2023 йил 17 апрел куни россиялик мухолифатчи ва публицист Владимир Кара-Мурза Москва шаҳар суди томонидан давлатга хиёнат қилишда айбдор деб топилди ва 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Кара-Мурзанинг узоқ муддатга қамалгани ҳақида фикр билдирган россиялик фаол, «Медиазона» мустақил нашри бош муҳаррири Сергей Смирнов «Кара-Мурза шубҳасиз Магнитский рўйхати учун 25 йилга қамалгани»ни айтди.

Хўш, бу қандай рўйхат? У россиялик амалдорларни нега жазавага туширади?

«Магнитский рўйхати» россиялик аудитор Сергей Магнитский номи билан боғлиқ. У 2007 йилда ўз ҳамкасблари билан Россия давлат бюджетидан 5,4 млрд рубл (ўша пайтдаги курс бўйича бу қарийб 200 млн доллар бўлади) ўзлаштирилиб юборилганини аниқлаганди.

Шундан сўнг Магнитский таъқибга учрайди ва 2008 йилда ҳибсга олинади. Унга катта миқдордаги солиқларни тўлашдан қочиш айби қўйилади. Сергей Москвада тергов қилинади ва ҳибсга олинганидан 11 ой ўтиб тергов изоляторида шубҳали тарзда вафот этади.

Магнитскийнинг ўлими хабари Россияда ҳам, унинг тергов қилинишини кузатиб борган Ғарб давлатларида ҳам нохушлик билан қарши олинади. Россиялик мухолифатчи сиёсатчилар – Борис Немцов ва Владимир Кара-Мурза эса Магнитскийнинг ўлимига дахлдор шахсларнинг дастлабки рўйхатини тузишади.

Кўп ўтмай АҚШ ана шу рўйхатни Магнитскийнинг ўлимига дахлдор бошқа тегишли номлар билан тўлдириб, уларга қарши санкциялар эълон қилади.

Кейинчалик, 2012 йилда АҚШда «Магнитский қонуни» қабул қилинади. Ўшандан буён аввалига россиялик, сўнг собиқ иттифоқ ҳудудидаги республикаларнинг айрим фуқаролари ҳам турли ишлари учун «Магнитский рўйхати»га киритила бошлайди.

Магнитский билан содир бўлган ҳодисалар ва унинг ўлими

Hermitage Capital Management фонди раҳбари америкалик Уилям Браудер

Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети битирувчиси бўлган Сергей Магнитский 1995 йилдан бошлаб америкалик адвокат Жеймс Файерстоун томонидан ташкил этилган Firestone Duncan хусусий консалтинг компаниясида иш бошлайди.

Кейинчалик у компаниянинг солиқ консултацияси ва аудиторлик бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. Ўша пайтда Россияда фаолият олиб бораётган кўплаб фирмалар Firestone Duncan’нинг мижозлари бўлиб, компания уларга ҳуқуқий хизматлар кўрсатарди.