Олдин ҳам аёллар билан “кўча жанги” қилиб эътиборга тушган ҳокимлик қурилиш бўлимининг бош мутахассиси уйни адашиб буздириб қўйганини тан олган. У уй эгасига зарар маҳаллий бюджетдан (!) қоплаб берилишини айтган. Аммо масала қарийб 1 йилдан буён ечилмаган. Ҳолат юзасидан 6 ой олдин қўзғатилган жиноят ишининг тақдири эса номаълумлигича қолмоқда.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида фуқаронинг қонуний ҳужжатларга эга уйи ҳокимлик вакили томонидан буздириб ташланди. Kun.uz’га мурожаат қилган уй эгаси қарийб 1 йилдан буён зарар қоплаб берилмаётганлигини маълум қилди.

Фуқаро Эркин Усмонов 2023 йил ноябр ойида Яшнобод туманининг Жарбоши маҳалласида жойлашган тураржойни нотариал тартибда сотиб олган. Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган. Қолаверса, ер участкаси хусусийлаштирилган ва бунга оида давлат ордерига ҳам эга.

Турар жойда ҳали ҳеч ким яшамасди. Шароитдан келиб чиқиб, секин-аста қуриб олаётгандим. Бир хонаси тўлиқ битганди. Ёнидан қўшимча хоналар қуриб бораётгандим. Участка атрофи ўраб олиниб, дарвоза қўйилганди.

2024 йил апрел ойида Яшнобод тумани ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Маҳмуд Раҳимжонов бошчилигида маҳалламизда ноқонуний қурилмаларни бузиш ишлари олиб борилган. Жараёнда менинг уйимни бузиб ташлашган”, дейди Эркин Усмонов.

Шундан сўнг уй эгаси ҳокимлик вакили Маҳмуд Раҳимжоновни топиб, уйи нега бузиб ташланганини сўраган. Уй ҳужжатларини текшириб кўрган Раҳимжонов эса уни адашиб бузиб ташлашганини тан олган ҳамда зарар қоплаб берилишини айтган