Жамият | 17:59 / 19.04.2023
21514
3 дақиқада ўқилади

"Пахта терилмайдиган кунлар келишини хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз" – булунғурлик ўқитувчи

Яқин-яқин йилларгача ҳам жамиятимизда мактаб ўқувчилари, ўқитувчи ва шифокорлар энг арзон, аниқроғи текин ишчи кучи бўлиб хизмат қилди. Айниқса, пахта ва ғалла мавсумида энг кўп уларнинг меҳнатидан фойдаланилди. Ҳар янги ўқув йили бошланиши билан, уларнинг вақти кўпроқ мактабда эмас, пахта далаларида ўтди. Ўз устида ишлаш ўрнига, пахта терди, пахта терди, тераверди.

Эътироф этмоқ жоиз, бугун улар мажбурий меҳнатдан, хусусан пахта ҳашаридан қутулди.

Умуман, ўқитувчилар йиллар давомида таълимдан узоқлашиши оқибатида маълум бир авлодни йўқотдик. Яхши мутахассислар мактабдан кетди, ўзини бошқа соҳага урди. Фидойи муаллимлар озор чекди, номутахассислар, номуносиблар сони ортди. Бу хатолик ортидан катта-катта иллатларни етаклаб келишда давом этмоқда.

Ўқитувчининг дарси қолиб, қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб қилиниши, бу жараёнларга ўша вақтда ва ҳозир муаллимларнинг муносабати қандай бўлгани билан қизиқдик.

“Мен мактабда ўқиб юрган вақтларимданоқ пахтага чиққанман. Мавсум икки ойдан кам бўлмасди. Қорли-қировли кунларда ҳам далада бўлганмиз, пахта тугаб кетсаям кўсак терардик. Бу кимга керак бўлган, ҳозир ҳам тушунмайман.

Талабаликда ҳам пахтадан қутулмадим, ўқитувчи бўлиб пахта теришга чиқдим. Ўқувчиларни олиб чиқардик, уларнинг жавобгарлиги, камига “план тўлмади”, деган айбловлар билан кўпчилик олдида камситилиш... Ўз устимизда ишлашга имкон йўқ эди. Яқин йилларгача ҳам бу иллат давом этди. Ўқитувчи мажбурий меҳнатга жалб қилинди ва косаси оқармади.

Ҳозир оёғимга протез қўйилган. Бу касалликни совуқ ва иссиқда пахта даласида ўтган йиллар таъсиридан, деб биламан.

Бугун ўқувчиларимиз ҳали мактабни тугатмай турибоқ бир нечта олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланишимиз учун вақтимиз бор. Ўқитувчилар ҳам ўз устида ишлаши учун имконият ва вақт етарли. Биз қийин кунларда ҳам таълимни ташлаб кетмадик, соҳада қолдик. Демак, энди ишлайдиган вақт келди”, – дейди Булунғур туманидаги 71-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нодир Раҳимов.

Булунғур туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Фарида Ўташева “Қачондир муаллим пахта термайдиган кун келади дейишса, ишонмасдим”, дейди.

Ўташева бошланғич синф ўқитувчиси бўлган, ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида ёшларга таълим-тарбия бериб келяпти.

“Аёл киши эканим ва бошланғич синфларга дарс берганим учун ўзим пахтага боролмасдим. Лекин ўрнимга баъзан ўғлимни жўнатардим ёки кимгадир пул бериб, ўрнимга боришини илтимос қилардим.

Яқин йилларгача ҳам қандайдир маҳалладаги хатловлар, одамларни рўйхатга олиш, шароитини ўрганиш ҳам ўқитувчиларга қўшимча иш сифатида юкланди. Хонадонлар бўлиб бериларди. Бундай шароитда ишлаш рости оғир эди.

Ҳеч қачон эътироз қилолмаганмиз, биз шунга мажбурмиз, юқорининг топшириғи шундай деб кетаверганмиз”, – дейди Фарида Ўташева.

Мавзуга оид