Жаҳон | 11:04 / 05.05.2023
6173
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Молдова ва Гуржистон армияларига ёрдам беради

Молдова ва Гуржистоннинг мудофаа қобилиятини қўллаб-қувватлаш учун Европа Иттифоқи Европа тинчлик жамғармасидан яна ўн миллионлаб евро ажратади.

Фото: CNN

Европа Иттифоқи Молдова Республикаси Қуролли кучлари ва Гуржистон Мудофаа кучларига Европа тинчлик жамғармасидан (ЕТЖ) ёрдам кўрсатади. Бундай қарор Европа Иттифоқи кенгаши томонидан 4 май, пайшанба куни ушбу мамлакатларнинг миллий хавфсизлиги ва мудофаа барқарорлигини ошириш мақсадида қабул қилинди. "Биз уларнинг мудофаа секторларини мустаҳкамлашга ва ЕИ ҳарбий миссиялари ва операцияларида иштирок этиш қобилиятини яхшилашга ёрдам берамиз. Бу иккала мамлакат учун ЕТЖ учинчи ёрдам пакети бўлиб, Европа Иттифоқининг минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка содиқлигини яққол кўрсатиб турибди", деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Молдовага ҳаво ҳудудини кузатиш, транспорт, логистика, қўмондонлик, назорат ва кибермудофаа учун ускуналарни молиялаштиришга 36 ой давомида 40 миллион евро ажратилади. Молдова армиясининг бўлинмаларини таъминлаш, зарурат туғилганда техник тайёргарлик учун ҳам маблағ ажратилади.

Брюсселда хабар қилинганидек, бу Кишинёвнинг 6 февралдаги сўровига жавобдир. 2022 йил июн ойида ЕИ Кенгаши унга 40 миллион евро, 2021 йил декабрида эса 7 миллион евро миқдорида худди шундай ёрдам тақдим этган эди.

Шунингдек, Гуржистонга 36 ой ичида 30 миллион евро ажратилиб, ноҳарбий ускуналар – муҳандислик, қўмондонлик-назорат, тиббий, логистика ва кибермудофаа, шунингдек, Гуржистон армияси таъминоти, техник тайёргарликни ўтказиш учун маблағ ажратилади.

Ёрдам 8 феврал куни Гуржистон томонидан сўралган. 2021 ва 2022 йил декабр ойларида ЕИ Кенгаши Тбилисига мос равишда 12,75 миллион ва 20 миллион евро ажратди.

Жорий ёрдам Молдова ва Гуржистон армияларининг оператив самарадорлигини оширишга, шунингдек, уларни Европа Иттифоқи стандартларига мослаштиришга кўзда тутилган, “бу инқироз ва фавқулодда вазиятларда тинч аҳолини яхшироқ ҳимоя қилади”, дея маълум қилди Брюссел. Шунингдек, чора-тадбирлар ушбу мамлакатлар армияларининг Европа Иттифоқи ҳарбий миссиялари ва ундан ташқаридаги операцияларида иштирок этиш салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид