Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия “соядаги флоти”га тегишли танкерлар мамлакат шимолий қирғоқлари яқинида нишонга олинганидан кейин Қора денгизда тижорий кемаларга қилинган ҳужумларни қабул қилиб бўлмас, деб атади.

«Биз бу ҳужумларни ҳеч қандай шароитда оқлай олмаймиз. Бундай ҳолатларга оид зарур огоҳлантиришларни тегишли барча томонларга етказмоқдамиз», — деди Эрдўған душанба куни, 1 декабрда журналистлар билан суҳбатда.

Туркия президентининг таъкидлашича, Россия ва Украина ўртасидаги уруш Қора денгиздаги кемалар ҳаракати хавфсизлигига очиқдан очиқ таҳдид қила бошлаган. «Жума куни бизнинг махсус иқтисодий ҳудудимизда кемаларни нишонга олиш воқеаси хавотирли эскалациядан дарак беради», — деди сиёсатчи.

Бундан олдин Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам нефт танкерларига қилинган ҳужумлар муносабати билан ташвиш билдирган эди. Анқара “уришнинг Қора денгизда кенгайиб кетишининг олдини олиш” ва “мамлакатнинг минтақадаги иқтисодий манфаатларига салбий таъсир кўрсатмаслик” мақсадида “манфаатдор томонлар билан алоқада” эканини маълум қилди, деди ТИВ вакили Онджю Кечели. Ҳужумлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган Украина унинг баёнотида тўғридан тўғри қораланмади.

Россиянинг “соядаги флоти”га мансуб Kairos ва Virat танкерлари 28 ноябр куни кечқурун Туркия соҳиллари яқинида ҳужумга учради. Украина ОАВ манбаларига кўра, улар Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ)нинг Sea Baby туридаги денгиз дронлари томонидан урилган. Ҳужум танкерлар юксиз ҳолда Новороссийск портига йўл олаётган вақтда амалга оширилган.

Иккала танкер ҳам расман Гамбия байроғи остида ҳаракатланади, бироқ Россия нефтини ташишда иштирок этгани учун ғарб мамлакатлари санкциялари остига киритилган.