Жаҳон | 22:33 / 23.02.2023
14767
2 дақиқада ўқилади

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё давлатларини Ғарбга нисбатан эҳтиёткор бўлишга чақирди 

Россия ТИВ Марказий Осиёда Вашингтоннинг демократик ислоҳотларига ўрин йўқ, деб ҳисобламоқда. 

Фото: РИА Новости

Россия Марказий Осиё давлатларини Ғарб билан ўзаро муносабатларни ўрнатишда максимал даражада эҳтиёт бўлишга чақирди. Бу ҳақда ТАСС агентлигига берган интервюсида ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин айтиб ўтди. 

«Биз ва марказий осиёлик дўстларимиз Американинг «меҳрибонлиги» қандай бўлганини яхши эслаймиз, масалан, Қўшма Штатларнинг яқиндаги афғон достони қандай якун топди? Бетартиблик ва вайроналардан бошқа нарса эмас. Ҳозирги вақтда, кўп қутбли дунёга интилиш кучайиб бораётган вазиятда Вашингтоннинг демократик ислоҳотларига ўрин йўқ. Улар энг яхши ҳолатда рангли инқилоблар билан тугайди», деди у. 

Унинг сўзларига кўра, Россия бундай вазиятда марказий осиёлик ҳамкорларни Ғарб давлатлари билан муносабатларда имкон қадар эҳтиёткор бўлишга чақиради. 

«Биз Марказий Осиё ва умуман МДҲ давлатларининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш — биринчи навбатда ўз давлатларимиз вазифаси эканига ишончимиз комил, шубҳали мақсадларни кўзлаётган минтақадан ташқари ўйинчиларнинг эмас. Бу мақсадларга эришиш учун бизда ҳамма инструмент бор – МДҲ, КХШТ ва икки томонлама ихтисослашув келишувлари», деди Михаил Галузин. 

Аввалроқ, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Марказий Осиё давлатларини Россия билан муносабатларни узишга мажбурламоқчи бўлаётгани ҳақида гапирган эди. 

Мавзуга оид