Жаҳон | 22:13 / 07.04.2023
9912
2 дақиқада ўқилади

WSJ журналисти Гершковичга жосуслик бўйича айблов эълон қилинди 

Россия тергов қўмитаси уни ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганликда гумонламоқда. 

Фото: Сергей Савостьянов/ТАСС

Американинг The Wall Street Journal (WSJ) нашрининг Москвадаги бюроси журналисти Эван Гершковичга Россия тергов қўмитаси томонидан жосуслик бўйича айблов эълон қилинди, деб ёзди Interfax. 

«Гершковичга айблов эълон қилинди, у Россия Жиноят кодексининг 276-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда», деб ёзди нашр. 

Тергов маълумотларига кўра, журналист «Америка томонининг кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилиб, Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаган». 

1991 йилда туғилган АҚШ фуқароси Гершковичнинг ҳибсга олингани ҳақида 30 март куни Россия ФХХ Жамоатчилик билан алоқалар маркази хабар берган эди. Шу куни Москванинг Лефортово суди тергов талабига биноан журналистни 29 майгача ҳибсга олди. 

ФХХ тушунтирганидек, Гершкович Екатеринбургда «махфий маълумот олишга уринаётганда» ушланган. Кейинроқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналист «жиноят устида қўлга олинганини» айтди. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатда WSJ журналисти қўлга олинишидан хавотир билдирди ва уни зудлик билан озод этишга чақирди. 

Шунингдек, россиялик журналистлар ва жамоат арбоблари ҳам Гершковичга қўйилган айбловнинг мазмун-моҳияти ишончлилигига шубҳа билдириб, уни озод қилишга чақиришган эди. 

Мавзуга оид