1 майдан Ўзбекистон конституциясининг янги таҳрири кучга кирди. Унда давлат бошқарувининг олий органларига доир бир қатор ўзгаришлар жой олган.
Хусусан, президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Маълумот учун, бу муддат 2003 йилда ҳам 5 йилдан 7 йилга узайтирилган, 2011 йилда эса қайтиб 7 йилдан 5 йилга туширилган эди.
Шунингдек, президент муддатидан илгари президент сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди.
Бундан ташқари, бош вазир номзодини энди президент тақдим этади. Давлат раҳбари бош вазир номзодини тақдим этишдан олдин парламентга кирган барча партияларнинг фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши белгиланди. Қонунчилик палатаси президент тақдим этган номзодни кўриб чиқади, агар депутатларнинг ярмидан кўпи маъқулласа, бош вазир лавозимга тасдиқланади. Агар депутатлар номзодни уч марта рад этса, президент бош вазирни тайинлаб, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.
Аввалги тартибга кўра, бош вазир номзодини Қонунчилик палатасида энг кўп ўринни эгаллаган партия таклиф қилар, президент маъқуллагач, номзод икки палата томонидан тасдиқланиши талаб этиларди.
Бош вазирни тайинлаш ва унга ишончсизлик вотуми билдиришда Сенатнинг иштироки бекор қилинди. Эндиликда бунинг учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисми овоз бериши етарли (аввал ҳар икки палата аъзоларининг учдан икки қисми овоз бериши зарур эди; эслатиб ўтамиз, ишончсизлик вотуми эълон қилинса, президент бош вазирни лавозимидан озод этади).
Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш ҳам қуйи палатанинг ваколатига ўтказилди.
Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлди.
Қонунчилик палатаси олган асосий ваколатлардан яна бири қонунларга тааллуқли. Унга кўра, эндиликда Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси қонунни президентга юборади.
Қонунларнинг президент томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун белгиланган муддат 30 кундан 60 кунга узайтирилди. Президент томонидан қайтарилган қонун парламент палаталари томонидан яна қабул қилинган тақдирда, президентнинг бу қонунни имзолаш ва эълон қилиш муддати ўзгаришсиз (14 кун) қолдирилди.


















