Бу аёл ҳозирги кунга етиб келгунча соҳанинг энг кичик, энг оғир йўлларини босиб ўтган. Йигирма йил аввал бозорда чангга беланиб яшикда гул кўчатларини сотган. Оилада кўп фарзанд бўлган, камбағаллик қийнаган. Ака-укаларига камбағал экан, деб келин топилмаган. Бу энди эски ҳикоя...
Шароф Рашидов туманида “Гулчи опа томорқа хизмати” кластерига асос солган Шарофат Нориева бугун йирик тадбиркор. У ёшлигида ота-онаси билан энг оғир ишларни қилган, бу оила табиатан ерга меҳр қўйган, деҳқончилик қилган.

1996 йил, Нориева ҳали турмуш ҳам қурмаган. Ўша вақтларда оилавий етиштирган гул кўчатларини бозорга олиб чиқиб сотган. Бир куни ҳамма ўзига тегишли маҳсулотни олиб бозордаги жойини ташлаб қочади. Бозорга вилоят раҳбари келаётган экан. Ёш Шарофат гулларини ташлаб ёки олиб қочишга улгурмайди. Айнан ўша пайтда Жиззах вилояти ҳокими бўлган Шавкат Мирзиёев унинг қаршисига келиб тўхтайди.

Вилоят ҳокими ёшгина Шарофат билан суҳбатлашади. Қизнинг оилавий бўлиб гулчилик билан шуғулланиши, шу орқали рўзғор тебратишидан хабар топади. “Қизим, сен гулларингни кўпайтир, вақти келиб бундай жойларда гул сотиб ўтирмайсан. Гулларингни ўзимиз оламиз”, дейди Мирзиёев.

Гулчи қиз бўлган воқеани ота-онасига айтиб беради. Шу тариқа улар ўзлари яшаб турган уйлардан бирининг том қисмини очиб, иссиқхона ташкил қилишади. Бир неча ойдан сўнг гуллар сотишга тайёр бўлади. Энди гулларимни ҳоким сотиб олади, деган хаёл билан ҳокимиятга боради. Аввалига уни ҳокимиятга киритишмайди. Ёш қиз дадил туриб “Менга гулларингни кўпайтир деб ҳоким айтган. Сотиб оламиз деганлари учун бу гулларни етиштирдик”, дейди. Бу шиддат ҳокимиятдагиларга яхши таъсир қилади. Ўзини ҳоким ўринбосариман деб таништирган одам гулларни сотиб олади.

“Биз шу тариқа камбағалликдан чиқдик. Ўша маблағга каттагина иссиқхона қилдик. Йилдан-йилга фаолиятимиз кенгайиб борди”, дейди Нориева.
Шарофат Нориеванинг оиласи ҳали ҳеч ким иссиқхона қуриш, томорқага замонавий ёндашув ҳақида ўйламаган йиллардаёқ бу ишга қўл уради. У гулчиликдан ташқари, паррандачилик, чорвачилик, мева-сабзавот етиштириш, умуман қишлоқ хўжалигининг деярли барча турлари билан шуғулланди. У энди камбағал эмас, аксинча, ҳар йили юзлаб кам таъминланган оилаларга иш беряпти.





















