Жаҳон | 18:14 / 14.05.2023
27767
12 дақиқада ўқилади

Эрдўған даври: Туркия унинг ҳукмронлигида ўтган 20 йилда қандай ўзгарди?

Ражаб Тоййиб Эрдўған 20 йилдан буён Туркияни бошқармоқда. Бу йиллар ичида у ислоҳотчи бош вазирдан автократ президентга айланди, йўл-йўлакай Европа четидаги у қадар бой бўлмаган дунёвий демократияни бадавлат минтақавий исломий давлатга айлантира олди.

Туркия Эрдўған даврида бой ва диндор бўлди. Фото: AFP

Замонавий республика асосчиси Мустафо Камол Отатурк давридан буён Туркия бу қадар кескин ўзгаришларга учрамаган эди.

Бу ўзгаришларнинг аксарияти оммага ёқадиган ва ортга қайтмас бўлди. Янги Туркия 14 майда ўтадиган сайловларда Эрдўған ютқазган тақдирда ҳам унинг даврида эришган шакл шамойилда узоқ вақт қолаверади.

Хўш, Туркия Эрдўған ҳокимият тепасига келган 2003 йилдан буён нечоғлик ўзгарди? BBC бу ҳақда таҳлилий мақола тайёрлади.

Демократиядан автократияга

Эрдўған 2003 йилда бош вазир этиб сайланди ва дарҳол парламент республикасидан президентлик республикасига ўтиш учун асос тайёрлай бошлади.

2010 йилга келиб у президентни парламент эмас, халқ сайлашига эришди ва учинчи бош вазирлик муддати тугагач, 2014 йилда бу меъёрдан фойдаланиб, президентликка сайланди.

Аввалига лавозим декоратив кўринишга эга эди, бироқ бу Эрдўғанни ўз маслакдошлари бошқарувидаги ҳукумат ишларига аралашишдан тўхтата олмади. 2017 йилда у бироз устунлик билан янги референдумда ғолиб чиқди.

Бош вазир лавозими тугатилди, президентлик ваколатлари эса максимал равишда кенгайтирилди. Бир йилдан сўнг Эрдўған яна сайланди ва Туркиянинг якка ҳумдорига айланиб олди.

Парламент демократиясининг тийиб турувчи ва посанги бўлувчи тизими тугатилди. Туркия автократияга айланди. Президентга ҳукумат, сайлов комиссияси, судлар, полиция ва армия бўйсундирилди.

Президентнинг ваколатлари ошиб борар экан, фуқароларнинг эркинликлари камая борди. Фото: AFP

Ҳокимият жиловини бир жойга жамлаш Туркияни курдлар ва кипрликлар билан сулҳга эришиш умидидан маҳрум қилди, шундоқ ҳам узоқ бўлган Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истиқболлари эса тумандек тарқаб кетди.

2003 йилда Туркияда давлат раҳбари — бош вазир парламентдаги омонатгина коалиция тайинлови эди, унинг ҳокимияти чегараланган, тарафдорлар ва мухолифат билан муроса устига қурилган, исталган дақиқада лавозимдан маҳрум бўлиш хавфи мавжуд эди.

2023 йилга келиб эса давлат раҳбари — президент халқ номидан ўзи истаганча иш кўрмоқда. Маъмурий ресурс унга судлар ва матбуотга эътибор бермасдан, парламент ва йирик шаҳарлар мэрлари сайловлари натижаларига ҳам таъсир ўтказиш имконини беради.

Гарчи Эрдўған ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқа олмаётган бўлса-да, унда Туркияда яккаҳукмронлик ўрнатиш учун барча воситалар бор. Бу эса мамлакат сўнгги 20 йил ичида дучор бўлган энг биринчи ва энг катта ўзгаришдир.

Дунёвий давлатдан исломий давлатга

Эрдўған Отатурк чизғичлари билан бичилган дунёвий Туркияни қабул қилиб олди. Ўз ҳукмронлигининг йигирманчи йилига келиб у Туркияни исломий давлатга айлантирди.

Унинг даврида мактаб ва ишхоналарда рўмол ва ҳижобга жорий этилган тақиқ бекор қилинди. Истанбулдаги Византия даврида яратилган машҳур собор яна музейдан Аё София жомесига айлантирилди. Давлат ва дин ишларини аралаштиришга бўлган тақиқ секин-аста йўққа чиқарилди.

Эрдўған яна қайта жоме масжидига айлантирилишидан аввал Аё София музейида. 2020 йил. Фото: Getty Images

Эрдўғаннинг муқаддасликлари жамият ва сиёсий ҳаётнинг бир қисмига айланди. Президентнинг кўз қарашлари ҳар доим ҳам қонунан расмийлаштирилмаган, бироқ йўналиш аниқ олинган.

У феминисткаларга тамға урди, гендер тенгликни рад этди, эр-хотиннинг хиёнати учун жиноий жавобгарлик жорий қилишни таклиф этди ва барча мусулмонларни оилани режалаштиришдан воз кечишга чақирди.

