортиқ турли модификациядаги Leopard танклари мавжуд. Украина президенти эса уларнинг 300 тага яқини Россиянинг мағлубиятини таъминлашга ёрдам беришини айтди.
Украина армиясига немис танкларини етказиб бериш масаласи бир ойдан ортиқ вақтдан бери муҳокама қилинмоқда. Баъзи давлатлар, жумладан Полша ва Финландия аллақачон ўз Leopard’ларининг бир қисмини Украинага беришни таклиф қилган, аммо бунинг учун уларга Берлин розилиги керак эди.
«23 январ куни Полша Германиядан Украинага Leopard 2 танкларини юбориш учун расман рухсат сўради. Бошқа давлатлар эса ҳозирча бундай сўров билан мурожаат қилмади», деди Хебештрайт.
Бироқ, бу ноодатий ҳолат эмас, чунки одатда, немис қуролларини қайта экспорт қилмоқчи бўлган давлатлар, Германияни ёзма рад жавоби беришга мажбурламаслик учун биринчи навбатда норасмий равишда бундай сўровларнинг бўлажак жавобини билиб олади.
ABC News нашрининг Украинанинг юқори мартабали мулозимига таяниб хабар беришича, Рамштейн авиабазасидаги музокаралар чоғида 12 давлат Берлин рухсат бериши биланоқ Киевга жами юзга яқин Leopard 2 танкларини етказиб беришга тайёрлигини билдирган.
25 январ куни Испаниянинг El Pais газетаси Испания ҳам Украинага бир нечта Leopard танкларини етказиб беришини хабар қилди, бироқ уларнинг сонини келтирмади. Лиссабондан олинган хабарларга кўра, Португалия Киевга тўртта танк жўнатишга тайёргарлик кўрмоқда.
Leopard танклари Германияда ишлаб чиқарилади ва бошқа давлатларга улар учинчи давлатга етказиб берилиши учун Берлин рухсати олиниши шарти билан экспорт қилинади.
Яқин вақтгача Германия бир қатор сабабларга кўра, хусусан Иккинчи жаҳон уруши мероси сабаб, можаро ҳудудларига принципиал равишда қурол етказиб бермаган. Вазият фақатгина Россиянинг Украинага бостириб кириши билан ўзгарди, шунда ҳам дарҳол эмас.
Фақат Leopard’лар эмас
АҚШ оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга кўра, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага Американинг М1 Abrams танкларини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ Вашингтон Киевга бундай техникани беришдан қатъий бош тортган эди.
АҚШ Abrams’ларни Украинага жўнатишга тайёрланаётгани ҳақида Америкадаги бир қатор йирик нашрлар Байден маъмуриятидаги номаълум манбаларига таяниб хабар берган. Ушбу манбаларнинг сўзларига кўра, гап 30 та танк ҳақида кетмоқда.
Аввалроқ АҚШ расмийлари Оқ уй Abrams’ларни Украинага жўнатмоқчи эмаслиги, аммо бунга сабаб Ғарб ва Россия ўртасидаги зиддиятни кучайтириб юборишдан қўрқув эмаслигини айтганди. Бунинг сабаби сифатида улар, АҚШнинг асосий жанговар танкларини ишлатиш жуда қийинлиги ва катта миқдорда ўзига хос ёнилғи талаб қилишини кўрсатган.
«Abrams — аслида жуда мураккаб машина. Улар қиммат ва уларни бошқаришни ўрганиш қийин. Уларга газ турбинали двигател ўрнатилган, танклар бир милга уч галлон реактив ёнилғи сарфлайди (тахминан 1 км учун 8,5 литр). Бу ишлатиш учун энг осон тизим эмас», деган эди Пентагон вакили Колин Кал Киевга яқиндаги ташрифи давомида.
Шу билан бирга, ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, турбина қисман ишончлилиги туфайли танк учун двигател сифатида танланган, ёнилғи борасида эса, унинг кўпхаржлиги оддийлик билан қопланади — яъни Abrams’ни реактив ёнилғи, бензин, дизел ва ҳатто кема ёнилғиси билан ҳам тўлдириш мумкин.
