Жаҳон | 22:14 / 14.04.2023
13935
2 дақиқада ўқилади

Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон газ иттифоқини муҳокама қилишда олдинга силжиди – Лавров

Россия ташқи ишлар вазири фикрича, бу лойиҳадан келажакда ҳар бир томон фойда олишини кутиш мумкин. 

Фото: Россия ТИВ

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон уч томонлама газ иттифоқи лойиҳасини муҳокама қилишда олдинга силжиди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Сергей Лавров маълум қилди. 

Россиялик дипломатнинг фикрича, бу лойиҳадан келажакда ҳар бир томон фойда олишини кутиш мумкин. 

«Уч давлат – Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон, жумладан, президентлар даражасида энергия хавфсизлигини тўлиқ мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ушбу кенг кўламли лойиҳани муҳокама қилишда фаол олға силжиди», деди Лавров. 

14 апрель куни россиялик вазир Ўзбекистонга сафари якунларига бағишланган матбуот анжуманида иштирок этди. 

«Томонлар ҳам транзит шартлари, ҳам нарх шартлари бўйича келишиб олса, барчани ҳамма нарса қаноатлантирса, барча ғалаба қозонади», деб қўшимча қилди Лавров. 

Москва, Остона ва Тошкент ҳамкорлигининг бошқа тафсилотлари баёнотда келтирилмаган. 

2022 йил ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга «учтомонлама газ иттифоқи» тузишни таклиф қилган эди. Шундан кейин бу масалада бир неча марта икки томонлама учрашувлар ўтказилди. 

Музокараларда Россия ўз газини Қозоғистон орқали, «Марказий Осиё – Марказ» қувурлари орқали Ўзбекистонга етказиб беришни таклиф қилган. Эвазига эса Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида «Газпром» эгалигига ўтказиш ва Хитойга газ экспорти ҳуқуқини талаб қилган. Ўзбекистонлик экспертлар буни Россияга хос «энергетик уруш» деб номлаган эди. 

Мавзуга оид