«Фақат «маънавий» ёрдам» — Хитой Россияга қурол етказиб беришдан нега ўзини тиймоқда?
Хитой ташқи сиёсатда «мустақилмиз, Россия билан муносабатларни ўзимиз ҳал қиламиз», дейди. Лекин реал амалиётда ўта прагматик давлат. Бугунги кунда ҳам, Россияга оғзаки «маънавий ёрдам» берса-да, АҚШ ва Евроиттифоқ билан иқтисодий ҳамкорлиги пасайишига сабаб бўладиган ҳаракатлардан тийилмоқда, дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
Kun.uz мухбири сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан Россия-Украина уруши атрофидаги воқеалар, Россияга нисбатан АҚШ ва Хитой юритаётган сиёсат борасида суҳбатлашди.
— Россиянинг глобал йирик иттифоқчиларидан бири – ХХР. Мюнхен конференциясидан кейин ХХР собиқ ташқи ишлар вазири Ван И бир неча кунлик ташриф билан Москвада бўлди. Хитойнинг позицияси жуда қизиқ бу урушда: бир тарафдан Украинанинг ҳудудий яхлитлигини таъкидлайди ва бу билан Россияга қарши эканини билдиради. Яъни ўша ҳудудларнинг аннексия бўлишини истамайди. Чунки Хитойнинг ўзининг маълум бир ҳудудий муаммолари бор, яъни Тайванни ўзига қўшиб олишни истайди. Халқаро эътирофларга кўра, Тайван – унинг ҳудуди.
Иккинчи томондан эса Россияни ўзига иттифоқчи кўриб, АҚШга қарши туришни истайди. Чунки барча экспертлар биладики, 21-аср – ХХР ва АҚШ ўртасидаги «тирашув» асри. Чунки бугун дунёнинг иккинчи қудрати, ЯИМ улушига кўра биринчи иқтисодий куч бу – Хитой. Хитойда ЯИМнинг номинал кўрсаткичи АҚШникидан бироз пастроқ, лекин сотиб олиш қудрати билан биринчи ўринда (АҚШдаги 1 доллар билан Хитойдаги 1 доллар қиймати фарқ қилади). Дунё ЯИМдаги АҚШ улуши тахминан 15 фоиз бўлса, Хитойники 18 фоиз. Дунё миқёсидаги 3 фоиз ниҳоятда катта кўрсаткич.
Шунинг учун ҳам Ван И бугунги кунда Москвада бўлиб, қандайдир воситачилик қилишга ҳаракат қиляпти. Унга Байден томонидан ёки Блинкен томонидан, умуман, коллектив Ғарб томонидан саволлар қўйиляпти. Боррель ҳам интервью бериб айтдики, «Биз Хитой мулозимларига очиқдан очиқ савол бериб айтдик: сизлар Россияга қурол ёки ғалаба қилиши учун қандайдир ёрдам беряпсизми, деган масалага йўқ деб жавоб беришди. Биз вазиятни кузатишда давом этамиз», деган сўзлар янгради. Демак, Хитойга ҳам катта босим бўляпти. Хитой эса ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Россияга «маънавий ёрдам» берса-да, лекин унинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги коллектив ғарб билан ниҳоятда катта. Бу ерда мувозанат сақлашга мажбур бўлади.
Умуман олганда, сўнгги 5-6 ойда Хитой ва Россия ўртасида оғзаки даражада дўстлик сақланиб қолаётган бўлса-да, ҳамкорлиги нисбатан пасайиб боряпти, менимча. Бу ҳам Россиянинг глобал майдонда иттифоқчилари камайиб бораётганини кўрсатади.
— Европа иттифоқи раҳбарлари айтяптики, Хитой қурол-яроғ етказиб берадиган бўлса, «қизил чизиқ»дан ўтганини билдиради. Агар, назарий жиҳатдан шундай ҳолат юз берса, коллектив ғарбда Хитойга қарши қўллайдиган бирор таъсир чораси борми?
— Хитойга таъсир қилувчи энг асосий восита – савдо-иқтисодий алоқаларни қисқартириш. Яъни Хитой истамайдиган нарса бу – санкциялар. Тайван масаласида ҳам Хитой вазиятни кузатди.
Савол пайдо бўлади: нима учун Россия кутилмаганда Украинага бостириб кирди? Россия атрофидаги экспертлар айтадики, 20 йиллик урушдан кейин Афғонистонда енгилган АҚШ заифлашди, деган хулосага келади Путин. Агар уруш бошласак, АҚШ Украинага ёрдам беролмайди, деган фикр билан урушни бошлайди.
Хитой ва АҚШ ўртасида Обама ва Трамп даврида ҳам савдо-иқтисодий урушлар бўлди. Бугун муносабатлар кичик-кичик қадамлар билан меъёрийлашяпти. Хитой эса бу муносабатларининг қайтадан бузилишини истамайди. Шунинг учун ҳам таъсир қилиш чораси савдо-иқтисодий муносабатларни пасайтириш: Хитой маҳсулотларига қўшимча солиқлар жорий қилиш, Хитой товарларини чеклаш ва шу орқали Хитойга жуда ҳам катта зарар етказилиши мумкин. Албатта, Хитой буни истамайди.
Хитой сиёсатини тушуниш керак. «Биз мустақил давлатмиз ва мустақил қудратмиз. Россия билан муносабатларни сизнинг қош-қовоғингизга қараб белгиламаймиз» дейди Хитой. Лекин реал амалиётда ўта прагматик давлат. Яъни АҚШ ва Европа иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорлигини пастга тушишига сабаб бўладиган хатти-ҳаракатлардан тийилиб турибди бугунги кунда ҳам.
- Тўлиқ интервюни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
01:17
Россияда ота-она қаровисиз қолган уч нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
23:30 / 26.11.2024
Кремл туғилиш кам бўлган ҳудудларнинг губернаторларини истеъфога чиқаришни бошлайди
21:56 / 26.11.2024
Россияда 174 минг нафар полициячи етишмаётгани маълум бўлди
20:12 / 22.11.2024