Жаҳон | 14:36 / 30.05.2023
4087
2 дақиқада ўқилади

Дания 10 йил ичида мудофаага 19 миллиард евро сармоя киритади

Дания ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 2 фоизига етказиш ва НАТО талабларини қондириш учун мудофаага сармояни оширмоқда.

Фото: Flickr

Дания ҳукумати НАТО харажатлари режасини бажариш мажбуриятига мувофиқ келаси 10 йил давомида мудофаа соҳасига 143 миллиард Дания кронаси (19,2 миллиард евро) сармоя киритишни таклиф қилди, деб хабар берди Reuters агентлиги 30 май, сешанба куни.

Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Троелс Лунд Поульсен матбуот анжуманида: «Биз НАТО ва унинг иттифоқчилари Данияга қўяётган талаб ва умидларга кўпроқ мос бўлишимиз керак. Бу ўз масъулиятимизни бажариш учун қуролли кучларимизга кўпроқ сармоя киритишни талаб қилади» деди. 

Даниянинг 2033 йилдаги мудофаа харажатлари 2024 йилги мудофаа бюджетига киритилган 6,9 миллиард крона (0,93 миллиард евро)га нисбатан 19,2 миллиард крона (2,58 миллиард евро)га етиши керак. Ҳукуматнинг таъкидлашича, таклиф мудофаа харажатлари умумий асосини белгилайди, унинг доирасида ҳақиқий ҳарбий харидлар бўйича қарорлар доимий равишда келишиб олинади. 

Май ойи ўрталарида Дания ҳукумати мамлакат ташқи сиёсати ва хавфсизлик сиёсатининг янги стратегиясини тақдим этди, унда мудофаа харажатларини 2030 йилга бориб ЯИМ 2 фоизигача босқичма-босқич ошириш кўзда тутилган. Айни пайтда мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 1,4 фоизидан камни ташкил қилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид