Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти фаластинликларга нисбатан зулм қилинаётгани тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди. Унда айтилишича, Исроил сиёсий тизими бир этник гуруҳнинг иккинчиси устидан, ушбу ҳолатда «исроиллик яҳудийлар манфаатлари учун фаластинликларни эзиш ва улар устидан ҳукмронлик қилиш» асосига қурилган.
«Апартеид» термини кўпинча ХХ асрнинг иккинчи ярмида ЖАР ва Намибиядаги қора танли аҳолининг камситилишига нисбатан қўлланади. Ўшанда қитъанинг туб аҳоли вакиллари ҳукмрон оқ танлилардан алоҳида яшашга мажбурланган ва уларнинг ҳуқуқлари сезиларли даражада чекланган. Бу халқаро ҳуқуққа зид бўлиб, инсониятга қарши жиноят деб ҳисобланади.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоботига жавобан ундаги «барча асоссиз айбловларни қатъиян рад этиши»ни билдирди. Вазирлик вакили Amnesty International ташкилотини «Исроилга қарши бўлган таниқли ташкилотларнинг ёлғон, номуносиб ва асоссиз иддаолари»ни тарқатишда айблади.
«Ушбу ҳисобот Исроилнинг яҳудий халқининг миллий давлати кўринишида мавжуд бўлиш ҳуқуқини инкор қилади. Ҳисоботнинг экстремистик тили ва ундаги тарихий контекстнинг бузиб кўрсатилиши Исроилни ёвуз кўрсатишга қаратилган бўлиб, антисемитизм оловига мой сепади», - дейилади Исроил ТИВ баёнотида.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Халқаро жиноят судини «Исроилдаги инсониятга қарши жиноятлар ва апартеидни зудлик билан кўриб чиқиш»га чақирмоқда. Бундай сиёсат юритиш учта халқаро шартнома, жумладан БМТнинг 1973 йилда имзоланган апартеид жиноятларининг олдини олиш ва бундай жиноятлар учун жазолаш тўғрисидаги халқаро конвенциясида тақиқланган.
Конвенцияда апартеид термини «бир ирқий гуруҳдаги одамларнинг бошқа ирқий гуруҳдагилар устидан ҳукмронлик ўрнатиш мақсадида амалга оширилган ғайриинсоний ҳаракатлар» деб ифодаланган.
ЖАРдаги апартеид қандай кўринишда бўлган?

- ЖАРдаги апартеид сиёсати оқ танли мустамлакачилар авлодларининг 1948 йилдан 1991 йилгача ҳукмронлик қилган ЖАР миллий партияси томонидан жорий этилган.
- Партия сиёсати оқ танлиларнинг устунлиги тамойилини институционал шаклда мустаҳкамлаб қўйган.
- Қора танли одамларга сайловларда овоз бериш тақиқланган.
- Апартеид сиёсати натижасида қора танлилар маиший жиҳатдан ҳар томонлама ажратиб қўйилган.