Тарқоқ жамиятдан бўлинган жамиятга

Эрдўғаннинг шахси ва сиёсати унинг тарафдорларини бирлаштирди, лекин миллатни эмас. 20 йил муқаддам кўп овозли тарқоқ жамият қайнаган жой икки катта гуруҳга — президент ва унинг Туркияга қарашларига қаршилар ва тарафдорларга бўлиниб кетди.

Борган сайин унинг партияси ўта ўнг исломчилар ва миллатчилар билан яқинлаша борди. Қолган бошқалар — курдлар, алавийлар, дунёвий давлат тарафдорлари алал оқибатда Эрдўғаннинг муросасиз ички душманларига айланиб қолишди, чунки улар кунлар ўтиб нафақат манфаатлари, балки ҳаёти ҳам хавф остида қоладиган исломий султонликда уйғонишни исташмасди.

Эрдўғаннинг кескинлиги ва қатъийлиги, унинг маданий урушлар очишга тайёрлиги, бўлиб ташлаб ҳукмронлик қилишга интилишлари нафақат либералларни, консерваторлар лагеридаги собиқ маслакдошларини ҳам ундан узоқлаштирди.

Бўлиниш бўй кўрсата бошлагач, Эрдўған 2000-йиллар охирларида унга қарши инсонлардан дастлабки тозалашни ўтказди. Иккинчи тозалаш 2016 йилги тўнтаришга уринишдан сўнг рўй берди. Натижада, давлат бошқарувида бирорта унга қарши одам қолмади — фақат садоқатлилар ва унинг иродасини савол бермасдан амалга оширадиганлар қолди.

Эрдўған ҳамма ерда ҳозир-у нозир. У мамлакатнинг барча сиёсатини белгилаб беради — мудофаадан тортиб, кредит ставкаларигача.

Эрдўғаннинг тарафдорларига қаттиқ қўл ва ҳокимият вертикали жуда ёқади. Улар давлатни шу тариқа бошқариш аввалги омонат коалициялар давридагидан кўра яхшироқ, дейишади.

Рақиблари эса бундай сиёсат жамият институтларини бичиб қўйгани ва фуқароларга Эрдўғаннинг тўғридан тўғри топшириғисиз хизмат қилиш қобилиятидан айирганини таъкидлашади. Бу эса февралда рўй берган вайронкор зилзилалар чоғида яққол намоён бўлди. Эрдўған эса доимо банд, ҳамма нарсани ҳам бошдан оёқ тушунмайди, унинг глобал мақсадлари кўпинча оддий одамлар эҳтиёжларига мос тушмайди.

Рақиблар эса бор ҳокимият вертикалини Эрдўған ўзи учун яратгани, у ҳокимият тепасида қанчалик узоқ қолса, халқ иродаси қандай бўлишидан қатъи назар, ундан воз кечиши оғир бўлаверишини айтишмоқда.

Яшаш яхшиланди... кейин ёмонлашди

Эрдўғаннинг 20 йиллик бошқаруви даврида Туркия ва туркияликларнинг фаровонлиги кескин ошди.

Дастлабки ўн йиллик иқтисодиётнинг йилига муҳташам 8 фоизлик ўсишлари билан нишонланди, аҳоли жон бошига миллий бойлик қарийб уч бароабарга ошди — 2003 йилдаги 4,7 минг доллардан, 2013 йилдаги 12,5 минг долларгача.

Буларнинг барчасига либерал иқтисодий сиёсат ва Евроинтеграция истиқболи туфайли эришилди. Хорижликлар жон-жон деб Туркияга сармоя тика бошлашди, Эрдўған эса кенг миқёсдаги инфратузилма лойиҳаларига давлат пулини аямади.

“Эрдўған вертолётда гигант лойиҳани кўздан кечирмоқда” — президент фотосуратчисининг севимли сюжети. Бу ерда Эрдўған Abdülhamid Han бурғиловчи кемасини Ўрта Ер денгизига чиқишидан олдин кузатмоқда. Фото: Getty Images

Иккинчи ўн йилликка келиб ўсиш суръати икки баробарга пасайди, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳам ошмай қўйди, қайтага қисқарди, нархлар эса 2001 йилдан буён кузатилмаган суръатларда оша бошлади — йилига 60 фоиз. Миллий валюта — лира бир неча девалвацияларни бошдан кечирди.

Халқ Эрдўғаннинг дадил иқтисодий тажрибаси оқибатларини танасида ҳис қила бошлади. Ўзига барча институтларни бўйсундирган президент Марказий банкнинг кредит сиёсатига ҳам аралаша бошлади. Оралиқ натижа — сурункали инқироз ва турмуш даражаси пасайиши бўлди. Эрдўған бутун дунё иқтисодчиларидан ақлли эканини исботлай олиши ва бунга улгуриши ҳозирча очиқ масала.

Нима бўлганда ҳам, Туркиянинг Эрдўған давридаги 20 йиллик иқтисодий ривожланиши натижалари барибир ёрқин тарзда ижобий. Халқ яхши ва бойроқ яшай бошлади, иқтисодиётнинг бош соҳалари — энергетика, туризм, транспорт, саноат — ё барқарор, ё шиддат билан ривожланди.

