Ўзбекистон | 22:49 / 20.05.2023
46983
8 дақиқада ўқилади

Ҳаж жараёнлари нега бунчалик ёпиқ, қачон адолатли тендер бўлади? Диний қўмитага саволлар

Бутун дунёда аллақачон тендер асосида сайёҳлик фирмаларига топшириб юборилган Ҳаж зиёратчиларга хизмат кўрсатиш “бизнеси”ни Дин ишлари бўйича қўмита хусусий секторга бергиси келмаяпти. Бундан ташқари, Ҳажга юборишни ваъда қилаётганлардан тинимсиз огоҳлантираётган масъуллар ҳамон Ўзбекистондаги зиёрат пакети нархларини ҳам ошкор қилмаган.

Бугун, 20 майга қадар Дин ишлари бўйича камида 2 маротаба Ҳаж сафарини ташкил этиш тартиби ҳақида хабарнома эълон қилди. Расмий ташкилотнинг иккала баёноти ҳам Ҳаж ибодатини ташкил этиш бўйича интернетда тарқалаётган реклама ва эълонлар асоссиз экани ҳақида.

Баёнотларда, Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли қарори асосида бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши эслатилган.

Шунингдек, расмийлар Саудия Арабистони қонунчилигида ҳам Ҳаж сафари дунё давлатларининг ваколатли ташкилотлари тузилган шартнома асосида амалга оширилишини билдирмоқда. Мазкур келишувлар асосида ташкил этилмаган зиёратга бориш Ҳажнинг муҳим рукнлари бўлмиш – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ибодат қилиш имкониятидан маҳрум қилиш мумкин.

Бундан ташқари, идора зиёратга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш қиролликдан депорт қилиш ва жарима жарима солишга сабаб бўлишини таъкидлаган.

Хўш, аслида вазият қандай? Дин ишлари бўйича қўмитанинг баёнотлари нимадан дарак?

Аслини олганда, қўмита қайта-қайта эслатаётган ҳукумат қарорида Умра зиёрати ҳам бу икки ташкилот зиммасида. 2022 йил март ойида Мусулмонлар идораси Умрага бўлган юқори талабни инобатга олиб, бу хизмат қисман сайёҳлик фирмаларига берилишини билдирган эди. Натижасини ўзингиз кўриб турибсиз, хусусий секторга ўтган хизмат кўрсатиш анча жонланди ва пулингизга қараб таклифлар ҳам жуда кўпайди. Асосийси, рақобат фақат ривожланишга сабаб бўляпти.

Ўтган йили, шунингдек, Мусулмонлар идораси ҳукуматнинг мазкур қарорига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишланаётганини айтган эди. Лекин, бу гап ҳам гаплигича қолиб кетди. Яъни қисқа қилиб айтилса, ҳукумат қарорида – Умрага ҳам, Ҳажга ҳам сайёҳлик фирмалари олиб бориши мумкин эмас. Лекин, масъуллар бу қарорни хоҳласа бир қисмига амал қилиб, Ҳажни сайёҳлик фирмаларига бермаяпти. Ва яна бир қисмига амал қилмасдан, Умрани сайёҳлик фирмаларига бериб юборган. Бу ерда қонун талаби эмас, масъулларнинг хоҳишлари ишлаяпти деб, ўйлаб қоласан.

Майли, ҳукумат қарорига амал қилиб, Ҳажни ўзлари ташкил қилишсин. Лекин, нима учун тинимсиз “фирибгарлар”дан огоҳлантираётган масъуллар ўзларининг Ҳаж зиёрати пакети нархлари ва имкониятларини шу кунга қадар очиқламай келяпти? Ахир зиёратлар бошланишига 1 ойдан сал кўпроқ вақт қолди холос. Саволлар эса кўп.

Биринчидан, Ўзбекистондан 24 минг кишига Ҳаж квотаси ажратилгани президент Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири иштирокидаги йиғилишда расман маълум қилинган эди. Лекин ҳозирга қадар диний қўмита ҳам, муфтият ҳам квоталарнинг ҳаммаси тўлганми, 24 минг кишининг навбати қандай шакллантирилгани ҳақида маълумот бермаяпти. Эсингизда бўлса, Антикоррупция агентлиги Ҳаж учун навбатларни онлайн шакллантириш ва кўриб туриш имконини берувчи платформа қилиниши ҳақида айтган эди. Бу масаланинг охири нима бўлди, билмаймиз. Ҳаж учун онлайн навбатларни шакллантириш талаби юқорида қайд этилган қарорнинг 7 бандида ҳам бор. Лекин қўмита бу талабни ҳам бажармаяпти.

