Жаҳон | 20:14 / 06.03.2023
15347
9 дақиқада ўқилади

Хитой кичик иқтисодий ўсишни мақсад қилмоқда ва мудофаа харажатларини оширмоқда

Бундан ташқари Си Жинпинг ҳокимияти янада мустаҳкамланяпти.

Дам олиш кунлари Хитойда анъанавий «икки» сессия очилди. Булар бир пайтда бошланувчи, аммо қўшма бўлмаган Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши съезди ва Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши қурултойидир. Ушбу йиғинларда аллақачон ҳарбий харажатларни ошириш ва нисбатан паст кўрсаткичлар кўзланган иқтисодий режа эълон қилинди. Энди эса муҳим расмиятчилик ўтказилади — Си Жинпинг давлат раҳбари сифатида тасдиқланади.

Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши (ХХСМК) маслаҳат органи, Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши (БХВЙ) эса қонун чиқарувчи орган ҳисобланади. БХВЙ шунчаки партия ва ҳукуматнинг қонунчилик ташаббусларини тасдиқловчи тузилма бўлса-да, аслида у соф номинал парламентдир.

ХХСМК сессияси 4 март куни, БХВЙ сессияси эса 5 март куни бошланди. Ҳар икки съезд тахминан икки ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Ҳокимиятни мустаҳкамлаш

Си Жинпинг нафақат мутлақ етакчига айланди, балки мамлакат раҳбарияти таркибини ҳам алмаштирмоқда. Чапдаги суратда Сининг ёнида лавозимни тарк этаётган Ли Кэцан жой олган, ўнгдагисида – ўзининг ишончли кишиси, бўлажак бош вазир Ли Цян билан.

Си Жинпинг 2022 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган партия қурултойида Хитой Коммунистик партияси (ХКП) бош котиби ва ҳарбий комиссия раиси этиб учинчи беш йиллик муддатга сайланганидан бери биринчи марта БХВЙ сессияси ўтказилмоқда.

Си Жинпингнинг учинчи марта сайланиши узоқ йиллардан бери давом этаётган ҳеч бир партия ёки давлат раҳбари икки муддатдан ортиқ ишламаслиги анъанасига барҳам берди. 2018 йилги БХВЙ йиғилишида қонунчилар президентлик муддати чекловини бекор қилишни маъқуллашди, бу эса Си Жинпингга ҳокимиятда умрбод қолиш имкониятини берди.

Бу сафар халқ вакиллари Си Жинпингни президент сифатида тасдиқлайди ва шу тариқа унинг мамлакат устидан назоратини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, президент тарафдорлари орасидан янги бош вазир, молия сектори ва марказий банк раҳбарлари ҳам тайинланиши кутилмоқда.

Хитой раҳбарининг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлмиш Ли Цян янги бош вазир бўлиши деярли аниқ. У ХКПнинг Шанҳай шуъбаси котиби бўлган. Цян бу ерда 2022 йил ноябр ойида мисли кўрилмаган норозилик ҳаракатларини келтириб чиқарган пандемия пайтидаги карантин қоидаларини назорат қилган.

Австралия Миллий университетининг Хитой сиёсати бўйича эксперти Вен-ти Сун фикрича, ҳозир Хитой конституциясига янги ўзгартиришлар киритадиган янги сиёсий давр бошланмоқда.

Экспертнинг сўзларига кўра, ўзгартиришлар икки асос деб аталадиган назарияни қонунлаштириши мумкин — бу партиявий-сиёсий атама бўлиб, Си Жинпингнинг ХКП «ядроси»га айланишини ва унинг ғояларини партиянинг асосий мафкураси сифатида белгиловчи янги таълимотни англатади.

Бундан ташқари, қурултойда ҳукумат функцияларига жиддий ўзгаришлар киритилиши эҳтимолдан холи эмас. Гап партия ва давлат институтларини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ҳақида бормоқда. Ҳозирча тафсилотлар йўқ, аммо шунга ўхшаш ҳодиса 2018 йилда содир бўлган эди.

«Даврнинг охири: қайта тикланган авторитаризм Хитойнинг юксалишига қандай путур етказмоқда» китоби муаллифи Карл Минзнернинг қайд этишича, ўшанда (2018 йилда) «Хитой давлат бюрократиясининг ‘сезиларлиʼ қайта тақсимланиши» (партия назоратига қайтиш) юз берган. Мисол тариқасида у Дин ишлари бўйича давлат комиссияси ва Миллатлар комиссиясининг партия тузилмалари назорати остига ўтганини келтирган.

Минзнер ҳозирги Коммунистик партия ролини кучайтириш тенденцияси сақланиб қолишини ҳисобга олиб, Хитой иқтисодиёти ўсишига жуда пессимистик ёндашади.

«Пекиннинг ХХ асрнинг сўнгги йигирма йиллиги ва ХХ асрнинг биринчи ўн йиллигида сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги муваффақиятсизлиги сиёсий тизимнинг, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига жорий этишга қаратилган барча ҳаракатларга қарамай, ўзини ўзи йўқ қилишига олиб келади», дейди олим.

Камтарона иқтисодий ўсиш

Шанҳай дунёдаги энг қатъий карантинлардан бирини бошдан кечирди. Иқтисодиёт жиддий зарар кўрди, мамлакат ичкарисида истеъмол ҳажми кескин пасайди. Прогноз қилинаётган иқтисодий ўсиш фақат локдаунлар бекор бўлиши ҳисобига рўй бериши мумкин.

