Ўзбекистон | 16:43 / 11.04.2023
26832
3 дақиқада ўқилади

Халқ артистининг уйидан 600 минг долларлик тақинчоқлар ўғирланган. Бош прокуратура ҳолат бўйича қўшимча тергов ўтказилишини билдирди

Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедованинг интернетда тарқалган видеомурожаатида уйидан 600 минг долларга тенг қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлангани ва улар ҳалигача қайтарилмаётгани ҳақида сўз боради.

11 апрель куни Телеграм-каналларида Олий Хореография мактабида таҳсил олган, Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театрида фаолият юритган Малика Аҳмедованинг видеомурожаати тарқалди.

Малика Аҳмедованинг айтишича, ўтган йилнинг 28 декабр куни уйига тушган ўғрилар умумий қиймати 600 минг долларга баҳоланган тилла тақинчоқ, бриллиант ва бошқа қимматбаҳо тошларни ўғирлаб кетишган. Халқ артистига кўра, ушбу бойлик унга ота-онасидан мерос бўлиб қолган.

Видеомурожаатда ўғрилар тезда топилгани, лекин қимматбаҳо бриллиант ва тиллалар қайтарилмагани таъкидланади. Малика Аҳмедова ўғрилик уюштирилган деган фикрда. Аниқланишича, ўғрилар Навоийдаги қамоқхонадан чиққанидан уч-тўрт кун ўтиб Тошкентга келган ва унинг уйини тунаб кетишган.

Терговчилар санъаткорга ўғрилар зумрад, ёқут ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган тақинчоқларнинг асл қийматини билмасдан 250 минг сўмга сотиб юборишганини айтган. Видеомурожаатда жабрланувчи ушбу сўзларга ишонмаётгани ва тергов ҳаракатларидан норози эканини билдирган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, Малика Аҳмедова 11 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани прокурори Алиакбар Пулатов томонидан қабул қилинган ва унинг тергов билан боғлиқ эътироз ва важлари тингланган.

“Қабул давомида М.Аҳмедовага туман прокуратурасига тақдим қилинган жиноят иши тегишли тартибда ўрганиб чиқилгани ва тергов органига иш бўйича қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳақида ёзма кўрсатма берилганлиги тушунтирилди”, дейилади расмий муносабатда.

Қайд этилишича, 8 апрель куни жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш ва судга юбориш учун туман прокуратурасига тақдим қилинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов Малика Аҳмедованинг уйида содир бўлган ўғрилик билан боғлиқ жиноят иши бўйича қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказилиши ҳақида хабар берган.

Аввалроқ Дўрмондаги махсус қўриқланадиган, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева яшаб келган уйдан 12 500 доллар пул ўғирлангани хабар қилинганди. Kun.uz'нинг Сенат раисига яқин расмий манбаси ўғрилик содир этилган уй Норбоевага тегишли экани, яъни давлат томонидан Сенат раиси лавозимидаги фаолияти даври учун берилгани, лекин уйда унинг ўзи эмас, қизи яшаб келаётганини билдирганди.

Мавзуга оид