Иккинчидан, масаланинг молиявий тарафи. Бугунга қадар Ҳаж зиёрати учун қанча тўлаш кераклиги расман эълон қилинмади. Бу – 20 мингдан ортиқ инсоннинг бориш-келиш чипталари, меҳмонхоналар ва бошқа харажатлари ҳали ҳам ҳисобланмаганини билдирадими ёки масъулларни нархларни айтгиси келмаётганиними?

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилари Ҳаж учун бу йил 60-67 миллион сўм атрофида пул тўлаётганини ёзмоқда. Агар шундай бўлса, масъуллар 6 минг доллар атрофидаги бу пуллар сметасини қачон очиқлайди? Ахир умумий сумма 130 миллион доллардан ошадику? (Тақрибан 65 000 000 x 24 000 : 11 500 = 135 652 173 доллар). Масалан, сиз 60 миллиондан ортиқ пулингизни қанчаси – авиабилет учун, қанчаси меҳмонхонага ва яна қанчаси бошқа харажатлар учун кетганини билишга ҳаққингиз бор.

Қўшниларимизни мисол келтирсак. Саудия Ҳаж ва Умра вазирлиги билан келишувга эришиб қайтган Қозоғистон муфтияти 4 минг ўринлик квоталарини тендер асосида, энг яхши таклиф берган 18 та маҳаллий сайёҳлик компанияларига бўлиб берган.

Қозоғистонликлар бу фирмалар таклиф қилаётган нархлардан ўзига мосини танлаши мумкин. Ва буларнинг ҳаммаси очиқ, жамоатчиликдан яширмасдан қилинмоқда.

6 минг кишилик квотага эга Қирғизистон ҳам нархларни эълон қилган – 3,9 минг доллар. Шунингдек, бу икки қўшниларимиз зиёратчиларни арзонроқ ташиш учун маҳаллий ва халқаро авиакомпаниялар ўртасида ҳам тендер эълон қилган. (1, 2.) Ҳақли савол туғилади: нега Ўзбекистонда авиакомпаниялар нарх борасида рақобатлашмаслиги керак?

Бу ерда яна 2 та муҳим нуқта бор. Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 75-моддасидадиний ташкилотлар давлатдан ажратилгани ҳамда давлат уларнинг фаолиятига аралашмаслиги” ёзиб қўйилган. Лекин давлат ташкилоти ҳисобланган Дин ишлари бўйича қўмита бу конституциявий нормани унутиб қўйган кўринади.

Иккинчидан, Ҳаж-Умра борасидаги танқидларга шаблон жавоб сифатида “бу муқаддас амал, уни тўғри бажаришни биз ўргатиб туришимиз керак”, дейдиган масъуллар атайдан саволларнинг моҳиятини бошқача талқин қиладигандек кўринади. Жамоатчилик зиёратларнинг ибодат қисми ҳақида бирор савол бермаяпти, гап – зиёратчиларни етказиш, жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш каби вазифаларни “иш эгалари” – тадбиркорларга топшириш кераклиги, нархлар сметасини очиқ-ойдин эълон қилиш ҳақида кетяпти. Бутун дунёда, ҳатто Саудия Арабистонининг ўзида ҳам зиёратчиларга хусусий ширкатлар хизмат кўрсатишини масъуллар биздан яхши билса керак.

Биз бу саволлар билан бир неча йиллардан бери соҳа мутасаддиларига мурожаат қилиб келамиз. Шаффофликда бошқаларга ўрнак бўлиши керак бўлган соҳа вакиллари эса саволларимизга яратилган эркинликларга “шукр қилиш керак” маъносидаги жавоблар билан чекланади. Ёки умуман жавоб ҳам бермайди.

Масалан, 2023 йил бошидан буён Мусулмонлар идораси матбуот хизматидан Ҳаж борасида бирор тайинли изоҳ ололмадик. Улар Дин ишлари бўйича қўмитага боғланиш кераклигини айтишди.

Асосий вазифаси – ОАВ билан ишлаш қолиб, турли тадбирларда юрган қўмита матбуот котиби Илҳом Маърупов эса йил бошидан буён унга юборган оғзаки, ёзма саволларимизга жавоб бермайди. Ҳаттоки саволлар юборган чатларни ўчириб ҳам юборади. Қўмитанинг расмий сайтида келтирилган рақамларни эса ҳеч ким олмайди ёки олувчилар саволларига жавоб беролмаслигини билдиришади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аллақачон диний соҳадаги масъулларимиз жамоатчилик учун очилиш ва ҳисобдорлик вақти келганини тушуниб етишлари керак.

Ҳаж ва Умра масаласида жамоатчиликка тушунтириш беришга ҳаракат қилиб кўрилган охирги матбуот анжуманига ҳам бир неча йил бўлиб кетди. Ўшанда кескин ва ҳақли саволларни жавобсиз қолдирган масъуллар бугунга қадар на матбуот анжумани қилди, на саволларга жавоб бермоқда.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери