Яшнобод тумани, Янги давр маҳалласининг Фарғона йўли 3-тор кўчасида катта омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди жойлашган. Бу ерга Жарқўрғон кўчасидан юк машиналари кириб бориши мумкин бўлган бир нечта йўл мавжуд. Бироқ улар негадир ишлаб чиқариш субъектлари томонидан ўз ҳудуди сифатида ўраб олинган. Шу туфайли ҳайдовчилар омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудудига кириб-чиқишда гарчи юк машиналари ҳаракати тақиқланган бўлса-да, Фарғона йўли 3-тор кўчасидан ҳаракатланиб келишган.

Кичик ва тор кўчадан юк машиналарининг ўтиб-қайтаверишидан безор бўлган ҳудуд аҳолиси тегишли жойларга мурожаат қилган. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ мурожаатга жавобан ҳудуд назоратга олинишини билдирган. Бироқ натижа бўлмаган: юк машиналари кириб-чиқиши давом этган.

Мурожаатлардан иш чиқишига кўзи етмаган аҳоли охир-оқибат қўлбола усулда сунъий арка ясаб, кўчага ўрнатиб қўйишган. Фуқароларнинг бу иши эса ўз-ўзидан омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди раҳбарига ёқмаган ҳамда у ҳам тегишли органларга мурожаат қилган. Қизиғи, аҳолининг мурожаати “копток” қилинган ва ижроси таъминланмаган бир вазиятда тадбиркорнинг мурожаати яшин тезлигида ҳал қилишга киришилган.

Масалан, омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди раҳбарининг Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига йўллаган мурожаати Яшнобод туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан ўрганиб чиқилади. Ўрганиш натижаси юзасидан Янги давр маҳалласи раисига аниқланган камчиликни 5 кунда бартараф қилиш бўйича тақдимнома киритилган.

Масаланинг мантиқий қисми бироз “келишмаган” нуқтаси шуки, кўчадаги сунъий тўсиқни олиб ташлаш юзасидан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига айнан юк машиналари кириб-чиқадиган омборхона ва ишлаб чиқариш ҳудуди раҳбари мурожаат қилган. Кўча бошида эса кўчага юк машиналари кириши тақиқлангани ҳақидаги йўл белгиси турибди.