08:42 / 05.04.2023
11273

LRT: Россияга ЕИдан самолётлар санкцияларни четлаб ўтган ҳолда олиб келиняпти

Россиялик тадбиркорнинг Туркия ва Италияда рўйхатдан ўтган компаниялари тармоғи россияликларга Европа Иттифоқи ҳудудидан самолётлар сотиб олиш ва уларни Россияга жўнатиш имконини беради, деб аниқлади литвалик журналистлар.

Photo: Getty Images

Россиялик тадбиркорлар Туркия ва Италиядаги компаниялар тармоғи орқали Европа Иттифоқи мамлакатларида самолёт сотиб олишлари мумкин бўлган. Ушбу схема бўйича текширув 4 апрел, сешанба куни Литванинг LRT телерадиокомпанияси журналистлари томонидан эълон қилинди.

Схемага учувчилар ва самолётлар эгаларининг Россия минтақалараро жамоат ташкилоти («АОПА-Россия») бошқарув аъзоси Евгений Кабанов номига рўйхатдан ўтган фирмалар киради. Унинг Россия компаниясининг телеграм-канали санкцияларга қарамай, Европада самолёт ёки вертолёт сотиб олишга, Европа Иттифоқида блокланган самолётни қайтаришга ёки эҳтиёт қисмларни сотиб олишга ёрдам бериши ҳақида хабар қолдирган.

Хусусан, LRT тўрт ўринли кичик Cessna 172 самолётини Данияда Кабанов номига рўйхатдан ўтган Туркиянинг Edermont компанияси сотиб олганини аниқлади. Харидор самолёт Туркияда фойдаланилишини даъво қилган, бироқ кейинчалик маълум бўлишича, Миланда рўйхатдан ўтган бошқа бир Кабанов компанияси MAK Aviation воситачилигида улар самолётни Швеция ва Литва орқали Псковга етказишга ҳаракат қилган. Литванинг Паланга шаҳри аэропортида ёнилғи қуйиш чоғида самолёт ушланди.

Дания ва Литва расмийлари санкцияларнинг бузилиши эҳтимоли бўйича текширув ўтказмоқда. Ўрнатилган чекловларга кўра, русларга тегишли, буюртма қилинган ёки бошқа йўл билан бошқариладиган самолётлар Европа Иттифоқига қўна олмайди ёки ундан чиқиб кета олмайди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top