Кремлнинг реакцияси
Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Ғарб танкларининг «бирор нарсани ўзгартириш қобилияти нуқтайи назаридан» аҳамиятини ошириб юбормасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, бундай қадамлар фақат «Украина ва украин халқи учун муаммоларни кўпайтиради».
«Биз бу танклар ҳам бошқалар каби ёниб кетишини кўп бора айтганмиз», деган Кремль матбуот котиби.
«Ишончим комилки, кўплаб мутахассислар бу ғоя бемаънилигини тушунади. Шунчаки технологик жиҳатдан олсак ҳам, бу жуда муваффақиятсиз режа ва энг муҳими, бу Украина қуролли кучларига қўшилиши мумкин бўлган потенциални жуда ортиқча баҳолаш. Бу яна бир етарлича хомхаёл тушунча», дея АҚШнинг Abrams танкларини етказиб бериш эҳтимолига изоҳ берган Песков.
Россиянинг Германиядаги элчиси Сергей Нечаев Берлиннинг қарорини «ўта хавфли» деб атади, чунки бу «можарони янги даражага кўтаради».
«Яна бир бор амин бўлдикки, Германия, энг яқин иттифоқчилари каби, Украина инқирозини дипломатик йўл билан ҳал қилишдан манфаатдор эмас, ва аксинча урушнинг доимий равишда кучайиши ва Киев режимини чексиз янги ҳалокатли қуроллар билан таъминлашдан манфаатдор. Қизил чизиқлар ўтмишда қолди», деган Россия элчиси.
Дунё давлатлари реакцияси
Полша бош вазири Матеуш Моравецкий Германиянинг Украинага Leopard 2 танкларини юбориш қарорини олқишлаб, канцлер Олаф Шолцга миннатдорчилик билдирди ва бу қарорни «Россияни тўхтатиш йўлидаги катта қадам» деб атади.
«Биргаликда биз кучлироқмиз», деб ёзди у ўз твиттерида.
Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Германиянинг Киевга жанговар танклар юбориш қарорини олқишлади ва бу Украинанинг мудофаавий қобилиятини кучайтиришини таъкидлади.
«Биз биргаликда Украина бу урушда ғалаба қозониши ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиши учун саъй-ҳаракатларни кучайтирмоқдамиз», деб ёзди Британия бош вазири твиттерда.
«Франция Германиянинг қарорини олқишлайди, бу биз АМХ10 RC танкларини етказиб бериш бўйича кўрсатган ёрдамимизни кенгайтиради ва кучайтиради», — дейилади Елисей саройи баёнотида. Бу билан Париж Украинага жўнатмоқчи бўлган енгил ғилдиракли жанговар машиналарни назарда тутган.
Тавсия этамиз
Бойлар давраси: дунё миллиардерлари Трамп инаугурациясида йиғилди
Жаҳон | 22:19 / 21.01.2025
Қўли кесилган 2 ойлик чақалоқ: унинг яқинлари шифокорлардан норози
Жамият | 14:20 / 21.01.2025
100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляптими?
Иқтисодиёт | 11:05 / 21.01.2025
АПЛдаги илк ўзбек. Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Спорт | 09:16 / 21.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентдаги давлат идораларида ҳар жума «Миллий либослар куни» ўтказилади
Жамият | 16:18
-
Байден оила аъзолари ва Капитолийга ҳужум терговчиларини олдиндан афв этди. Бу нима учун керак?
Жаҳон | 15:46
-
Ҳар икки томон ҳам ён бериши керак — АҚШнинг янги давлат котиби Украинадаги сулҳ ҳақида
Жаҳон | 15:12
-
Ўлим учун “навбат кутиш” – дунёдаги энг баланд чўққига чиқиш машаққатлари ҳақида
Жаҳон | 15:06
Мавзуга оид
15:12
Ҳар икки томон ҳам ён бериши керак — АҚШнинг янги давлат котиби Украинадаги сулҳ ҳақида
14:28
Зеленский: Украинага камида 200 минг нафар тинчликпарвар керак
21:16 / 21.01.2025
Хавфсизлик кафолати бўлмаса, Путин 10 баробар кучли армия билан қайтади — Зеленский
20:22 / 21.01.2025