Бош омиллар қатори, пандемия даврида жорий этилган кескин карантин чоралари сабаб ўсиши анча секинлашган иқтисодиёт ҳақиқатан ҳам Си Жинпингнинг Ахиллес товонига айланиши мумкин.

Афтидан, шунинг учун ҳам Хитойнинг муддати тугаётган бош вазири Ли Кэцян БХВЙ делегатлари олдида сўзлаган нутқида, 2023 йилда мамлакат «тахминан беш фоиз» иқтисодий ўсишга ҳаракат қилишини айтди. Ушбу камтарона кўрсаткич (сўнгги ўттиз йилдаги энг пасти) халқни иқтисодий барқарорлик тикланганига ишонтириш учун мўлжалланган. Си Жинпинг ҳокимиятнинг барча ричагларини ўз қўлига жамлаган ҳолда, мамлакатни ҳеч бўлмаганда пандемиядан олдинги ўсиш даражасига қайтармоқчи.

Хитойнинг расмий иқтисодий ўсиш мақсадлари сўнгги ўн йил ичида пасайиб кетди, чунки расмийлар мамлакатнинг ўсиб бораётган қарз юкини жиловлашга ва карантин чоралари сабаб кескин пасайиб кетган ички истеъмолнинг ўсишини рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Goldman Sachs инвестицион банки таҳлилчилари фикрича, ўтган йили бу кўрсаткич уч фоиздан сал кўпроқни ташкил этгани ҳисобга олинса, бундай иқтисодий ўсишга эришиш унчалик қийин бўлмайди. Уларнинг прогнозларига кўра, коронавирус чекловлари олиб ташланганидан кейин истеъмол ўсиши ҳисобидан бу йил иқтисодий ўсиш 5,5 фоизгача кўтарилади.

«Расмий эълон қилинган ушбу иқтисодий мақсад Хитой ҳукумати ялпи ички маҳсулот ўсишини иқтисодий ва молиявий сиёсатнинг асосий тамойилига қайтариш ниятида эканини кўрсатади. Лекин бир вақтнинг ўзида бу тезкор иқтисодий ўсиш даври тугаганидан ҳам дарак беради», дейди Брукингз институти катта илмий ходими Эсвар Прасад.

Ҳарбий харажатлар

Сўнгги вақтларда Хитой тез-тез ҳарбий кучини намойиш этмоқда, аммо ҳозирча ҳарбий ҳаракатлар бошлашга интилмаяпти. Аксар сиёсий ва ҳарбий таҳлилчилар ҳисоблашича, Хитой Россия Украинага қарши бошлаган уруш ва унга жаҳон ҳамжамияти томонидан бўлаётган реакцияни синчковлик билан кузатиб бормоқда.

Камтарона иқтисодий ўсиш мақсади фонида съезд ҳарбий харажатларни оширди. Пекин йиллик ҳарбий бюджетни 225 миллиард долларгача кўпайтирди. Бироқ, Хитойнинг ушбу оширилган ҳарбий бюджети ҳам Вашингтоннинг ҳарбий бюджетидан сезиларли даражада (тўрт баробар) кам.

Бироқ, баъзи таҳлилчилар фикрича, Хитой ўз расмий мудофаа харажатлари кўрсаткичларини атайин камайтириб кўрсатмоқда. Аслида ҳарбий харажатлар анча катта бўлиши мумкин.

Ҳарбий бюджетдаги бу ўсиш қисман АҚШ билан муносабатлар ёмонлашуви билан боғлиқ бўлиши мумкин. Феврал ойида АҚШ осмонида Хитойнинг юқори баландликдаги ҳаво шари уриб туширилди. Вашингтон бу шар айғоқчилик вазифаларини бажарганини иддао қилди ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Пекинга режалаштирилган ташрифи бекор қилинди. Хитой томони бу ўз йўлидан адашган метеорологик ҳаво шари бўлганини даъво қилишда давом этмоқда.

Блинкеннинг ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни қандайдир тарзда барқарорлаштириши мумкин эди.

Бош вазир Ли Кэцян БХВЙ делегатларига «Хитойга босим ўтказиш ва ушлаб туриш учун ташқи ҳаракатлар кучайиб бораётгани» ва шунинг учун «қуролли кучлар барча соҳаларда ҳарбий тайёргарлик ва шайликни кучайтириши кераклиги»ни айтди.

Бундан ташқари, Пекин унинг Россия билан муносабатларини диққат билан кузатаётган Ғарб давлатларига қандайдир тарзда жавоб бериши керак. Бир томондан, Хитой Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини қайта-қайта таъкидлаган бўлса, иккинчи томондан, Россиянинг қўшни давлатга ҳужумини ҳалигача қораламади. АҚШ Пекин Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳақида ўйлаётганини гумон қилмоқда.

Бироқ, Ғарб ва Хитой ўртасидаги қарама-қаршиликнинг асосий нуқтаси Тайвандир. АҚШ расмийлари Хитой яқин йилларда Тайванга бостириб киришга уриниб кўриши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Хитой Тайванни ўзининг ажралиб чиққан ҳудуди деб ҳисоблайди ва у эртами-кечми яна Пекин назоратига қайтиши керак деб билади.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид