Исроил элчиси: Киевга маълум бўлганидан кўпроқ ёрдам беряпмиз
Исроилнинг Германиядаги элчисига кўра, унинг мамлакати Россия билан урушда Украинага ошкор бўлмаган тарзда ёрдам беряпти. Расмий даражада Исроил Киевга қурол етказиб беришни қатъиян рад этади.
Исроил Россияга қарши урушда Украинани жамоатчилик билганидан кўра кенгроқ миқёсда қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда Исроилнинг Германиядаги элчиси Рон Просор 28 январь, шанба куни чоп этилган Funke Mediengruppe нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди. Исроил Украинага ёрдам бермоқда, «лекин парда ортида ва маълум бўлганидан ҳам кўпроқ», деди дипломат.
У ушбу масала бўйича ўз мамлакати тутган вазмин позицияни тушунишга чақирди. «Сурияда россияликлар бор. Маълумки, Исроил армияси Эрондан Сурия ва Ливанга қурол-яроғ етказиб беришни мунтазам равишда тўхтатиб қолади. Улар орасида Эроннинг учувчисиз учоқлари ва Россия Украинада қўллаётган ракеталари ҳам бор», — деди Просор.
Исроил жим ҳаракат қилишга мажбур бўлаётган иккинчи ҳолатга тўхталиб, у Россияда катта яҳудийлар жамоасининг мавжудлигини айтди.
Исроил расмийлари Россиянинг Украинадаги урушини бир неча бор ва сўзсиз қоралаган, 19 январь куни янги ташқи ишлар вазири Эли Коэн Киевни гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишига ишонтирган эди. Аммо, умуман олганда, Исроил ҳали ҳам вазмин позицияни эгаллаб, Украинага қурол-яроғ етказиб беришни қатъиян рад этяпти, дея таъкидлайди dpa агентлиги.