Ўзбекистон | 17:01 / 07.02.2023
20385
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ўқитувчиларининг аттестацияси бекор қилинмаган — вазирлик

Педагоглар аттестациясига масъул ташкилот – Таълим инспекцияси тугатилгани боис баҳорги аттестация учун аризалар қабули ҳали бошланмади. Бу ўқитувчилар орасида аттестация ўтказилмаслиги мумкин деган хабарлар тарқалишига сабаб бўляпти. Kun.uz Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан ҳолат ҳақида изоҳ олди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда ижро ҳокимиятининг ташкилий тузилмасини янгилашга оид президент фармони билан Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси тугатилиб, унинг функциялари қисман Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига ўтказилди.

Таълим инспекциясининг тугатилиши ва педагоглар аттестацияси муддатлари яқинлашгани, бироқ ҳали аттестация учун аризалар қабули бошланмагани ўқитувчилар ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

Масалан, ўтган йили айни шу пайтда март-июн ойида ўтадиган аттестация учун қабул бошланган эди. Лекин инспекция тугатилгани ва таълим вазирликларида ҳам қисқаришлар бўлгани учун аттестация ҳақида расмий хабар берилмади. Шунинг учун ҳам таълимга оид турли норасмий каналлар педагоглар аттестацияси бекор бўлиши кутиляпти деган мазмунда хабарлар беришни бошлади. Йилда икки марта бўладиган аттестация ўқитувчиларнинг тоифасини ошириб олишлари ва шунинг билан ойлик маошлари кўтарилишига ҳам ёрдам беради. Шунинг учун ўқитувчилар ўртасида унга қизиқиш баланд. Масалан, ўтган йили баҳорги аттестация учун 280 минг ўқитувчи ариза топширган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, аттестация жараёнларига масъул бўлган ташкилот – Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ёпилгани сабаб ҳозир вазифалар тақсимоти ишлари амалга ошириляпти. Ишлар тўлиқ йўлга қўйилгач, барчаси ўрнатилган тартибда давом эттирилади. Аттестация бекор қилингани ҳақидаги хабарлар эса асоссиз.

Мавзуга оид