Жаҳон | 17:02 / 02.03.2023
7431
2 дақиқада ўқилади

Ғарб БААни Россияга товарлар реэкспортини тўхтатишга чақирди

Санкциялар учун масъул амалдорлар БААдан Россияга электроника реэкспорти Украинадаги урушга ҳисса қўшиши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади Британиянинг Financial Times газетаси.

Фото: AP

Буюк Британиянинг Financial Times газетаси 2 март, пайшанба куни хабар беришича, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия вакиллари Бирлашган Араб Амирликлари билан Россияга товарлар реэкспортини тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Хусусан, Ғарб расмийлари Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган электрон компонентлар етказиб берилишидан хавотирда

Ғарб БААни Россия учун савдо чекловларига риоя қилишга чақирмоқда. Ўз навбатида, мамлакат вакили Абу-Дабида «санкциялар остида қолган ташкилотлар билан ишлаш бўйича аниқ ва ишончли жараёнлар» борлигини айтди. 

Россия Федерал божхона хизматининг статистик маълумотларига кўра, 2022 йилда БААдан Россияга электрон компонентлар экспорти ўтган йилга нисбатан етти баравардан кўпроқ ўсди ва деярли 283 миллион долларни ташкил этди, дея таҳлил қилди «Свободная Россия» фонди. Бундан ташқари, сўнгги бир йил ичида Амирликлар Россияга 2021 йилга нисбатан 15 баробар кўп микрочип жўнатди: бу маҳсулотлар савдоси ҳажми ўтган йили 2021 йилдаги 1,6 миллион доллардан 24,3 миллион долларгача ошди. 

Европа Иттифоқининг Eurostat статистика хизмати маълумотларига кўра, Украинадаги урушнинг дастлабки тўққиз ойида Европа Иттифоқидан Россияга товарлар етказиб бериш ҳажми 47 фоизга камайди. Худди шу даврда МДҲ мамлакатларига (Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Ўзбекистон ва Қирғизистон) Европа маҳсулотларини етказиб бериш 48 фоизга ошди. Россиянинг қўшни давлатларига экспорт Малта ва Швециядан ташқари барча Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан кўпайтирилди. МДҲ давлатлари Россияга товарларни реэкспорт қилиш учун транзит пунктлари вазифасини бажаради. 

Мавзуга оид