Иқтисодиётни бош сайловлар олдидан чайқатмасдан бир маромда ушлаб туриши учун Эрдўғанга унинг бош ютуғи — Туркиянинг минтақавий барқудрат давлатга, жаҳон саҳнасида сезиларли ўйинчига айлантиргани ёрдам берди.

Жаҳондаги таъсирнинг кучайиши

Йигирма йил муқаддам Туркия бир осуда гўша эди, минтақадаги асосий ўйинчи АҚШ бўлиб, 2003 йил мартида Эрдўған бош вазир бўлганидан икки ҳафта ўтиб Америка Ироққа бостириб кирганди.

Ичида араб баҳори, Суриядаги урушларни қамраб олган йигирма йилдан сўнг АҚШ амалда Яқин Шарқни тарк этди, Эрдўған эса вазиятдан фойдаланиб, Эрон, Россия ва Форс кўрфази давлатлари билан бир қаторда Туркияни минтақадаги етакчи ўйинчилардан бирига айлантирди.

Туркия бу ҳолда НАТО аъзосилигича қолавермоқда, бу Эрдўғанга мудофаа алянсининг ғилдирагига чўп тиқишда халақит бермаяпти. Қандайдир бир вазиятда Эрдўған ҳаттоки АҚШга мушт ўқталди, бироқ бу можаро Туркияда кенг миқёсли валюта инқирози билан якун топди.

Ислом оламидаги таъсир доираси ошиб бориши билан бир қаторда Эрдўған Туркияни Европанинг алмаштириб бўлмас ҳамкорига айлантира олди — у Суриядан қочқинлар оқимининг Европа Иттифоқига йўл олишининг олдини олди, ЕИдан олинган миллардлаб евро эвазига миллионлаб сурияликларга Туркиядан бошпана берди. Ўтган йили Украина ва унга ҳужум қилган Россия ўртасидаги ғалла битимида асосий воситачи бўлди.

Туркия ҳамма билан савдо қилади. Россиядан ёнилғи сотиб олиб, Украинага дронлар сотади. Эрдўған ва Украина президенти Володимир Зеленский Лвив шаҳрида. 2022 йилнинг августи. Фото: Getty Images

Икки стулда ўтира олиш қобилияти гигант савдо ва инвестициялар дефицитига қарамасдан Эрдўғанга иқтисодиётни нисбатан барқарор ушлаш имконини беради — ўтган йили мамлакатга кириб келган валютадан кўра чиқиб кетгани 50 млрд долларга кўпроқ бўлган. Бундай шароитларда захира тўплаш имконсиз, агар 2018 йилдаги — АҚШ билан можародан кейин бўлгани каби кайфият ўзгармаса, инвесторлар қочиб кетади ва лира яна қулашда давом этади.

Бироқ, агар 20 йил муқаддам Туркия асосан Ғарб давлатларининг пуллари шарофати билан равнақ топган бўлса, энди Эрдўған фақат Ғарбнинг хайрихоҳлигидан умидвор эмас.

Бу йилги ҳал қилувчи сайловлар олдидан Яқин Шарқ давлатлари ва Россия капиталлари ёрдамга келди, бу эса навбатдаги девалвацияга йўл қўймасдан, инфляцияни бироз жиловлаш имконини берди. Биргина Владимир Путин билан Россия гази учун тўловларни кечиктириш бўйича тузилган битим келгуси йилгача юзлаб миллион долларлик харажатларни суриб туриш учун имкон яратди.

Энди нима бўлади?

Кейинги ўн йиллик қандай бўлади? У Эрдўған билан ўтадими ёки усиз?

Эрдўғаннинг дастлабки ўн йили Туркияни бой қилди, кейингиси эса — эркинликларни чеклаш, давлат институтларини заифлаштириш, иқтисодий муаммоларга қарамасдан нуфузли ўйинчига айлантирди. Фото: Getty Images

Эрдўғаннинг рақиблари агар у сайловда ютса ёки мағлубиятини тан олмаса, ҳокимият тепасида умрининг охиригача қолишга ҳаракат қилади, деб ҳисоблашмоқда.

Бунинг учун гайкаларни қотиришга тўғри келади: қатағон ва жанговарликни кучайтириш, исломга чуқурлашиш ва бозор иқтисодиётидан тобора узоқлашиш. Бундай сценарий Туркияга узоқ муддатга вақти вақти билан рўй берадиган инқирозларга йўғрилган турғунликни ваъда қилади.

Ҳаттоки Эрдўған ютқазган тақдирда ҳам, мухолифат у қурган вертикални бузиб, мамлакатни аввалги либерал моделга қайтара бошласа ҳам энди Туркия тоабад ўзгарганича қолаверади.

Эрдўған томонидан амалга оширилган Туркия Республикасини қайта қуришни ортга қайтариб бўлмайди, лекин унинг натижаси ҳозирча номаълум. У исломий демократия билан ҳам якун топиши мумкин. Ёки Туркияни султонликка ҳам айлантириши мумкин.

Мавзуга оид