Жаҳон | 23:08 / 01.03.2023
9138
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ҳам TikTok блокланиши мумкин

Америка Конгресси вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси TikTok ижтимоий тармоғини АҚШда бутунлай тақиқлаш бўйича қонун лойиҳасини маъқуллади.

Фото: Getty Images

Ижтимоий тармоқ Хитой фойдасига жосуслик қилаётганликда айбланмоқда. Аввалроқ Америка давлат хизматчиларига 30 кун ичида TikTok’дан фойдаланишдан воз кечиш тавсия қилинган эди.

Хитойнинг ByteDance компанияси ўзига тегишли TikTok’нинг АҚШ бўйича фойдаланувчиларнинг маълумотлари Американинг ўзида, захира нусхаси Сингапурда сақланишини таъкидлаган.

Хитой томони тақиққа эътироз билдирган. Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг Оқ уй Хитой бизнесининг АҚШда ишлашига тўсқинлик қиляпти, деган.

Мао Нинг жумладан шундай деган:

«АҚШ каби жаҳоннинг ўзига ишонган, етакчи барқудрат давлати ёшларнинг севимли иловасидан шу қадар қўрқиши учун ўзига ишончини қанчалик йўқотиши керак? АҚШ миллий хавфсизлик доирасидан чиқиб, хорижий компанияларни бўғиш учун давлат ҳокимиятидан фойдаланмоқда. Биз бу хато ҳаракатларга қатъиян қаршимиз. АҚШ ҳукумати бозор иқтисодиёти ва ҳалол рақобат принципларини ҳурмат қилиши керак».

Маълумотларга кўра, айни пайтда АҚШ ёшларининг 70 фоизи ёки 100 миллион киши TikTok’дан фойдаланади.

Аввалроқ Европа Комиссияси ва Европа Кенгаши ҳам киберхавфсизлик юзасидан ўз ходимларидан TikTok’ни иш қурилмаларидан олиб ташлашни талаб қилган эди.

Forbes нашри маълумотларига кўра, 2022 йилда TikTok жаҳон бўйлаб энг кўп юклаб олинган мобил илова бўлган.

Эслатиб ўтамиз, TikTok Ўзбекистонда блокланган ягона ижтимоий тармоқлигича қолмоқда.

Мавзуга оид